Линклар

logo-print

5 октябр куни оламдан ўтган Apple асосчиси Стив Жобс Озодлик ходимларининг самаралироқ ишлашига ҳисса қўшган.


"No. First come, first serve"


Нью-Йорк таксиси Манҳэттанга элтувчи Уиллиамсбург кўпригидан мингга қўйиб кетаяпти.

Такси кўприкда сиқилиб кетаётган бошқа ҳар қандай машинадан зув этиб ўзар, кўприк бортига гугурт қутичасидай масофага қолар эди.

Бу бир “касал”ни зудлик билан Манҳэттаннинг 12-кўчасидаги мева-сабзавот дўконига етказиб қўйиш учун бўлаётган бир фавқулодда шошилинч ҳаракат эди.

Бу бемор аввалроқ бир ҳафта давомида Вашингтоннинг барча дўконларига бош суқиб, излаётгани олманинг янги навини топа олмади.
Американинг дўконларидаям олма тақчил бўлар экан-да!

Эртага келаман. Менга олманинг ўша навидан олиб қўйинг десангиз:
“No. First come, first serve” - деб жавоб беришади.
Нима эмиш? Югурганга буюрар!

Вашингтонда буюрмади. Охирги имконият – Нью Йорк.

Кеннеди аэропортига келган бемор, шаҳардаги олма дўконларига телефон қилишга тушди.

- Биттасида бир дона қолган экан. Фақат тезроқ боришимиз керак.

- Тушунаман,- деди такси ҳайдовчиси. Бошқа савол бермади.

Манҳэттанда бу дўконнинг қаердалигини билмайдиган ҳайдовчи йўқ. Одамлар эрта тонгдан бориб дўкон эшигининг тагига ётиб олар экан.
Омад кулиб боқди. Кўприкдан учиб, Ҳадсонга қуламаганликлари учун эмас. Дўконда сотилиб битаёзган янги нав олманинг энг охиргиси насиб қилгани учун.

Бир томони тишланган Олманинг бу ноёб навини яратган “Мичурин” кўп умр кўрсин, дейишди. Таксист билан бирга биттадан “ғалаба сигаретаси” дан пўриллатишди.

Хотиним рашк қилмай қўйди


Apple нинг “iPad”ини шу тариқа қўлга киритдим. Киритдиму яна битта касални орттириб олдим. Ишда ҳам, кўча-кўйда, уйда ҳам энди биргамиз. Бирга ётиб, бирга турамиз. Бора-бора хотин рашк қилмай ҳам қўйди.

Аввал уни синдириб ташлайман, деб таҳдид қилган одам, энди менга ҳам битта олиб бермасангиз бўлмайди, дейди.

Дам олиш кунларидан бирида “iPad”га қўнғироқ келди.

- Олмасам бўлмайди. Кимнингдир муҳим хабари ёки бирор кор-ҳол юз бергандир. Мен олмасам, ўзбекистонликлар дардини эшитадиган Озодликдан бошқа деярли ҳеч ким қолмади.

Хотин ўқрайиб қаради. Мен эса барибир қўнғироқни қабул қилдим.

"Мен Қозоғистондан телефон қиляпман. Ёрдам беринг! Эрим ўзбекистонлик қочқин. Аммо Россия хавфсизлик кучларининг қўлига тушиб, энди Ўзбекистонга депортация бўлиши мумкин. Ёзмаган жойим қолмади. Ҳеч кимдан жавоб йўқ. Ҳайрият Озодлик бор экан. Ёрдам беринг!", деб йиғлар эди мени Скайпдан топган тингловчи.

Унинг ҳасратини эшитиб турган турмуш ўртоғим кўзида ёш пайдо бўлди. iPad га ўшандан бери рашк қилмай қўйди.

Озодлик хабаридан сўнг қозоғистонлик тингловчининг эрига Россиянинг қочқинлар ҳуқуқлари бўйича энг зўр адвокатлари ёрдам беришга киришди.

Жобснинг “Озодлик”га туҳфаси


iPad воситасида Озодлик тингловчилари билан 24 соат алоқадамиз. Озодлик нинг деярли барча ходимлари iPad лар билан қуролланган.

“Тишланган олма” ҳикояси шу билан тугамайди. Бир неча ҳафтадан сўнг Ўзбекистонда Apple нинг iPhone ва iPad фойдаланувчилари Озодлик радиоси дастурини ўрнатиб, бизнинг сайтга тўсиқсиз кириш имкониятига эга бўлади.

iPhone фойдаланувчилари фото, аудио, видеоларни ёзиб дарҳол Озодлик радиосига юбориши, жонли ва ёзиб олинган эфирларни бемалол эшитиши мумкин бўлади.

Бу “Тишланган олма” нинг ноёб навини кашф қилган марҳум Стив Жобснинг Озодликка ва унинг тингловчиларига қилган сўнгги туҳфасидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG