Линклар

logo-print
Дунëнинг энг қимматбаҳо ва технологик жиҳатдан энг тараққий қилган Apple ширкати асосчиси ва йиллар давомида унинг инқилобий янги маҳсулотлари муаллифи бўлиб келган Steve Jobs (Стив Жобс ) 56 ëшида оламдан ўтди.

“Стивнинг чарақлаган ақли¸ унинг янгиликка ташналиги ва бу йўлдаги шижоати ҳаëтимизни яхшилаган сон-саноқсиз кашфиëтлар манбаи бўлиб келди. Стивнинг хизматлари боис бугунги дунë тасаввур қилиб бўлмас даражада яхшироқ жойга айланди”¸ дейилади Жобс ўлими муносабати билан Apple ширкати эълон қилган баëнотда.

“Стив оиласи даврасида тинчгина жон берди. Биз унинг ўлимидан кўпчилигингиз мотам тутишингизни биламиз¸ аммо ҳозирги қайғули кунларда бизни холи қўйишингизни сўраймиз”¸ дейилади Сан Франсискода яшайдиган Жобс оиласи чоршанба кечқурун эълон қилган баëнотда.

2003 йилдан бери ошқозон ости бези саратонидан азоб тортиб келаëтган Жобс жорий йил август ойида Apple ширкати бошқарувчиси лавозимидан истеъфога чиққан эди.

1976 йилда ўз гаражида Apple ширкатига асос солган Стив Жобс 10 йилдан кўпроқ ширкатни тарк этган¸ сўнгра унга қайтиб¸ ширкатни дунëнинг нафақат компютер¸ балки телефон бизнесидаги энг етакчи компаниясига айлантира олди.

Стив Жобс етакчилигида ишлаб чиқилган iPhone, iPod,iPad маҳсулотларининг юқори технологиялар оламида инқилоб қилгани¸ Стив Жобснинг эса бу соҳанинг ноëб генийларидан бири экани айтилади.

Жобс Apple ширкатининг энг сўнгги янгилиги - iPhone4S тақдим этилганидан уч кун ўтиб вафот этди. iPhone бугунга келиб дунëда энг кўп сотилаëтган телефонга айланган бўлса¸ iPad кичик компютерларига ҳам ҳозирча рақобатчи топилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG