Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

ЕИ депутатлари ўзбек пахтасини имтиëздан маҳрум қилди


Болалар меҳнати эвазига терилаëтган ўзбек пахтасини Европада сотиш учун берилган имтиëз бекор қилинди.


Европа Парламенти қошидаги Ташқи ишлар қўмитаси аъзолари 4 октябр куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида 1999 йили имзоланган Шерикчилик ва Ҳамкорлик келишувига тўқимачилик соҳасидаги имтиëзларнинг қўшилишига қарши якдиллик билан овоз бердилар.

Мазкур келишувдан илк бор олиб ташланаëтган тўқимачилик соҳасидаги имтиëзлар¸ ўзбек пахтасини Европа Иттифоқи ҳудудларига экспорт қилиш тарифларини камайтиришни кўзда тутади. Иттифоқ ҳудуди эса¸ ўзбек пахтасининг тўлиқ тўртдан бир қисми сотилаëтган каттагина бозордир.

Ўзбек пахтаси савдоси учун берилган имтиëзларга қарши чиққан ЕИ депутатлари¸ бу масала қайта муҳокамага қўйилиши учун халқаро ташкилотларнинг бевосита Ўзбекистонга бориб¸ пахта теримида болалар хизматидан фойдаланилмаëтганини тасдиқлаб беришини шарт қилиб қўйдилар.

"Ўзбекистон пахтаси экспорти учун берилган имтиëзларни келишувга қайта қўшиш масаласи фақат халқаро кузатувчилар¸ жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти вакилларига пахта мавсумини бевосита¸ ҳеч қандай тўсиқларсиз кузатиш имкони берилганидан сўнггина Парламентда овозга қўйилади"¸ дейилади сешанба куни Европа Парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси қабул қилган ҳужжатда.

Мазкур ҳужжат муаллифи¸ Европарламентнинг франциялик депутати Никол Киил-Ниелсен Озодлик билан суҳбатда ўз ташаббусининг кенг қўллаб-қувватланганидан бахтиëрлигини билдирди.

- Европа Иттифоқи бундай амалиëтни қабул қилмаслиги лозим ва масала ҳеч қандай мавҳумликсиз¸ ҳаммага очиқ-ойдин бўлди. Мен бундан хурсандман¸ деди франциялик депутат.

Европа Парламенти депутатлари қабул қилган ҳужжатда шунингдек¸ БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда ҳам миллий¸ ҳам маҳаллий кўламда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг тугатилганини кўрсатувчи аниқ ислоҳотларнинг амалга оширилгани ва жиддий натижаларга эришганини тасдиқламагунга қадар¸ Иттифоқ ҳудудида ўзбек пахтаси савдоси учун берилган имтиëзлар масаласи очиқ қолажаги айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиб келаëтганини халқаро минбарлардан туриб рад этишига қарамай¸ Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини пахта мавсумида мамлакатга бориб¸ вазиятни бевосита ўрганишига рухсат бермай келаëтир.

БМТ Инсон ҳақлари қўмитасида айни масала юзасидан ҳисоб берган Тошкент мулозимлари¸ болаларни пахтага ҳукумат эмас¸ балки пулга ўч ота-оналар ва фермерларнинг ўзи чиқараëтганини даъво қилган эди.

Аммо Европа Парламенти депутати Киил-Ниелсен халқаро жамоатчилик бундай ëлғонга алданмаслигини таъкидлайди:

- Болалар кичик оилавий хўжаликлар даласида ишлатилаëтгани йўқ. Бу давлат миқëсида ташкиллаштирилаëтган¸ мажбурланаëтган меҳнатдир. Болалар пахта далаларига ташилмоқда¸ эртадан кечга қадар далага ташланмоқда ва далалар бўйида одамни қўрқитадиган шароитларда яшамоқда¸ дейди Европарламент депутатлари бир овоздан қўллаган ҳужжат муаллифи.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра¸ ҳар йил кузда 9 ëшдан 15 ëшгача бўлган 2 миллионга яқин бола мактаб ўрнига пахта даласига ҳайдалмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматини пахта мавсумида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтидан воз кечтиришга қаратилган халқаро босим йилдан-йилга кучаймоқда ва 2011 йил сентябрига келиб ўзбек пахтасини бойкот қилган Ғарбдаги йирик кийим-кечак ва улгуржи савдо ширкатлари сони 60 дан ошди.

Ўзбек пахтасининг Осиëдаги асосий харидорлари бундай бойкотга қўшилмаëтгани боис¸ Тошкент расмийлари бойкотдан ўз пахтаси савдосига зиëн етмаëтганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон давлат бюджетининг каттагина қисмини тўлдирадиган пахта савдосидан Тошкентнинг йилига камида бир миллиард доллар даромад кўриши тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG