Линклар

logo-print

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари 2010 йилнинг шу даврига нисбатан 67 фоизга кўпайди. Россиядаги меҳнат муҳожирлари бунинг сабабини ўзбекистонлик мардикорларининг сони кўпайганлиги билан изоҳламоқдалар.


Россия Марказий банки тарқатган ҳисоботга кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 1 миллиард 67 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган. Ўтган йилнинг шу даврида эса меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 636 миллион АҚШ доллари жўнатган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган пул жўнатмаларининг 42 фоизи “Золотая корона” тизими ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбек муҳожирлари Россияда ишлаш 2008 йилда бошланган инқироздан бери секин-аста яхшиланиб бораётгани, ҳақиқатан ҳам бу йил Ўзбекистонга бултурги йилларга нисбатан кўпроқ пул жўнатилаётганини айтадилар.

Рязань вилоятида ишлаётган наманганлик Ботиржон исмли меҳнат муҳожири фикрича, Россияда ишлаётган йигитлар аста-секин бу ердаги шароитга мослашиб боряпти ва янги ҳунарларни ўрагняпти. Шунинг учун ҳам, дейди Ботиржон, яхши пул топяпмиз:

- Олдинлари шунақа эди. Кризисдан олдинлари нарх шунақа эди. Унча-мунча пулни ололмасдик ишлаган жойлардан. Ҳозир иш кучлари кам бу ерда. Ўзи ҳамма ҳунарли бўлиб кетди. Унча-мунча ҳунар ўргандик. Олдингиларга қараганда бу йил анча яхши бўлди. Бу йил ойига ўртача 1000 доллардан жўнатдик. Сезондада энди. Қишда энди камаяди,- дейди Ботиржон.

Қурувчилик қиладиган меҳнат муҳожири Россияда ўзбекистонлик мардикорлар сони аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада кўпайиб қолди, бу ҳам пул жўнатмаларининг кўпайишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейди:

- Мисол учун ўтган йилгига қараганда қанча одам кўпайди, қанча одам келди, бу йил одам кўпми, камми, миграционнийга документ қилгани борганда кўрамиз. Олдин бир кунда бориб документ тайëрлаб келардик. Ҳозир бир кунда камида 30-40та очеред бор. Бир кун ичида ҳозир документ ололмайсиз. Одам жуда ҳам кўп,- дейди наманганлик меҳнат муҳожири.

Москвада ишлаётган жиззахлик Холбобо ҳам ўзбекистонлик мардикорлар сони кўпайганини айтади, бироқ Россияда ишга яраша меҳнат ҳақининг ошгани ҳақидаги фикрга қўшилмайди:

- Мана 10 йилча бўлди, келиб кетаяпмиз. Йилдан йилга баттар бўлаяптию ойликлар йилдан йилга камайиб кетаяпти. Бир-икки йилдан бери кризис деб тамоман камайган. Ўзбекистонликлар жуда ҳам кўпайиб кетган. Бир киши келса, янаги йил у билан қариндошлари, дўсти, уч-тўрт-ўн киши бўлиб келишади. Ўзбекистонликлар ҳама жойда бор. Вокзалларда, кўчаларда, дачаларда, ферма борми, жангал борми қаерга бормайин ўзбекистонликлар бор. Кўчада ўрисдан ўзбекистонлик кўп. 10 йил олдин ўрислар мардикор ахтарарди, ҳозир ўрисларнинг ҳар биттасининг уйига агар битта иши бўлса, бир кунда 10та ўзбекистонлик келиб “Иш борми?” деб сўрабюради,- дейди жиззахлик меҳнат муҳожири Холбобо.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Россиянинг ўзида рўйхатга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони икки ярим миллиондан уч миллионгачани ташкил қилади.

Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида тирикчилик қилаётган ўзбекистонликлар сони беш миллиондан саккиз миллионгача бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG