Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:07

СОВА: Россияда миллатчилар ҳокимиятга интилмоқда


Россиядаги миллатчи ҳаракатлар бугунги ҳукумат сиёсати маҳсули ҳисобланади.
Россиядаги миллатчи ҳаракатлар бугунги ҳукумат сиёсати маҳсули ҳисобланади.

2011 йил бошидан буён ирқий ва миллий адоват асосида содир этилган зўравонликлар оқибатида 16 киши ўлдирилди ва 90 киши жароҳатланди. СОВА ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ҳисоботида тақирбош ва миллатчи тўдалар ҳужумига асосан Марказий Осиё, ҳусусан Ўзбекистон фуқаролари учрагани айтилади. Ташкилот мутахассислари миллатчилар Россияда ҳокимиятга интилаётганидан огоҳлантирмоқда.


Сова ахборот-таҳлил маркази 2011 йилнинг сентябр ойига қадар Россияда радикал миллатчилик ва агрессив ксенофобия масалаларига оид тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Марказ ҳисоботида ёзилишича, жорий йилнинг саккиз ойи давомида “миллатчи ва ирқчилар қўлидан 16 киши нобуд бўлган, 90 киши жароҳатланган, 7 киши ҳаётига таҳдид бўлган”.

Славян бўлмаганларга нисбатан ҳужумлар Россиянинг 25 минтақасида кузатилган. Ҳисоботда айтилишича, миллий адоват асосидаги жиноятлар аксар ҳолларда Москва шаҳри (7 киши ўлдирилган, 19 яраланган), Москва вилояти (4 киши ўлдирилган, 7 яраланган) ва Санкт-Петербург шаҳрида (3 киши ўлдирилган, 22 жароҳатланган) содир этилмоқда.

Шунга қарамасдан, Россияда ўтган йилларга нисбатан ксенофобия ва миллатчилик жиноятлари сони кескин камайгани кузатилди, дейди ҳисоботни тақдим этган Сова ахборот-таҳлил маркази эксперти Вера Альперович Озодлик билан суҳбатда.

- Шунчаки, жорий йилда бир катор сабабларга кўра бу кўрсаткичларнинг кескин камайиши кузатилди. Биринчидан, ҳақиқатан Россияда қатор йирик неонацист ва миллатчи ташкилотлар йўқ қилилинди. Улар “келгинди”, яъни славян бўлмаганларни ўлдиришни ўзларига касб қилиб олган эди. Лекин бу билан миллатчилар йўқ бўлиб кетди, деган хулосани чиқариш ҳозирча эрта. Улар шунчаки ўз тактикасини ўзгартириб, ҳокимият учун курашга отланди,- дейди Вера Альперович.

Россияда "номи чиққан" “Русские” ташкилотининг раҳбари Александр Белов Озодликка Россия миллатчилик ҳаракати ҳақиқатан ўз мафкурасини ўзгартиргани, оддий кўча безорилигидан Россияда оммавий миграцияни қонунийлаштираётган ҳукуматга босим ўтказиш ҳамда ҳокимият учун кураш бошлаганини маълум қилган эди.

Меҳнат муҳожирлари тақирбошлар учун ўлжа бўлиб қолмоқда


“Умуман олганда мана бир неча йилдирки Россияда барча миллатчилар ҳаракатларида сиёсийлашиш кўзга ташланмоқда”, дея давом этади таҳлилчи Вера Альперович.

- Ҳақиқатан, оддий ултра-ўнгчилар (радикал миллатчилар) мафкурасида ўзгаришлар рўй бердики, эндиликда улар “четдан келаётганлар” муаммоси сабабларини Россияда олиб борилаётган миграция сиёсатида, деб билмоқда. Улар содда бўлса-да ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий талабларни илгари сурмоқда. Шу жумладан, миграция сиёсатини кескин ўзгартириш талаби. Россияда олиб борилаётган миграция сиёсати кўпчиликда ноқонуний ва ҳуқуқсиз мигрантлар сонини кўпайтиришга қаратилган, деган фикрни туғдирмоқда. Бу давлатда меҳнат муҳожирларига нисбатан адолатли қонунчилик йўлга қўйилмас экан, улар турли тақирбош ва миллатчи гуруҳлари учун осон ўлжа бўлиб қолаверади,- дея изоҳ берди СОВА эксперти Вера Альперович.

Таҳлил маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ирқчи-миллатчи тўдалар ҳужумига асосан Марказий Осиё, ҳусусан Ўзбекистон фуқаролари учрамоқда: жами жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида 9 нафар марказий-осиёлик ўлдирилган, 19 киши жароҳатланган.

2010 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида миллий адоват асосидаги зўравонликлар натижасида 434 киши жабр кўрган. Шу тариқа, ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда осиёлик ва кавказликларга қилинган ҳужумлар сони кескин камайганини таъкидлашмоқда.

Сайловлардан олдин миллатчилар фаоллашди


Аммо шу билан биргаликда, Россияда парламент ва президент сайловлари олдидан рус миллатчи ташкилотларининг фаоллашгани ҳам кузатилмоқда. 3 октябр куни Москва мэриясига рус миллатчилари томонидан оммавий “Рус маршини” ўтказиш учун ариза топширилган.

Ўтган йилги каби, бу юриш 4 ноябрга, яъни Россияда байрам сифатида нишонланадиган Халқ Бирлиги Кунида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда журналистларга гапирган “Русские” ҳаракати етакчиларидан бири Владимир Ермолаевга кўра, бу юриш орқали улар ўз ғояларини жамоатчиликка билдириш мақсадини қўйган.

- Бу юриш орқали бизни хавотирга солаётган иммиграцияни қисқартириш, сўз, фикр эркинлиги, демократик ҳуқуқларнинг чекланиши масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчимиз,- дейди “Русские” ҳаракати етакчиси.

“Рус марши” ташкилотчилари тадбирга ҳокимиятда бўлган айрим партияларни ҳам жалб қилиш ниятини билдирмоқда. Александр Белов Интерфаксга берган интервьюсида бундай таклиф ЛДПР етакчиси Владимир Жириновскийга ҳам юборилганини айтди.

Миллатчилар 4 ноябр куни “Рус Маршига” 15 мингдан зиёд одам чиқишини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG