Линклар

logo-print

Равшан Тўлаганов: аэропортимизда порахўрлик иллатига қарши аёвсиз курашамиз

  • Ҳурмат Бобожон

Тошкент аэропорти.

Тошкент аэропорти.

Тошкент аэропортининг халқаро юкларни олиб ўтиш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаганов "Озодлик" билан суҳбатда терминалларда порахўрлик, ва товламачилик ҳолатларини тасдиқлади ва бунга қарши қатъий кураш бошлаганини билдирди. “Нима ҳам дердим. Ҳа, шундай холатлар бўлган. Судда бундай фактлар тасдиғини топди. Бу иш билан шуғулланган ҳодимлар қилмишига иқрор бўлди”, дейди Тўлаганов. Жаноб Тўлагановга кўра, ҳозир аэропорт раҳбарияти Тошкент терминалларида узоқ йил давомида анъана тусини олаёзган порахўрлик ва товламачилик иллатларига қарши жиддий кураш бошлаган.


Тошкент халқаро аэропортидаги алоҳида олинган шахслар ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб, товламачилик, фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштириш билан шуғулланмоқдалар.

Ўзбекистоннинг расмий УзА ахборот агентлиги хабарига кўра, 2010 йил давомида ҳуқуқ идоралари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган оператив чоралар натижасида¸ йўловчилардан нормадан ошган юкни ўтказиш эвазига пора талаб қилган бир неча ходим ушланган ва уларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланган.

Жумладан, 2010 йилнинг, декабр ойида Тошкент халқаро аэропортининг йўловчиларга ҳизмат кўрсатувчи ходамларидан бири нормадан ошган юкни ўтказиш эвазига пассажирдан 250 доллар олаётган пайт қўлга олинган.

Жорий йилнинг феврал ойида эса Тошкент аэропортининг халқаро юкларни ташиш ҳизматининг айрим ҳодимлари ўзаро тил бириктириб, йўловчилардан биридан 12 кг ошиғич юк учун 20 доллар олгани аниқланган. Яъни аэропорт кассасига тушиши керак бўлган пулни ҳодимлар ҳизмат лавозимини суистеъмол қилган холда ўз фойдаларига ўзлаштирмоқчи бўлишган.

-Улар аэропортга иқтисодий зарар еткаизибгина қолмай, юк ҳужжатларини соҳталаштириб, юк учқичлар парвозини ҳам хавф остига қўйишган, - деб ёзди бу холатлар ҳақида хабар қилган ЎзА ахборот агентлиги.

Хабарда таъкидланилишича¸ Тошкент аэропортида пора эвазига йўловчиларнинг ортиқча юкини сохта расмийлаштириш билан шуғулланган алоҳида ходимларнинг айримлари қилмишига пушаймон бўлиб¸ ишини давом эттирмоқда¸ айримлари эса¸ хизматдан четлатилган.

Тошкент аэропортининг халқаро юкларни олиб ўтиш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаганов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда аэропортда порахўрлик, товламачилик холатлари бўлганини тасдиқлади.

- Нима ҳам дердим. Ҳа шундай холатлар бўлган. Судда бундай фактлар тасдиғини топди. Бу иш билан шуғулланган ҳодимлар қилмишига иқрор бўлди, - деди Тўлаганов.

Жаноб Равшан Тўлагановга кўра, ҳозир аэропорт раҳбарияти Тошкент терминалларида узоқ йил давомида анъана тусини олаёзган порахўрлик ва товламачилик иллатларига қарши жиддий кураш бошлаган.

- Катта муаммо бу ерда персонал, яъни ҳодимлар. Аэропортда ишловчи ҳодимлар, биринчи навбатда юқори малакали, замон талабига жавоб берадиган савияда бўлиши керак ва уларни бунга тайёрлаш лозим. Уларни йўловчилар билан маданиятли муомилада бўлишга ўргатиш керак, - дейди Равшан Тўлаганов.

Аэропорт ҳодимлари йўловчилар ҳамёнига кўз олайтирмасин деб, улар ойлиги оширилган. Шунингдек, аэропорт ҳодимлари қайтадан аттестациядан ўтказилган.

- Шуни айтишим керак бугунги кунга келиб Тошкент аэропорти ҳодимлари ойлигини икки баравар оширдик. Яна бир масала юқорида айтганимдек ҳодимларни савияси. Уларни савияси қандайлигини эса рақамлар буни кўрсатиб турибди. Аэропорт ҳодимларининг 30-40 фоизи аттестациядан ўта олмади. Халқаро юк олиб ўтиш ҳизматининг кўпгина агентлари, миграция назорати бўлимининг кўпгина ҳодимлари, кассирлар имтиҳондан ўта олмади. Яъни улар эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмаслигини аниқладик, - дейди Равшан Тўлаганов.

Тошкент аэропортида йўловчилар учоқ бортига 20 килограмдан ортиқ юкни ўткиза олмайдилар. Ортиқча юк учун тарифлар белгиланган.
“Ҳар бир йўловчига 20 килограм багаж мумкин. Ҳар ортиқча килограм учун эса билет нархининг бир фоизи миқдорида пул тўлайди”, - дейди Тошкент халқаро аэропорти ҳодими.

Жанубий Кореядаги заводлардан бирида ишлайдиган самарқандлик Абдулла ака Тошкентдан Сеулга учаётган пайт айрим йўловчилар нормадан ошган юкни пора эвазига олиб ўтаётгани билан боғлиқ холатларни кўп учратганини айтади.

-Энди аэропорт ҳар кило ортиқча юк учун 10 доллар тариф белгилаганидан кейин, қиммат-да. Масалан юкингиз 30 кило чиқса 20 кило юкни бепул ўткизасизу,қолган 10 кило юк учун 100 доллар тўлашингиз керак. Бу кимга ҳам ёқади, - дейди Абдулла ака.
Шу ўринда айрим йўловчиларнинг ўзлари ҳам ортиқча юкини тарифда белгиланган ҳақни тўламасдан учқичга олиб ўтиш учун аэропорт ҳодимларига пора беришга одатланиб қолган.
Аэропорт раҳбарияти эндиликда порахўрлик ва товламачиликка қарши кураш доирасида терминалларни кузатиш камерлари билан жиҳозлашни режаламоқда.

-Ҳозир камераларни ўрнатишни бошладик. Аэропорт ҳудудида нималар бўлаётганини мунтазам кузатиб туриш учун шундай жиҳзларни сотиб оляпмиз. Юклар олиб ўтилишидан тортиб йўловчилар учқич бортига чиққанига қадар бўлган жараён кузатув остида бўлади.

Биз йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз керак. Биз кўрсатаётган ҳизмат улар сотиб олган чипта нарҳига, улар тўлаган пул миқдорига, қолаверса халқаро андозаларга мос келиши керак. Гўзал аэропортимиз, замонавий учқичларимиз бор. Лекин, юқоридаги айрим салбий ҳолатлар бу гўзалликни чипакка чиқариши мумкин. Шунинг учун биз бу иллатларга қарши курашамиз, -дейди Тошкент аэропортининг халқаро юкларни олиб ўтиш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаганов.

Тошкент аэропортида ходимларнинг нормадан ошган юкни ўтказиш эвазига пора талаб қилиши ёки Тошкентга бошқа давлатлардан учиб келган ўзбек мухожирлари ёки тижоратчиларидан божхоначилар ва чегарачилар пул таъма қилиши йиллардан бери мавжуд, лекин нимага тепадагилар буни ҳозир пайқаб қолишганига ҳайронман, деб гап бошлайди Россияда ишлайдиган, Тошкент-Москва орасида доим қатнайдиган андижонлик Шоҳида.

- Аслида битта аэропортда эмас, ҳамма ерда порахўрлик. Кимдир телевизор олиб кетади, кимдир компютер. Иложи йўқ, беради. Лекин бу порахўрликни илдизи асли тепадаку. Балиқ бошидан сассиқку. Бошидаги коррупцияни илдизига болта уриш керак. Коррупция қаердан бошланганини эса ўзингиз билсангиз керак, - дейди Шоҳида.

Ўзбекистон коррупция ва порахўрлик энг чуқур илдиз отган мамлакатларнинг биринчи ўнлигидан жой олиб келади.

Коррупцияга қарши кураш олиб борадиган Transparency International ташкилотининг дунё мамлакатларида коррупция даражаси бўйича чиқарган сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат ичида коррупция энг юқори бўлган давлат сифатида 174 ўриндан жой олган.
XS
SM
MD
LG