Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги Olam.uz портали “Менинг ОЛАМим” ижтимоий тармоғининг ўзбек тилидаги версиясини ишга туширди.


Mobile Mass Media компаниясига қарашли Olam.uz портали жорий йилнинг 1 мартида ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, айни пайтда 13 та бўлим орқали ўз ўқувчиларига ахборот тақдим этади.

Шулардан бири бўлган рус тилидаги “Мой олам” ижтимоий тармоғи, эндиликда ўзбек тилида ҳам фаолият кўрсата бошлади.

OLAM.uz лойиҳасининг раҳбари Александр Камишевга кўра, сайт бўлимлари ўзбек тилига ўгирилиб, сайт асосида миллий кўринишдаги интернет порталини ташкил этиш режалаштирилган.

- “Менинг Оламим” бу “Мой олам” ижтимоий айни ўзи. Биз Ўзбекистонда яшар эканмиз, миллий маданият ва анъаналар, қолаверса, албатта миллий тилни ҳам ҳурмат қилишимиз керак. Шунинг учун ҳам биз ўзбек тилидаги “Менинг Оламим” тармоғини ишга туширдик. Бу рус тилидаги тармоғимиздан мутлақо фарқ қилмайди. Улар бир вақтнинг ўзида ишлайди. Mobile Mass Media компанияси Olam.uz порталини миллийлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Миллийлаштирар эканмиз, демак, бу табиий ўзбек тилида бўлади,- деди Камишев.

Ҳозирда “Менинг ОЛАМим” тармоғининг 16 мингдан зиёд фойдаланувчи бор.

Александр Камишев тармоқ фойдаланувчилари сони кўпайишига ишонади. Боиси, дейди у, тармоқ одамларнинг ўзаро мулоқат қилишлари учун осон бўлиши учун жуда оддий тизимда яратилган.

- “Менинг ОЛАМим” тармоғининг бошқа ижтимоий тармоқлардан фарқи унинг оддийлигида. У бу жиҳатидан Twitterга жуда ўхшайди. Лекин Facebookдан фарқ қилади. Унда жуда кўп имкониятлар бор, лекин жуда мураккаб тармоқ. Лекин албатта биз изланишда давом этамиз. Тармоқни ўзбек халқи қизиқишларидан келиб чиқиб, яна рвиожлантириш аниқ, - деди Александр Камишев.

Суҳбатдошга кўра, ижтимоий тармоқда маълумотлар алмашинувида цензурага йўл қўйилмайди ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари мутлақо хавфсиз ҳисобланади.

Марказий Осиëдаги янги медиалар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиев бугунги кунда миллионлаб ўзбекистонликлар Россиянинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланаётганини айтиб, ўзбекларнинг миллий тармоғи бўлишини олқишлайди.

Бироқ мутахассисга кўра, янги тармоқнинг ҳали бир қанча камчиликлари мавжуд.

- Танқид қиладиган тарафлари кўп. Ўзбекчага таржима қилдик, деб чиқибди olam.uzда. Лекин таржимаси жуда ëмон чиққан. Техник тарафдан шаклланиб бўлмаган ҳали бу ижтимоий тармоқ. Сайтни русчадан ўзбекчага таржима қилганда кўплаб носозликлари бор. Айрим жойлари умуман таржима қилинмаган. Ўзбекча деган жойга кирсангиз, қандайдир миқдордаги матни барибир русча бўлиб қолаверади. Навигация деган нарса бор. Бу сайтнинг ичида юриш. Яъни қайси тугмачани босса, ўша ëққа олиб кириш. Шу навигацияси ҳам озгина қийинроқ. Менимча, булар mail.ru системаси тизимини такрорлашаяпти. mail.ru бошида почтасини чиқарган, кейин янгиликларини чиқара бошлаган, кейин эса Мой мир деган хизматни чиқарган. mail.ruнинг ичига кирсангиз, катта жунглига ўхшайди. Ичида янгиликлари ҳам бор, почтаси ҳам бор. mail.ruга кирган фойдаланувчи унинг ичидан чиқмаса ҳам бўлаверади. olam.uz айни шу mail.ruникини такрорлаяпти. Агар Ўзбекистоннинг интернет майдонида mail.ru каби ривожланган портал шаклланадиган бўлса olam.uz базасида, бу жуда ҳам яхши. Чунки Ўзбекистонда миллионлаб интернет фойдаланувчилари бор, - дейди Тўлқин Умаралиев.
XS
SM
MD
LG