Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:43

Ўзбекистон Мудофаа вазири Покистонга сафар қилди


Қобил Бердиев ва Германия Мудофаа вазири Карл Теодор цу Гуттенберг. Тошкентб 2010 йил 14 апрел.
Қобил Бердиев ва Германия Мудофаа вазири Карл Теодор цу Гуттенберг. Тошкентб 2010 йил 14 апрел.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтенант Қобил Бердиев Покистонга расмий сафари чоғида армия қўмондонлари, мамлакат президенти ва ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан учрашди. Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.


Қобил Бердиев 4 октябр куни Покистон Мудофаа вазири Чодҳри Аҳмад Мухтор ва пайшанба куни Равалпинди шаҳрида армия Бош штаби раиси генерал Холид Шамим Вин билан музокара олиб борди.

Ўзбекистон Мудофаа вазири 5 октябр куни Равалпиндида Покистон қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи Ашфақ Парвез Каяни билан ҳам учрашиб икки томонни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилган эди.

6 октябр куни Покистон Президенти Осиф Али Зардорий Қобил Бердиевни қабул қилди. Мулоқот чоғида икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

SANA ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазири бошчилигидаги делегациянинг Покистон раҳбарлари ва қўмондонлари билан учрашувлари чоғида ҳарбий алоқалар ва минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар хусусида фикр алмашилган.

Тренд ахборот агентлиги хабарига кўра, Покистон Мудофаа вазири Чодҳри Аҳмад Мухтор билан учрашувда, Марказий Осиё минтақаси, қолаверса, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш икки давлат манфаатларига хизмат қилиши таъкидланган.

Мудофаа вазирлари сўзлашуви чоғида Покистон ва Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ бир-бирига ўхшаш хавфсизлик муаммоларига дуч келаётгани қайд этилган.

Қобил Бердиев ва Аҳмад Мухтор барча соҳалар, жумладан, мудофаа соҳасида ҳам дўстона алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.

Покистон армияси генерали Талат Маъсуд Озодлик билан суҳбатда Исломобод расмийлари Ўзбекистонни муҳим давлат деб ҳисоблаши ва боис барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини урғулади.

- Покистон Ўзбекистон билан ҳарбий, сиёсий, дипломатик соҳаларда самимий алоқаларга эга бўлишни, шунингдек, кўп томонлама учрашувларда муҳокама қилинаётган масалаларга бирдек ёндошиш ва икки давлат бир овоздан сўзлашини хоҳлайди. Чунки Покистон Марказий Осиёда Ўзбекистон муҳим ўрин тутади ва бу давлатининг ролини ўта муҳим деб ҳисоблайди,- дейди Покистон армияси генерали.

Uzmetronom мустақил интернет газетаси хабарига кўра, Қобил Бердиев Покистон Мудофаа вазирига Ўзбекистонга тегишли юкларнинг Гавадар ва Карачи портлари орқали ташиш ҳақидаги таклифи учун миннатдорлик билдирган.

Генерал Талат Маъсуд Покистон Мудофаа вазирининг ўзбекистонлик ҳамкасбига иқтисодий соҳага оид таклиф берганини бундай изоҳлади.

- Ҳозирда иқтисодиёт мудофаа соҳасининг кенг тармоқларидан бири ҳисобланади. Чунки ҳеч бир давлат яхши иқтисодиётга эга бўлмай туриб қудратли мудофаа тизимига эга бўла олмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Покистон Мудофаа вазири ўзбекистонлик ҳамкасбига Покистоннинг денгиз портларидан фойдаланишни таклиф қилган бўлиши мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон учун собиқ Совет республикалари ҳудуди орқали юклар ташишдан кўра Покистон портлари денгизга чиқиш энг қисқа йўл ҳисобланади,- деди Покистон армияси генерали Талат Маъсуд.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Кобил Бердиевнинг Покистонга расмий сафари сафари 7 октябр куни тугаши режаланган.
XS
SM
MD
LG