Линклар

logo-print
Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод НАТОнинг Европани эҳтимолий ракета ҳужумидан мудофаа қилиш тизимининг бир қисмини ўз ҳудудига жойлаштиришга розилик бергани учун Туркияни танқид қилди.

Сешанба кунги телечиқишида Аҳмадийнажод жануб-шарқий Туркия ҳудудига ўрнатиладиган радар тизими аслида Европа эмас¸ Исроилни Эрон ракета ҳужумидан ҳимоя қилишга хизмат қилишга қаратилганини таъкидлади.

Эрон президенти бу борадаги Теҳрон норозилиги расмий тарзда Анқарага билдирилганини қўшимча қилди.

Эрон Ислом жумҳурияти Исроилни давлат сифатида тан олишни истамай келмоқда ва уни дунëдаги асосий душманларидан бири деб билади.

Анқара ва Вашингтон расмийлари Туркияга ўрнатиладиган радар тизими Европани Эрон каби давлатлардан бўладиган эҳтимолий баллистик ракета ҳужумидан ҳимоя қилажагини таъкидламоқдалар.

АҚШ ҳукумати радар тизимининг йил охирига қадар НАТО аъзоси бўлмиш Туркия ҳудудида ўрнатилишига умид қилмоқда.

Дастлабки режага кўра¸ Чехия ҳудудида ўрнатилиши лозим бўлган мазкур тизим¸ Россиянинг кескин қаршилигидан сўнг¸ Туркияда ўрнатиладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG