Линклар

АҚШда бойлар очкўзлигига қарши норозилик кучаймоқда


Ню Йоркдаги Бруклин кўпригининг норозилар томонидан эгалланиши мисли кўрилмаган воқеа ва айни пайтда корпорация хўжайинлари учун аниқ мужда бўлди.

Ню Йоркдаги Бруклин кўпригининг норозилар томонидан эгалланиши мисли кўрилмаган воқеа ва айни пайтда корпорация хўжайинлари учун аниқ мужда бўлди.

Қўшма Штатларда йирик корпорацияларнинг очкўзлигига қарши жамоатчилик ҳаракати чиқишлари авж олмоқда. “Уолл Стритни босиб ол” шиори остида Ню Йоркда бир неча ҳафта аввал нисбатан кичикроқ норозилик акцияларидан бошланган ҳаракат энди ўнлаб бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилмоқда. Намойишчилар оддий одамлар ҳисобидан бадавлат кишилар чўнтагини тўлдириш имконини бераётган молиявий тизимга норозилик билдирмоқда. Ҳафта бошида касаба уюшмалари норозилик ҳаракатига қўшилишларини маълум қилди.


Бир неча ҳафта аввал Ню Йоркда тинчгина бошланган чиқишлар бугун Американинг бошқа шаҳарларига тарқалмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб америкаликлар камбағаллар билан бойлар ўртасидаги тафовут ошиб бораётганига ўз норозилигини билдирмоқда.

Ҳаракат 17 сентябр куни ўзларини “Уолл Стритни босиб ол”, деб номлаган бир гуруҳ фаоллар Манҳэттаннинг Молиявий марказида жойлашган боғда чодирларни тикиб, норозилик акциясини бошлашидан келиб чиқди. Расмий рухсати бўлмаслигига қарамасдан бу фаоллар Уолл Стритга туташ кўчаларда “Одамлар даромад эмас” ва “Уруш ўрнига иш жойи ярат” каби шиорларни кўтариб, намойишлар ўтказа бошлади.

Ўшандан бери ҳаракат сафлари анча кенгайди ва улар орасида энди ёшлар, нафақахўрлар, талабалар, ишчилар ва ишсизларни кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммаси мавжуд молиявий тизим фақатгина бойларнинг фойдасига хизмат қилишидан ғазабда.

Ню-йорклик ижтимоий соҳада хизмат қилувчи Кэти Жоунс ҳаракатга ҳафта бошида қўшилди. Намойишга икки яшар қизчаси билан келган Кэти ўзи ҳам, у билан бирга яшайдиган йигити ҳам ишсиз бўлсамалар-да топган пуллари тирикчиликларига зўрға учма-уч етиши ва соғлиқни сақлаш суғуртасини олишга қурблари йўқлигини айтади.

- Бу норозилик ҳаракати янада ёйилишига умид қиламан. Менимча бу мамлакатдаги иқтисодий тенгсизлик чидаб бўлмас даражага етди. Масалан, корпорацияларга берилган солиқ имтиёзлари, оддий ишчилар ўрнига йирик корпорацияларга берилган солиқ имтиёзлари бекор қилинши керак. Йирик ширкатлар оддий ишчидан кўра камроқ солиқ тўлайди.

“Уолл Стрини босиб ол” ҳаракати ташаббускорлари Араб дунёсидаги халқ исёни ва Европадаги бюджет ҳаражатларини қисқартиришга қарши норозиликлардан илҳомланганларини айтмоқда.

Бошланишида бу норозилик тадбирига матбуот унчалик эътибор қаратмади. Лекин 1 октябр куни фаоллар Ню Йоркдаги Бруклин кўпригини “ишғол” қилганларидан кейин ҳаракат Ню Йорк ташқарисида ҳам машҳур бўлиб кетди.

Ўша куни 700 га яқин фаол ҳибсга олинди ва кичик жаримага тортилди. Уларнинг аксари бир неча соат ичида озод қилинди.

Фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишлари матбуот диққатини тортди. 3 октябр куни “Уолл Стрини босиб ол” ҳаракати аъзолари “корпорация зомбилари”, яъни “ҳаёлларини фақатгина пул эгаллаб олган” корпорация ишчилари қиёфасида Ню Йорк биржаси биноси олдида юриб ширкатларни калака қилдилар.


Бу тадбирлар матбуотда кенг ёритилгани боис, 4 октябр куни бунга ўхшаш чиқишлар бир нечта шаҳарларда Марказий Банк бинолари олдида ўтказилди. Чикагода намойишчилар ноғораларни кўтариб чиқиб, шовқи-сурон солди. Бостонда эса “Уруш қилмасдан, бойваччаларга қарши кураш” ва “Очкўзлик қилма, одамларни ўйла” каби шиорларни кўтариб чиқишди. Норозиликлар Сэнт Луис, Канзас Сити ва Лос Анжелесда ҳам ўтказилди.

“Уолл Стрини босиб ол” ҳаракати фаоллари ҳозир АҚШнинг 50 дан ортиқ шаҳарларида норозилик акцияларини ўтказишни режалаштирмоқда. Интернет ва Facebook саҳифаларида “Бостонни эгалла” ва “Филаделфияни босиб ол” номли ҳаракатлар фаоллашмоқда.

Авж олаётган норозиликларга Америкада иқтисодий тафовутнинг кенгаяётгани сабаб бўлмоқда. Ҳозирда ғарбдаги энг саноатлашган давлатлар орасида бойлар билан камбағаллар орасидаги фарқ борасида АҚШ биринчи ўринни эгаллайди.

Қиёс учун, ҳозирда америкаликларнинг бир фоизини ташкил қиладиган энг бадавлат фуқаролар АҚШ бойлигининг 25 фоизига эгалик қилади. Даромадлари бўйича энг қуйида турадиган 40 фоиз аҳолига эса, бойликнинг 0,3 фоизи тўғри келади.

2010 йилда даромад бўйича юқорида турадиган 20 фоиз америкаликлар умумий даромаднинг 50 фоизини олган бўлса, энг қуйида турадиган 20 фоиз аҳолига 3 фоизгина даромад тўғри келган.

Бу кейинги 30 йил ичида авж олиб бораётган тенденциядир. Нобел мукофоти лауреати америкалик иқтисодчи Пол Кругман бу ҳолатни “буюк тафовут” деб атайди. Унинг айтишича, 1979 ва 2005 йиллар оралиғида америкалик ўртамиёна оиланинг даромади 13 фоизга ошган бўлса, умумий аҳолининг 0,1 фоизини ташкил қиладиган энг бдавалат оилаларнинг даромади 296 фоизга кўпайган.

Кўплаб оддий америкаликлар ўзларига нисбатан адолатсизлик бўлаётганини айтмоқда ва уларнинг машҳур некбинлиги ўрнини умидсизлик босмоқда.

Ўтган ойда президент Барак Обама миллионерларга қўшимча солиқ солишни таклиф қилиб, бадавлат америкаликлар оддий америкаликлардан кўра камроқ солиқ тўлаётгани боис “вазият изидан чиқиб кетди”, дея таъкидлади.

Мухолифатдаги Республикачилар уни “синфлар ўртасида уруш” қўзғаганликда айблади.

Айни пайтда, мавжуд молиявий тизимдан норозилар сони ошмоқда. Чоршанба куни Ню Йоркда ўтказилиши режаланган йирик намойишда касаба уюшмаларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG