Линклар

Тожикистон пойтахти Душанбе марказида қиймати 100 миллион долларга тенг масжид қурилиши бошланди.

Марказий Осиёдаги энг йирик масжид қурилишини 5 октябр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бошлаб берди. Ўша куни 59 ёшга тўлган давлат раҳбари экскаваторга ўтириб, янги масжид учун котлован қазишга киришди.

Тожик расмийларининг маълум қилишича, масжид 2014 йилда қуриб битказилиши режаланган. Уни Тожикистоннинг “Сомон-сохтмон” ширкати қуриб беради. Айтилишича, бу масжидга Қатар томони 70 миллион ва Тожикистон эса 30 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратган.

Бир вақтнинг ўзида 115 минг мусулмон намоз ўқиш имконига эга бўладиган бу масжиднинг илк пойдевори 2009 йил 5 октябрида, яъни Имомали Раҳмоннинг туғилган кунида қўйилган эди. Аммо масжид қурилишини бошлаш икки йилга кечиктирилди.

Расмийлар бунинг сабабини ўтган вақт ичида қатарлик ва тожикистонлик меъморлар лойиҳа устида ишлаганлари билан изоҳламоқдалар.

Лойиҳага мувофиқ, масжид 65 метр баландликдаги тўртта минора, 47 метрлик гумбаз ва намоз ўқиш учун бир неча катта ва кичик заллардан иборат бўлади.

Бундан икки йил аввал янги масжид қурилиши ишларининг бошланишига бағишлаб ўтказилган катта тадбирда сўзлаган президент Имомали Раҳмон масжид экстремизм ва зўравонликни тарғиб қилувчи жой эмас, балки Оллоҳ йўлида хизмат қилувчиларни бирлаштирадиган жой бўлиши лозимлигини таъкидлаганди.

Ўтган бу икки йил ичида тожик жамиятида диний экстремизм ва террорчиликка қарши кураш тадбирлари доирасида ўнлаб масжидлар, жумладан, Марказий Осиёда рўйхатга олинган ягона диний партия – Тожикистон Ислом уйғониш партияси масжиди эшигига ҳам қулф солинди.

Шунингдек, Тожикистонда шу йил Рамазон ойида “Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниши билан 18 ёшгача бўлган тожикистонликларнинг масжидда намоз ўқишлари ҳам таъқиқланди.

Хўш, ана шундай вазиятда бўлган тожик жамияти учун минтақада энг йирик масжид қуришнинг қанчалик аҳамияти бор?

Тожикистонлик ўқитувчи Бахтиёр Мўминов фикрича, янги масжид Тожикистоннинг араб давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликлари омили сифатида хизмат қилади.

- Тожикистон ислом давлатлари билан ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу масжиднинг қурилиши ана шу ҳамклорликлар бир омили бўлиб хизмат қилаяпти, - дейди Бахтиёр Мўминов.

Бошқа бир суҳбатдошимиз, мустақил журналист Фируз Баротов постсовет ўлкаларидан Тожикистон марказида энг йирик масжиднинг қад кўтаришидан фахрланишини айтади.

- Туркманистонга сафаримда у ердаги Туркманбоши масжидини кўриб, ҳайратдан қотиб қолгандим. Собиқ шўро республикалари орасида Тожикистонда ҳам шундай бир ҳашаматли масжиднинг қурилиши албатта яхши. Чунки бунинг ортидан пойтахт Душанбенинг бир гўшаси ободлашади. Шунингдек, пойтахтга келувчи меҳмонлар ва сайёҳлар учун яна бир макон пайдо бўлади, - дейди Фируз.

Шуни ҳам айтиш лозимки, бундан бир неча йил аввал Тожикистон уламолар Кенгаши бир фатво қабул қилиш ортидан тожикистонлик аёлларнинг масжидда намоз ўқишлари ҳам таъқиқланган эди.

Мамлакатдаги ишсизлик ва ижтимоий оғир аҳвол сабабли аксарияти эркакларни ташкил қилган тахминан 1,5 миллион тожикистонлик Россияда умргузаронлик қилаяпти.

Тюмен шаҳрида яшаб ишлаётган тожикистонлик Абдусалом фикрича, намозхонлар билан тўлдириш қийин бўладиган катта масжидлар ўрнига Тожикистонда тўхтаб қолган завод ва фабрикаларни ишга солиши лозим эди.

- 100 миллион долларга масжид қуриш ўрнига завод ва фабрикаларни ишга туширса, биз бу ерларда қийналиб юргандан кўра бола-чақамиз олдида яшаб, ишласак яхши бўларди, деб ўйлайман. Бу йил Россияларда ишлаш ҳам қийин бўлиб қолди. Аввалгидек иш йўқ, одам кўпайиб кетган. Бу ёғи фарзандларни ўйлайсиз, оилангизни ўйлайсиз. Агар заводлар ишга тушганида эди, тожикистонликларнинг лоақал 10 фоизи иш билан таъминланса, яхши бўларди, - дейди Абдусалом.

Аснода мустақил таҳлилчилар “очиқ эшиклар сиёсати”ни эълон қилган Тожикистон ҳукумати ҳам ғарб, ҳам шарқ мамлакатлари билан алоқаларини ривожлантиришга жон-жаҳди билан уринаётганини урғулайдилар.

Таҳлилчиларга кўра, бунинг билан Тожикистон бир томондан мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга умид қилса, бошқа томондан кўп векторли ташқи сиёсат юргизаётганини халқаро ҳамжамиятга намойиш этмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG