Линклар

logo-print

Россиянинг Нижневартовск шаҳрида ўз ўғлини бўғиб ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик қўлга олинди.


2011 йил 29 сентябр куни Ханти-Мансийск автоном округидаги – Югра Тергов қўмитаси Нижневартовск шаҳар Интернационал кўчасидаги уйлардан бирида 7 яшар болакай мурдаси топилгани юзасидан жиноий иш қўзғатди.

4 октябр куни бу жиноятни содир этганликда гумонланган 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси Субҳон Аҳадов ҳибсга олинди ва тергов жараёнида ўз айбига иқрор бўлди, дейди Озодлик Радиосига Тергов қўмитасининг округ бўйича назорат бўлими бошлиғи, адлия подполковниги Екатерина Поздеева.

- Бу оила Ўзбекистондан Нижневартовскка яшаш ва ишлашга келган. Отаси ўз фарзандини ёқтирмаган, унга нисбатан қандайдир адовати бўлган. Вазият бўндай бўлган... Унинг рафиқаси ишга кетган, болакай ва отаси уйда бўлган. Хотини соат 10-11 ларда уйга қайтиб келган ва бурчагда уйилган кийим ва кўрпалар остида боласининг ўлигини топган. Экспертиза бола бўғиб ўлдирилганини аниқлади. Отаси Субҳон Аҳадов жиноят жойидан ғойиб бўлган ва терговчилар уни гумон остига олишди, чунки у хотинига олдин ҳам болани ўлдириш нияти борлигини гапирган,- дейди тергов бўлими раҳбари.

Поздееванинг айтишича, қўлга олинган Субҳон Аҳадов жиноятни қандай содир этгани тафсилотларини гапириб берган. “У жиноятга олдиндан тайёргарлик кўрган, аниқроғи болани ўлдириш учун махсус сиртмоқ тайёрлаган”, дея давом этади терговчи Екатерина Поздеева.

- Болани бўғиб ўлдириб, у уйдан чиқиб кетган. Инсонийлик нуқтаи назаридан у соғлом эмас, деган фикрингизга қўшиламан. Аммо жисмоний ҳолати нуқтаи назардан соғ-соғ эмаслигини психиатрик экспертиза аниқлайди, чунки ўз боласини ўлдиришни режалаштириш бу одамнинг руҳиятида жиддий силжишлар бўлганидан дарак беради. Бу жиноят кўпни кўрган терговчиларимизу ходимларимизни ҳайратга солди: у қотиллик сабабларини шунчаки боласини ёқтирмаслик билан изоҳлаган,- дейди Ханти-Мансийск автоном округи Тергов қўмитаси расмийси Екатерина Поздеева.

Жиноят юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105 моддаси 2 қисми (ночор ҳолатдаги шахсни қасддан ўлдириш) асосида жиноий иш очилди. Бу модда бўйича умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилади.

Онасининг илтимосига кўра исми ошкор қилинмаётган 7 яшар болакайни дафн этиш ва бошқа ҳаражатларни кўтаришда кўмаклашган Нижневартовскдаги “Уйингизга Тинчлик” Ўзбеклар миллий-маданий маркази фаоли Дилшод Маманазаров билан суҳбатлашди.

Ўзбеклар жамияти фаоли сўзларига кўра, 48 ёшли Субҳон Аҳадовнинг бундай жиноятга қўл уришига иқтисодий ночорлик туртки бўлган.

- Болани биз ўзимиз қўйдик. Оиланинг иқтисодий аҳволида, аниқроғи ижара ҳақини тўлашда, муаммолар бўляпти экан. Бир-икки кун тўполон бўлган экан уйларида. Кейин хотини ишга чиқиб кетганида хотинидан калитни олиб қайтиб келган ва трезвий ҳолатда боласини бўғиб ўлдириб қўйибди. Бундан олдин угрожат қилган экан “Мен сенларни охири ўлдираман!”, деб. Милиция Ўзбек миллий марказига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ёрдамни қилдик, хужжатларини тайёрлаб Нижневартовскка болани кўмдик,- дейди Ўзбеклар жамияти фаоли.

Дилшод Маманазаровнинг сўзларига кўра, қидирувга берилган Субҳон Аҳадов қолган оила аъзоларига ҳам таҳдид қилган. “Ўлган болачадан ташқари уларда 7-8 синфларда ўқийдиган катта қизчаси бор экан”, дейди у.

- Ўлдирган куни кечки пайтда телефони ўчирилган ва 2 соатдан кейин яна телефон ёнган. Уйдагилари “Сен боламни нимага ўлдириб қўйдинг?”, деганда у “Сенларни қолганларингни ҳам ўлдираман”, деб телефонни ўчирган. Шу куни кечаси саҳарга яқин тўртларда уйига келган ва эшикни калитини солганда ичкаридан калит бўлган. Булар глазокдан қараса ўша турган экан эшикни тагида. Милицияга хабар беришганда, милиция сигналлар билан келган, Субҳон қочиб кетган. Бу оила ўзи жиззахдан экан. 7 яшар ёш бола экан... Кўрдик, ўқитувчилари келди, ўртоқлари келди. Аёли озарбайжонларда пойафзал сотар экан, озарлар ҳам ёрдам берди. Субҳон ўзи олий маълумотли экан: Украинада институтни битирган, ўша ерда ишлаган экан. Ўлдириб қўйган боласи Украинада туғилган экан. Уни Украинадан депорт қилиб юборилган экан. Айланиб келиб шу Нижневартовскка келиб қолган одам экан-да, дейди Нижневартовскдаги “Уйингизга Тинчлик” Ўзбеклар миллий-маданий маркази фаоли Дилшод Маманазаров.

Ҳозирда Аҳадов ҳибсга олинган ва ишнинг судга оширилиши кутилмоқда.

Ханти-Мансийск терговчиларидан олинган маълумотга кўра бундай ҳодиса Ханти-Мансийск ўлкасида биринчи маротаба рўй бераётгани йўқ: шу йилнинг август ойида Ханти Мансийскда яна бир ота икки яшар қизчасини зовурда чўктириб ўлдирган эди. Болакуш ота ўз ҳаракатларини собиқ хотинига алимент тўламаслик истаги билан изоҳлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG