Линклар

Ш. Мирзиёев ишдан четлатилиши мумкинми?


Шавкат Мирзиёев саккиз йилдан бери бош вазир лавозимини эгаллайди, ундан аввал етти йил давомида Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлган.

Шавкат Мирзиёев саккиз йилдан бери бош вазир лавозимини эгаллайди, ундан аввал етти йил давомида Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлган.

Ўзбекистон ҳукумат доираларида бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг декабрда ўтадиган ялпи мажлисида ишдан четлатилиши мумкинлиги ҳақида гап сўзлар тарқагани айтилмоқда. Бош вазир лавозимини 8 йилдан бери эгаллаб келаётган ва Ўзбекистон сиёсий саҳнасида энг нуфузли сиёсатчилардан бирига айланган Мирзиёевнинг вазифасидан четлатилиши ҳақидаги миш-мишлар биричи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Июл ойида Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида Олий Мажлис олидида ҳсиобот берган биринчи бош вазир бўлди ва унинг фаолияти депутатлар томонидан танқид қилинди. Бу ҳодиса “Мирзиёев ишдан олинаркан”, деган тахминларни кучайтирди. Баъзи кузатувчилар мамлакат иқтисодидаги аянчли аҳволдан аҳоли орасида пайдо бўлган норозиликни юмшатиш учун Ислом Каримов ҳукумати жиддий ислоҳотлар ясашга уриниш ўлароқ Мирзиёевни қурбон келтириши мумкинлигини айтмоқда. Бошқа таҳлилчилар эса, ўтмишдаги тажриба бундай гап-сўзлар фақатгина Мирзиёевнинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келишини кўрсатмоқда, дейди.


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг ишдан олиниши ҳақидаги гап-сўзлар унинг саккиз йиллик фаолияти давомида биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Унинг сиёсий саҳнадан четлаштирилиши тўғрисидаги биринчи миш-миш 2007 йилда Узметроном сайтида пайдо бўлди, лекин ўз тасдиғини топмади. Ўшандан бери ҳокимиятнинг маълум доираларида “ишончли манбалари” борлиги айтиладиган Узметроном сайти Мирзиёевни бир неча марта истеъфога чиқарди. Масалан, 2008 йилнинг февралида Узметроном президент Ислом Каримов Мирзиёевни лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккани ҳақида “ишончли манбаларга” таяниб хабар қилди. Ўшанда расмийлар бу хабарни инкор қилишлари учун бир-икки кун талаб қилинди ва Узметроном хабари анча шов-шувга сабаб бўлди.

Мирзиёев курсиси “шилқиллаб қолгани” ҳақидаги гаплар яна шу йилнинг июлида пайдо бўлди. Бунга мустақил Ўзбекистон тарихида Олий мажлис ялпи йиғилишида илк бор ҳисобот берган бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг депутатлар томонидан танқид қилиниши сабаб бўлди. Дарвоқе Ўзбекистон парламентининг баҳс майдонига айланиши ҳам шу пайтгача мисли кўрилмаган воқеа бўлгани бу тахминларни янада кучайтирди. Ўша мажлисдан кейин Ўзбекистон Сенатининг қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодликка жумладан бундай деган эди.

- Сенаторлар ва депутатлар Бош вазирнинг ҳисоботини эшитишга, шу ҳисоботга танқидий нуқтаи назардан қарашларни намоëн этишга ва саволларни беришга тайëр. Жамият ва давлат, парламент бунга тайëр. Агарда жамият ва давлат, ҳар бир фуқаро мана шунақа янгиликларни қабул қилишга тайëр бўлмаганда президентимиз концепцияни эълон қилмаган бўлардилар ва парламент мана шу қонунни қабул қилмасди. Лекин бу нарса борку. Ким буни инкор эта олади? Жамият ва давлат, сенатор ва депутатлар, умуман парламент бунга тайëр.

Орадан бир неча ой ўтиб, Шавкат Мирзиёевнинг яқин келажакдаги тақдири мавзуси яна Узметроном нашри диққат марказида бўлди. Ҳозирда бу ҳақдаги хабарни нашр сайтида топиб бўлмаса-да, Россияда чиқадиган Регнум агентлиги Узметроном сайтининг 5 октябр кунги мақоласига таяниб, жойри йил декабрида Олий Мажлис ялпи йиғилишида Шавкат Мирзиёев ҳукуматига ишончсизлик овози берилиши ҳақидаги тахминни илгари сурди.

Узметроном сайтига кўра, деб ёзди Регнум, Мирзиёев ўрнига Андижон вилояти ҳокими Аҳмад Усмонов бош вазир лавозимига тайинланади. “Ишончли манбалар”га таяниб берилган хабарда айтилишича, Ўзбекистон президентининг республика ва вилоят миқёсидаги кадрларни тайёрлаш бўйича маслаҳатчиси котибияти Мирзиёевнинг ишдан четлатилишини тайёрлаш учун махсус ахборотларни тўплай бошлаган. (Эслатиб ўтамиз, 6 октябр куни Узметроном сайтида бу хабарни топиб бўлмади.)

Лекин икки ҳафта аввал, 21 сентябр куни ҳам Узметроном Шавкат Мирзиёевнинг бош вазирлик курсиси “шилқиллай” бошлаганини ёзган эди. Нашрнинг бу хулосасига Мирзиёевнинг “одами” экани айтилаётган Равшан Муҳиддиновнинг ҳуқуқ-тартибор ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича президент маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилгани асос бўлди.

Ҳақиқатан, Узметроном нашри таҳририятининг ҳукумат ичида ўзига яраша манбалари борлиги айтилади ва унда берилаётган хабарлар “дарахтнинг учи қимирламаса”, пайдо бўлмайди.

Ҳукумат ичидаги жараёнлардан яқиндан хабардор Озодлик манбасига кўра ҳам, бугун мамлакат иқтисодида кузатилаётган жиддий қийинчиликлар боис аҳоли орасида пайдо бўлган норзиликни тинчитиш учун жиддий қадамлар қўйиш эҳтиёжи пайдо бўлган. Бунинг учун, дейди исми сир қолиши шарти билан гапирган суҳбатдошимиз, ҳукумат вужудга келган вазиятдан чиқиш йўлини қидираётганини, гўё ислоҳотлар амалга оширилиб, иқтисодий қийинчиликлар учун масъул вазирлар жавобгарликка тортилаётганини аҳолига кўрсатиш керак. Мирзиёев айнан шундай масъул шахс сифатида ишдан четлатилиши мумкин, дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистон президенти хузуридаги Стратегик тадқиқотлар институнинг собиқ ходими, ҳозирда муҳожиратда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса бу фикрлага қўшилмайди. Ўзбекистондаги сиёсий конъюктурадан келиб чиқиб, таҳлилчи, бу аксинча Мирзиёевнинг мавқеини кучайтириш мақсадида тарқатилган миш-мишдир, дейди.

- Ўзбекистонда маълум бир сиëсий технологиялар мавжуд. Жамоатчилик тафаккурига, жамоатчилик фикрига таъсир қилиш, айниқса элитанинг маълум бир ҳатти-ҳаракатларини у ëки бу томонга ўзгартириш учун мана шундай миш-мишлар тарқатилади. Элитада кутиш пайдо бўладики, демак Шавкат Мирзиëев яқинда ишдан кетар экан, деган ва Шавкат Мирзиëевга қарши қаратилган энергиялар сўнади. Лекин одатда мана шу миш-мишлар Шавкат Мирзиëевга қарши қаратилган бўлсин, Каримовга қарши қаратилган бўлсин, уларнинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади кўпинча.

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Мирзиёевнинг саккиз йил давомида бош вазир, ундан аввал Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳокими сифатида орттирган нуфузи, унинг яқин орада сиёсий саҳнадан кетадиган сиёсатчи эмаслигига яна бир ишорадир.

- Мана шу ўтган 20 йил ичида ягона вилоят ҳокимики Шавкат Мирзиëев юқори паллага кўтарила олди. Одатда Ўзбекистонда Каримовдан кейинги қудратли шахслар ҳар доим президент девонида яъни президент аппаратида бўлган ва у кўпинча президентнинг кадрлар бўйичами ëки куч ишлатар тизимлари бўйичами давлат маслаҳатчиси бўлган. Лекин бугунги кунда Каримовдан кейинги қудратли шахс бу Шавкат Мирзиëев. Битта шарҳ киритган бўлардим. Бу ерда Миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов инобатга олинмаяпти. Чунки у иқтисодий, ижтимоий масалаларда қарор қабул қилмайди. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда республикада энг қудратли иккинчи шахс бу Шавкат Мирзиëев.

Бундан ташқари, дея хулоса қилади сиёсий шарҳловчи Ўзбекистон иқтисоди шундай аҳволга келиб қолганки, уни битта бош вазирни ишдан олиш билан ўнглаб бўлмайди. Аксинча Каримов учун ҳозирча Мирзиёевдек қаттиққўл бош вазирни сақлаб қолиш айни муддаодир.

54 ёшли Шавкат Мирзиёев 2003 йил декабридан бери бош вазир лавозимини эгаллаб келади. Ундан аввал икки йил давомида Самарқанд вилояти ҳокими, 1996 йилдан 2001 йилгача эса Жиззах вилояти лавозимларида ишлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG