Линклар

Ҳукумат хорижда ўлган фуқароларни олиб келиш ҳақида қарор қабул қилди

  • Садриддин Ашур

Хорижда ҳалок бўлган ўзбекистонликнинг жасадини ватанига қайтариб олиб келиш осон иш эмас.

Хорижда ҳалок бўлган ўзбекистонликнинг жасадини ватанига қайтариб олиб келиш осон иш эмас.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси биргаликда имзолаган бу қарорда хорижда вафот этган ўзбекистонликларни мамлакатга олиб келиш ва дафн қилишни ташкил этиш тартиблари баён қилинган. Бироқ россиядаги ўзбек жамоалари раҳбарлари бу қарор вазиятни умуман ўзгартира олмаслигидан гапирмоқда.


Ҳужжатларни расмийлаштиришда консуллик ёрдам беради


Қарорда айтилишича, хорижда ўлган Ўзбекистон фуқароси, фуқаролиги йўқ шахснинг жасади (қолдиқлари) ёки кулини Ўзбекистон ҳудудига олиб келишни ҳукумат кафолатлайди.

Жумладан, ҳукумат хорижда ўлган ўзбекистонликни ватанига жўнатиш ва унинг дафн маросимларини ўтказишни бўйнига олган шахсга ёрдам кўрсатади.

Ҳужжатда бу ёрдам ўлганлик ҳақида гувоҳнома олиш, жасадни олиб кетишга рухсат олиш, йўл ҳужжатларини ҳозирлаш, давлат чегараларини кесиб ўтишга рухсат олиш кўринишида бўлиши айтилган.

Бироқ, жасад транспортировкаси марҳумнинг қариндошлари ва яқинлари ёки диаспораларнинг кўнгилли ёрдамлари ҳисобидан амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон фуқароси хизмат сафари пайтида хорижда вафот этса, унинг жасади транспортировкаси ҳаражатларини уни ишга юборган ташкилот тўлайди.

Айрим ҳолатларда эса консуллик ташкилоти раҳбари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясига мурожаат қилиб, жасадни бепул ёки имтиёзли нархда олиб кетиш тўғрисида илтимос қилиши мумкин.


Харажатлар марҳум яқинлари зиммасида қолади


Расмий маълумотларга кўра, биргина Россиянинг ўзида рўйхатга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони икки ярим миллиондан уч миллионгачани ташкил қилади. Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида тирикчилик қилаётган ўзбекистонликлар сони беш миллиондан саккиз миллионгача бўлиши мумкин.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари шу пайтгача Ўзбекистон консулликлари зиммасига бундай вазифа расман юклатилмаганини эътироф этар экан, бундан сўнг ҳеч бўлмаганда марҳумларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда консулликларнинг ёрдами тегишига умид қилмоқда.

Бироқ, Россиянинг Волгоград вилоятидаги ўзбек диаспораси президенти, профессор Холмаҳмад Комилов мазкур қарор расмийларнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабатини ўзгартира олишига ишонмайди. Россиядаги Ўзбекистон консулликлари эшиклари оддий мардикор учун аввал ҳам ёпиқ бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади:

- Генералний консуллар билан посоллар умуман южний федералний округга эътибор беришмайди. 5 миллионта ўзбек бор Россияда. 5 миллионта ўзбекнинг бирортасига бир консул бир йилда бир марта келмайди. Консулликка мажбур бўласиз боришга, масалан қандайдир ҳужжат керак бўлади. Боргандан кейин консул ëки генералний консул умуман эътиборсиз ўзбек фуқаросига.

Аламдан айтаяпман буни мен. Ахир ўзбек фуқароси бўлгандан кейин 5 миллион фуқаро бўлгандан кейин қараш керак. Шароитини қараш керак. Консул нафақат у кабинетдан бу кабинетга ўтиб юриши керак, балки федералний округларга чиқиб туриши керак ахир. Бир йилда 4-5 марта чиқиб аҳволни билиш керак. Умуман беэътиборлик қисқаси,- дейди Волгоград вилоятидаги ўзбек диаспораси президенти, профессор Холмаҳмад Комилов.

Унинг айтишича, Волгоград вилоятида 40 минг ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор ва ўтган йилда 70 дан ортиқ жасад жўнатилди ва бунда консулликлар ҳеч бир ёрдам кўрсатмаган.


“Шунисига ҳам шукр”


Россиянинг Челябинск шаҳридаги “Бобур” номидаги ўзбек диаспораси раҳбари Маъмуржон Қодиров ҳам вилоят бўйича ҳар ҳафта 2-3 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари турли сабаблар билан вафот этишини айтади. Унга кўра, шу пайтгача марҳумнинг ўлганлиги ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириш ва жўнатиш фақат хайрия маблағлари ҳисобига амалга оширилган:

- Бизда шунақа нохуш хабарлар бўлиб туради. “Пул тўплашимиз керак йигитлар” деб кўнгилдан чиқариб кимдир 100 сўм, кимдир 500 сўм, кимдир 1000 сўм пул беради, шароитига қараб, аҳволига қараб туриб. Лекин, давлат томонидан ëрдам кўрсатилганини билмайман. Қанийди шу томонлардан ëрдам берса бизга,- дейди Маъмуржон Қодиров.

Диаспора раҳбарига кўра, бир маййитни жўнатиш учун ўртача 2 - 2,5 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарф бўлади.

Москва шаҳрида меҳнат қилаётган сурхондарёлик Шуҳрат Каримов яқинда қурилишда йиқилиб ҳалок бўлган ҳамқишлоғининг Ўзбекистонга олиб кетилишига 75 минг рубл (3минг АҚШ доллари) сарф бўлганини айтар экан, барча харажатларни марҳумнинг отаси қоплаганини айтади:

- Бизда воқеа бўлганини биламан. Шахсан ўзимизнинг қишлоқдош ўлиб қолди. Отаси келиб, барча харажатларини тўғрилаб қарз-ҳавола қилиб, бу ерда моргларгача пул тўлаб кетганда. Бошқа ëрдам кўрсатилганини билмайман. Консулга мурожаат қилса, фалон куни кел, пистон куни кел,дебди. Зудлик билан ҳеч жойда ëрдам қилинмайди. Ундан-бундан пул йиғилади ëки ими-жимида иш битирилади, олиб кетилади. Ўзбекистонга олиб бориб дафн қилганига Худога шукур қилади. Бўлди холос,- дейди сурхондарёлик меҳнат муҳожири Шуҳрат Каримов.

“Бу қуруқ қарор”


Волгограддаги ўзбеклар жамоаси раҳбари, профессор Холмаҳмад Комилов миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга йилига миллиардлаб доллар миқдоридаги пулни жўнатиб, мамлакат иқтисоди ҳамда ижтимоий тинчликни сақлашга катта ҳисса қўшаётганини қайд этар экан, улар нохуш аҳволга тушиб қолганда ёрдам кўрсатиш расмийлар учун "ҳам қарз, ҳам фарз" бўлиши лозим дейди.

- Россия телевидениесида гастарбайтерлар ҳақида бир кўрсатув бўлди. Унда айтилишича ўзбекистонликлар 1,5-2 миллиард доллар пул ишлаб кетар экан. Бу ахир мамлакат экономикаси учун катта пулку. Тожикистонликлар эса молодец. Консулликлари ҳар томонлама уларга ёрдам беради,- дейди Волгоград вилоятидаги ўзбек диаспораси президенти, профессор Холмаҳмад Комилов.

Тожикистон ҳукумати Россияда вафот этганларни ватанига олиб келиш ҳақида махсус дастур қабул қилган. Бу дастурга кўра, ҳукумат бюджетидан ҳар йили ҳалок бўлган меҳнат муҳожирларини олиб келиш учун пул ажратилади.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2009 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 2 миллиард 835 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатган. 2010 йилда эса Россиядан Ўзбекистонга 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилгани айтилади.

Норасмий манбаларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳар йили Ўзбекистонга 8-10 миллиард миқдорида пул киритадилар.

Хорижда, асосан Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида кўнгилсиз воқеалар тез-тез юз беради. Масалан ўтган ҳафта Санкт-Петербургда маҳаллий тадбиркор икки нафар ўзбекистонликни отиб ташлади. Ундан аввал Бурятияда маҳаллий фабрикада чиққан ёнғин оқибатида, бир неча ўзбекистонлик ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Хорижда вафот этган ўзбекистонликнинг майитини ватанига олиб келишда унинг яқинлари одатда катта қийинчиликларга дуч келади. Масалан, қўшни Тожикистон ёки Қирғизистонда фуқаро жасадани олиб келишда бу мамлакатлар элчихоналари яқиндан ёрдам беради.

Янги қарор ўзбекистонликлар билдан боғлиқ вазиятни қанчалик ўзгартириши ҳозирча савол остида қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG