Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:42

"Ўзбекистонда проводниклар ҳам порахўр"


Эркин микрофонга сим қоққан тингловчиларимиз поезд ходимларининг юлғичлигидан ва Ўзбекистонда қарияларнинг ачинарли аҳволидан шикиоят қилишди.

Ўзбекни ўзбек шилади

Москвада ишлаб юрган самарқандлик меҳнат муҳожири “Эркин микрофон”га мурожаат қилар экан, Москва – Тошкент йўналишида қатновчи “Ўзбекистон” поезди проводникларининг юлғичлигидан шикоят қилди.

- Мен Самарқанд шаҳридан. Исмим Файзулло. Моксва шаҳрида ишлайман. 4 октябр куни Қозон вокзалидан укамни жўнатдим.

Озодлик: Қайси поездда?

- Москва-Тошкент Ўзбекистон поездида. 4 октябр куни 23 дан 59 минут ўтганда укамни поездга миндирдим биринчи рақамли вагонга. Руслар билан ишлаймиз. Рус дўстимиз Қозон вокзалига бепул олиб борди. Бир сўм олмади. “Бирга ишлаймиз. Сизлар пул топиш учун келгансизлар. Тушунаман” деб бир сўм олмади. Лекин ўзимизнинг ўзбек пороводниклар эшикнинг олдида туриб, укамизнинг 25-30 кило юки бор эди, 500 рубл олди. Мен “Нимага бундай? Мана бир йилдан бери оиласини, бола-чақасини кўрмади. Ҳаммамиз сарсон бўлиб юрибмиз. Нима учун 500 сўм берамиз? Поездга минмаймиз” десам, “Унда юклар учун мен жавоб бермайман. Ўзингиз жавоб берасиз. Юкларга 500 сўм тўлайсиз” деди. Мен “Ҳаммаси билетнинг ичида бўлиши керакку” десам, “Йўқ” деди.

Озодлик: Ташишга неча кило рухсат берилган?

- Ҳақи 36 кило экан. Қозон вокзалига бориб мен текширдим рус йигити билан. Билет билан 36 кило рухсат берилган экан.

Озодлик: Охири нима бўлди?

- 500 сўм тўладик, вагонга миндирди. Исмингиз нима, десам айтмади. Биттаси 30-35 ëшларда, иккинчиси 50дан ошган. “Бизлар ҳам юқорига берамиз” деди. Ўзбекистон темир йўллар бошқармасининг бопшлиғи эшитиб қўйсин. Москвада сарсон бўлиб юрганлардан ҳам пул ундирасизларми? Ўзбекистон ҳукумати кийим-биош бериб қўйибди уларга, ойлик бериб қўйибди. Бизлар бу ëқда сарсон бўлиб юрибмиз. Оиламизга 10-15 кило совға олиб борамиз десак, 500 сўм пул олди. Россия рублида олди. Кейин рухсат берди. Ўзбекистон темир йўллар бошқармаси хафа бўлишмасин. Улар олмаса керак. Проводниклар ўзлари тўқийди. Биринчи рақамли поезд. 4 октябр куни 23.59да жўнади. Бугун Тошкентга 18.30ларда етиб боради, дейди Москвада меҳнат қилаëтган самарқандлик Файзулло.

Азиз тингловчи, самарқандлик тингловчимиз конкрет кунда, конкрет соатда йўлга чиққан конкрет поезднинг конкрет вагонида ишлайдиган конкрет проводниклар устидан шикоят қилди.

Ўзбекистон темир йўллари компанияси бу шикоят устидан конкрет текширув ўтказиб, конкрет чоралар кўради, деб умид қиламиз.


Эфирга узатилмаган гаплар

“Эркин микрофон”га 7 октябр куни мурожаат қилган тингловчиларимиздан кўпчилигининг айтганлари алоҳида ўрганишни талаб қилувчи масалалар бўлгани учун уларни эфирга узатмасликка қарор қилдик.

Масалан, Бухоро вилояти туманларидан бирида истиқомат қилувчи ўқитувчи йигит “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилиб, Озодлик радиоси орқали бир неча бор чиқиш қилгани учун ўзи ишлаётган мактаб ва туман халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан таъқиб қилинаётгани тўғрисида гапирди.

Биз бу масалани яқин кунларда алоҳида ўрганишга ваъда бердик.

Бошқа бир тингловчимиз – ўзини Абдужалил Алиматов деб таништирган, Фарғона вилоятидаги туманлардан бирида яшовчи тингловчимиз “Эркин микрофон”га мурожаат қилар экан, ўзи яшаб турган тумандаги бир ташкилотда катта миқдорда маблағ ўзлаштирилаётганидан шикоят қилди.

Табиийки, бундай маълумотни ҳам зарурий суриштирувлар ўтказмай туриб “Эркин микрофон” доирасида Сиз тингловчига етказа олмаймиз. Буни жаноб Алиматовга тушунтирдик. Ва масалани махсус ўрганишга ваъда бердик.


“Ўзимни эмас, кексаларни ўйлаяпман!”

“Эркин микрофон”га мурожаат қилган яна бир тингловчимиз радиомизнинг содиқ тингловчиларидан – бухоролик Иброҳимжондир.

Иброҳимжон ўзи учун эмас, бошқалар учун – пенсионерлар учун қайғуриб мурожаат қилди “Эркин микрофон”га.

Маълумингизки, яқинда қабул қилинган янги қонунга кўра, ўзбекистонлик пенсионерлар ҳар 6 ойда қайддан ўтиб туриши лозим.

Ҳукумат пенсия таъминотида янги тартибни жорий қилар экан, буни айрим фуқаролар томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш зарурати билан изоҳлаган.

Иброҳимжоннинг фикри бундай бўлди.

- Бирники мингга, мингники туманга бўлмаслиги учун алоҳида қонун ишлаб чиқилгани яхши эдию, мана шунақа суиистеъмол қиладиганларга қанақадир чора кўрилганию, лекин кўпчилик марказдан узоқда яшайдиган одамларнинг қийналишига йўл қўймаса бўлардию, суиистеъмол қиладиганларнинг ўзини қанақадир қонуний чоралар кўрилса яхши бўларди. Чунки пенсия оладиганларнинг кўпчилиги, масалан, кекса одамлар. Марказдан узоқда турадиган одамлар. Ҳамманинг ҳам шароити кўтаравермайди марказга бориб қайддан ўтишга, дейди Иброҳимжон.

Ногиронлик пенсияси оладиган Иброҳимжоннинг ўзига бу тартибнинг алоқаси йўқ.

- Янги чиқарилган тартибини ҳали бизларга алоқаси йўқ. Бизлар ҳар олти ойда қайддан ўтмаймиз.

Озодлик: Сизга нима учун алоқаси йўқ?

- Менга алоқаси йўқки, биз ҳар олти ойда нима қилмаймиз. Менинг оладиган пенсиям қарилик пенсияси эмас. Меники ногиронлик пенсияси. Бир умр кетадиган нарса у. Бизларга ҳозирча бу нарса жорий қилинган эмас, дейди Иброҳимжон.

Демак, Иброҳимжон ўзини ўйламаяпти. Бошқаларни – қариялик пенсияси оладиганларни ўйлаяпти.

- Яқинда чиққан ҳар олти ойда пенсионерлар қайддан ўтиб туришлиги мажбурияти юклатилган қонуннинг қайтадан кўриб чиқилгани яхши бўларди. Кўпроқ мен кексаларга ачинаяпман. Қишлоқларда яшайдиган, туман, шаҳар марказларидан анча узоқда яшайдиган кексаларга ачинаяпман холос, дейди Иброҳимжон.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG