Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:17

Apple шайдолари мотамда - Steve Jobs оламдан ўтди


Стив Жобс iPad 2 тақдимотида.
Стив Жобс iPad 2 тақдимотида.

Инсониятга қатор буюк ихтиролар тақдим этган Apple ширкати асосчиси Steve Jobs 56 ëшида оламдан ўтди.

Агар Озодликнинг ушбу хабарини iPhone,iPad ëхуд устига тишланган олма сурати туширилган Apple компютерларидан бирида ўқиëтган ëхуд эшитаëтган бўлсангиз¸ демак сиз ҳам Appleнинг дунëдаги сон-саноқсиз шайдоларидансиз¸ демакки сиз ҳам Жобс ўлимидан қайғудасиз.

Саккиз йилдан бери саратондан азоб чекиб келганига қарамай янгилик ва тезликка ташна дунëга энг янги¸ энг тез ишловчи дигитал жиҳозларни тортиқ қилиб келган Жобс унинг навбатдаги кашфиëтини кутиб яшашга ўрганиб қолганларни етим қолдирди.

“Стив оиласи даврасида тинчгина жон берди. Биз унинг ўлимидан кўпчилигингиз мотам тутишингизни биламиз¸ аммо ҳозирги қайғули кунларда бизни холи қўйишингизни сўраймиз”¸ дейилади Сан Франсискода яшайдиган Жобс оиласи чоршанба кечқурун эълон қилган баëнотда.

“Стивнинг чарақлаган ақли¸ унинг янгиликка ташналиги ва бу йўлдаги шижоати ҳаëтимизни яхшилаган сон-саноқсиз кашфиëтлар манбаи бўлиб келди. Стивнинг хизматлари боис бугунги дунë тасаввур қилиб бўлмас даражада яхшироқ жойга айланди”¸ дейилади Жобс ўлими муносабати билан Apple ширкати эълон қилган баëнотда.

Steve Jobs оламдан ўтди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00
Бевосита линк


2003 йилдан бери ошқозон ости бези саратонидан азоб тортиб келаëтган Жобс жорий йил август ойида Apple ширкати раиси ва бош бошқарувчиси лавозимидан истеъфога чиққан эди.

1976 йилда курсдоши Стив Возниак билан ўз гаражида Apple ширкатига асос солган Стив Жобс¸ уни бугун дунëга энг исталган юқори технологияли маҳсулотлар яратиб берган улкан кашфиëтлар марказига айлантира олди.

- Воз ва мен отамнинг гаражида Appleни бошлаганимизда мен 20 ëшда эдим. Биз қаттиқ меҳнат қилдик ва 10 йил ичида Apple гаражда ўтириб ишлайдиган икки йигитчадан 4000 мутахассис хизмат қиладиган 2 миллиард долларлик ширкатга айланди. Биз дунëдаги энг ажойиб мўъжизалардан бири Macintoshни тақдим этганимизда¸ мен 30 ëшда эдим¸ деган эди Стэнфорд университети талабалари даврасида Apple туғилишни хотирлаган Стив Жобс 2005 йилда.

Apple ширкати фаолияти турғунликка тушиб¸ Жобс унинг ўшандаги бошқарувчиси билан келиша олмай қолгач¸ 1985 йилда у ўзи яратган ширкатни тарк этади.

Бир муддат юқори технологиялар дунëсида унутилгандек бўлган Жобс 1996 йилда рақиблари томонидан ютиб юборилиш ҳолига тушиб қолган Appleга қайтади ва ширкат фаолиятини компютер бизнеси доирасидан кенгайтириб¸ мусиқа саноати ва телефон дунëсини ларзага келтирган маҳсулотлар яратишга киришади.

Жобс қайтганидан сўнг 1998 йилда тақдим қилинган iMac бир йилнинг ўзидаëқ 2 миллион донадан кўпроқ сотилади ва Apple яна оғизга тушади.

2001 йилда iTunesни тақдим этган Жобс¸ дигитал мусиқа ва видео маҳсулотлари дунëсини ларзага солади. Кўп ўтмай iPodни тақдим этган Жобс уни таништирар экан¸ кафдеккина бу матоҳ “1000 қўшиқни чўнтагингизда” олиб юриш деганидир¸ дейди.

- Неча марта йўлга CD плэйр билан чиқиб¸ “Эҳ Худойимей¸ эшитмоқчи бўлган дискимни олиш ëдимдан чиқибдику!” дея афсус қилгансиз! Бутун мусиқа жамланмасини доимо ëнида олиб юриш мусиқа шайдоларининг ушалмас орзуси бўлиб келган. iPodнинг зўрлиги ҳам шунда – энди бутун мусиқа тўплами чўнтагингизда жам¸ деган эди iPodни тақдим қилган Жобс.

2007 йилда Жобс юқори технологиялар соҳасида яна бир кашфиëт қилдию¸ бутун дунëни унинг шайдосига айлантирди-қўйди – Apple биринчи iPhoneни тақдим қилди. 2011 йил март ойига қадар¸ ўртача нархи 500 доллар атрофида бўлган iPhone 100 миллион дона сотилди ва ҳозиргача дунëда энг кўп сотилган телефонга айланди.

Бу кашфиëт энди фотоаппарат¸ видеокамера¸ мусиқа эшитиш¸ видео ëзиш ва кўриш¸ электрон почта¸ компютер ўйинлари¸ GPS навигацияси каби энг сўнгги қулайликларни яна кафтдек мосламада жойлай олди.

2010 йилга келиб Стив Жобс¸ компютер ҳаëтининг ажралмас қисмига айланиб улгурган дунëга яна бир буюк ихтиросини совға қилди - iPad дунë юзини кўрди¸ кўрдию¸ каттаю кичикнинг орзусига айланди.

Юқори технологиялар дунëси ҳозирча тақдим қилиши мумкин барча қулайлик ва хизматлар санъат асари даражасида нозик дид билан яратилган юпқа ва енгил кичик компютерга жо қилинди.

iPad сотувга чиққанидан кўп ўтмай Apple дунëнинг энг қиммат ширкати ва нафақат компютер¸ балки телефон бизнесидаги энг етакчи компаниясига айланди.

Ер юзига сочилган миллиардлаб одамлар ўртасидаги мулоқотни кафтдек кичик¸ қушдек енгил ва Пикассо асари каби мўъжизакор жиҳозга жойлаб¸ уни йиллар бурун тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган осон ва содда ишга айлантирган Стив Жобс ўлими муносабати билан дунëнинг тўрт бурчагидан марсиялар ëғилишда давом этмоқда.

Стив Жобссиз қолган дунë¸ аллақачон уни қўмсашни бошлади....
XS
SM
MD
LG