Линклар

Обама Покистонни жанггариларни қўллаш оқибатидан огоҳлантирди


Обама покистонлик ҳамкасби билан.

Обама покистонлик ҳамкасби билан.

Исломобод бундай амалиëтни тўхтатмаса¸ Вашингтон билан муносабат ўрната олмайди¸ деди жумладан Оқ уй раҳбари


Покистон ҳукуматини "жирканч шахслар" билан алоқадорликда айблаган АҚШ президенти Барак Обама¸ агар жанггарилар билан ҳамкорликни тўхтатмаса¸ Исломобод Вашингтон билан узоқ йиллик муносабатларни барбод қилажагидан огоҳлантирди.

АҚШ етакчилигидаги халқаро қўшинлар Афғонистонга уруш бошлаганининг 10 йиллиги арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Оқ уй раҳбари Покистоннинг бу урушдаги ҳисоб-китоби тўғрисида илк бор очиқчасига тўхталди.

- Бизнинг мақсадимиз Афғонистондан чиқиш ва ортимизда барқарор¸ мустақил¸ инсон ҳақлари ва демократияга ҳурмат кўрсатадиган ҳукумат қолдиришдир. Аммо Покистоннинг бу урушдаги мақсадлари мавҳумлигича қолмоқда. Улар бу урушдан сўнг Афғонистоннинг қай ҳолда бўлиши борасида бошқача тасаввурга эгалар. Ана шу тасаввурдан келиб чиқиб¸ покистондагилар коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг яна қайта ҳокимиятга келиши мумкин деб билганлари айрим жирканч шахслар билан алоқададирлар¸ деди АҚШ президенти Обама.

"Покистон армияси ва разведка агентлиги биз учун ташвиш манбаи бўлиб келаëтган айрим шахслар билан алоқада эканига шубҳа йўқ"¸ дер экан Обама¸ бу тўғридаги хавотирларни Исломобод раҳбарларига ҳам хос суҳбатларда¸ ҳам жамоатчилик олдида етказганини таъкидлади.

Покистоннинг Афғонистонга нисбатан ëндашуви ўзгартирилиши лозим¸ дея қўшимча қилди Обама.

- Биз Покистонни барқарор Афғонистон улар манфаатига ҳам хизмат қилажагига ишонтиришга уриниб келмоқдамиз. Улар барқарор ва мустақил Афғонистондан қўрқмасликлари лозим. Биз Афғонистон ва Покистон ўртасидаги музокараларнинг ўтгандагига нисбатан самаралироқ бўлишига ҳаракат қилмоқдамиз¸ деди Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ раҳбари.

Покистонни минтақадаги террорчиликка қарши курашда АҚШнинг яқин ҳамкори бўлиб келганини ҳам қайд этган Обама¸ "биз бу жабҳада Покистон ҳамкорлигисиз бугунги ютуқларга эриша олмаган бўлардик" дея қўшимча қилди.

Бундай мақтовдан сўнг яна Обама¸ Покистонни АҚШ минтақада эришмоқчи бўлган мақсадларни тушунишга чақирди.

- Агар покистондагилар ўз ҳатти-ҳаракатларида бизнинг манфаатларимизни ҳам инобатга олиб иш кўрмас экан¸ Покистон билан стратегик муносабатларни давом эттириш биз учун ўта ноқулай бўлишига шубҳа йўқ¸ деди Оқ уй раҳбари.

Барак Обаманинг мазкур огоҳлантируви билан айни кунда АҚШ Намояндалар палатаси қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси ҳамраиси Ҳовард Берман ҳам¸ Покистонни АҚШ томонидан террорчилар рўйхатига киритилган жанггари гуруҳлар билан яқин алоқада эканликда айблади.

- АҚШ-Покистон муносабатлари ўта чигал¸ аммо муҳим муносабатлардир. Покистон раҳбарияти Ҳаққоний тармоғи каби афғон террорчилари гуруҳи билан алоқада бўлиб турар экан¸ ундан ҳам ëмони¸ бундай гуруҳларга ëрдам берар экан¸ АҚШ билан муносабат ўрната олмаслигини англаб етиши лозим. Шу боис¸ Покистон етакчилари¸ хусусан ҳарбий раҳбарлари¸ ким билан муносабат қилмоқчи эканликларини аниқ-тиниқ белгилаб олмоқлари лозим¸ деди демократ конгрессмен.

Афғонистон¸ қолаверса АҚШ ҳукумати Афғонистон расмийларига қарши қатор суиқасд хуружларини амалга ошириб келаëтган жанггарилар¸ хусусан Шимолий Вазиристонда жойлашган Ҳаққоний тармоғининг Покистон махфий хизматлари ëрдамида фаолият юрғизаëтганини таъкидлаб келмоқда.

Хусусан¸ собиқ президент¸ жанггарилар билан тинчлик музокараларида Карзай ҳукумати бош вакили бўлган Бурҳониддин Раббонийнинг Ҳаққоний жанггарилари томонидан ўлдирилганини билдирган Кобул раҳбари¸ бу баëнотидан кўп ўтмай¸ Исломободнинг биринчи рақамли душмани - Ҳиндистонга сафар қилди.

Покистон Афғонистон ва АҚШнинг жанггариларни қўллаб келаëтгани ҳақидаги бундай айбловларини мунтазам суратда инкор қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG