Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:34

Афғонистон ва Ҳиндистон стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади


Афғонистон Президенти Ҳ. Карзай ва Ҳиндистон Бош вазири М. Сингҳ, Деҳли, 2011 йил 4 октябр.
Афғонистон Президенти Ҳ. Карзай ва Ҳиндистон Бош вазири М. Сингҳ, Деҳли, 2011 йил 4 октябр.

Ҳамид Карзай ва Манмоҳан Сингҳ ўртасида бўлиб ўтган музокарадан сўнг иқтисодий ва хавфсизлик масалаларини ўз ичига олган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.


Стратегик ҳамкорли тўғрисидаги шартномани имзолаш маросимидан кейин сўзлаган Манмоҳан Сингҳ ўз мамлакати Афғонистонни қайта тиклашда қўлдан келганича ёрдам беришини таъкидлади.

- Афғонистон халқининг мамлакатни қайта тиклаш, тинчлик ва тараққиётга эришиш уринишларида Ҳиндистон елкама-елка туради. Бу йўлда Афғонистонга ёрдам бериш учун биз бор имкониятни ишга соламиз,- деди Сингҳ.

Деҳлига ташрифи чоғида Афғонистон президентининг Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С. М. Кришна ва ички ишлар вазири Паланаппан Чидамбарам билан ҳам учрашиши режаланган.

Таҳлилчилар Афғонистон ва Ҳиндистон ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзолангани қўшни Покистонни хавотирга солиши мумкин деган фикрда.

Боиси бу ташриф Афғонистон ва Покистон муносабатлари таранглашган бир пайтда амалга ошмоқда.

Афғонистон ва АҚШнинг Покистон билан муносабатлари таранглашишига Кобул ҳукумати номидан толиблар билан музокара олиб борган Бурҳониддин Раббонийга уюштирилган суиқасд ва бошқа ҳужумларни амалга оширган жанггариларни Покистон разведка хизмати қўллаб-қувватлагини ҳақидаги иддаолар сабаб бўлди.

Афғонистон президенти матбуот котиби ўринбосари Ҳамид Элми Озодлик мухбири билан суҳбатда Карзайнинг Деҳлига сафари Покистон билан муносабатлар таранглашгани билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

- Бу сафар анча олдин режаланган. Бу ташриф Покистон-Афғонистон ёки Покистон-АҚШ муносабатлари таранглашганидан кейин амалга ошаётгани йўқ. Бу олдиндан режалаштирилган сафар. Биз дўстларимиз билан янги режалар ҳамда Афғонистон ва минтақада тинчлик ўрнатиш борасида музокаралар олиб боришни хоҳлашимиз тўғри гап, - деди Ҳамид Элми.

Покистон ўзининг ашаддий рақиби деб ҳисоблайдиган Ҳиндистон ҳам Афғонистон билан чегарадош.

Бу Афғонистон раҳбарининг жорий йилда Ҳиндистонга иккинчи ташрифидир.

Исломобод расмийлари Афғонистонда Ҳиндистоннинг таъсири ортиб бораётганидан хавотирда.

Ҳиндистон ҳам Покистоннинг разведка хизматларини Ҳиндистонда ҳужумлар амалга оширган жанггариларга алоқадор эканликда айблаган.

Покистон расмийлари бу айбловларни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG