Линклар

logo-print

Россия Марказий Осиёдан газ импортини камайтирмоқчи


Газпром Марказий Осиёдан келадиган газ қувурларининг баъзиларида жумракни бураб қўйишига тўғри келадиганга ўхшайди.

Газпром Марказий Осиёдан келадиган газ қувурларининг баъзиларида жумракни бураб қўйишига тўғри келадиганга ўхшайди.

Россиянинг Газпром ширкати Марказий Осиё, хусусан ўзбек газини сотиб олишга 8,3 миллиард доллар сарфлашини эълон қилди. Бу сотиб олинадиган газ ҳажми кескин камайтирилади деганидир.


Россия газ сотиб олишни камайтиради


Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон Газпромдан ўз газини жаҳон бозоридаги ëнилғи нархига қараб белгиланган “европача формула” асосида сотиб олишни талаб қилганидан сўнг, Россия газ импорти ҳажмини 29 млрд куб метрга камайтиришни режалаштираётгани айтилмоқда. Газпром Марказий Осиёдан 2011 йилда қарийб 39 млрд. куб метр газ сотиб олиш режалари ҳақида айтиб клеган.

“Ведомости” нашрининг хабар қилишича, 27 сентябр куни бўлиб ўтган Газпром директорлари Кенгашида тасдиқланган ҳужжатда Марказий Осиё газига ширкат бюджетидан 8,3 млрд АҚШ доллари ажратилгани кўрсатилган.

“Ведомости”нинг Газпром ширкатидаги манбаларга таяниб ёзишича, яқин келажакда Марказий Осиё газининг 1000 куб метри ўртача 293,4 долларга баҳоланиши мумкин.

“Нима бўлганда ҳам, 2012 йилда Газпром сиёсат ва шахсий фойда ўртасидаги мувозанатни сақлашга уринади, чунки Марказий Осиё газини сотиш даромадли иш: унинг экспортига (Россия нефтидан фарқли ўлароқ) 30 фоизли бож солиғи солинмайди - расман газ Россия ҳудудидан транзит қилинади”, дейди ўзини таништирмаган Газпром ходими.

Газпром ва Марказий Осиё ҳукуматлари ўртасидаги газ бўйича шартномалар тафсилотлари доимо сир сақланиб келинган. Бу сафар ҳам концерн расмийлари мазкур хабарни изоҳлашдан бош тортди.

Газпром босим остида қолди...


Мутахассислар Газпромнинг Марказий Осиёдан сотиб олинаётган газ ҳажмининг кескин камайтирилиши ортида нафақат томонларнинг нарх масаласидаги келишмовчиликлари, балки ширкатнинг бошқа минтақаларида бошланган жиддий муаммолари ётибди, деган фикрни илгари сурмоқда.

Москвадаги Миллий энергетика хавфсизлиги жамғармаси бош директори Константин Симонов Газпром муаммолари Украинани айланиб ўтиб Европага газ қувурини ётқизиш лойиҳаларидан бошланган, деган фикрда.

Озодлик билан суҳбатда у “Россия ўз сиёсий амбициялари ва “Шимолий оқим” қурилишидан воз кечиб, янги транзит мамлакатлари билан музокара олиб боришдан кўра Украина билан келишиб олиши керак”, дейди.

- Шу сабабдан Россия “Жанубий оқим” қурилишидан ҳам воз кечиши мумкин ва Туркияга ён босиши ҳам шарт эмас эди, чунки вазиятини яхши англаётган турклар Газпромнинг бошқа иложи йўқлигини ҳам тушунмоқда, дейди эксперт Константин Симонов.

Симоновнинг сўзларига кўра, Туркия газ масаласида Россия учун Украинага ўхшаш тамагир давлатга айланиб бормоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг сентябр охирларида Анқара Газпром билан газ бўйича илгари имзолаган шартномаларидан бирини узайтирмаслик қарорини эълон қилди. “Россия бизга сотилаётган ёнилғи нархини камайтиришни истамади, ваҳоланки биз бир неча маротаба бу ҳақда илтимос қилган эдик”, дея изоҳ берди Туркиянинг энергетика ва табиий ресурслар министри Танер Йилдиз.

60 фоиз Россия газини сотиб оладиган Туркия билан можаролар бугунги кунда Газпромнинг ягона муаммолари эмас.

Октябр бошларида Еврокомиссия талаби билан монополия қоидаларини бузганликда айбланган Газпромга қарашли Европадаги қатор компаниялар идораларида тинтув ўтказилди. Бу масалада ўз фикрини билдирган Россия бош вазири Владимир Путин Газпром раҳбари Алексей Миллерга вазиятни шахсан ўз назоратига олганини таъкидлади.

Россия бўлмаса, Хитой...


Хўш, Россия газ монополистининг Марказий Осиёдан гази ҳажмини сотиб олишни камайтириши Ўзбекистонга қандай таъсир ўтказади?

Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан, тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров Газпром сотиб олинаётган газни камайтириш ҳақидаги қарори Ўзбекистон ёнилғи-энергетика бозорига жиддий зарар келтирмайди, деган фикрда.

- Менимча, Марказий Осиё, хусусан, ўзбек газини сотиб олинишининг камайиши Газпром олиб бораётган сиёсат ва умуман энергетика бозорида газга бўлган талабнинг сусайиши билан боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистон учун бу янгилик эмас. Ҳа, қандайдир йўқотишлар бўлади, лекин Хитой билан имзоланган шартнома тўлиқ ишга тушиб кетса, Ўзбекистон газ экспортидан кўрган зарарни бемалол қоплаши мумкин. Аммо айтиб ўтишим керак, Ўзбекистоннинг экспорт қилиш имкониятлари 15 млрд куб метр билан чекланган, чунки Туркманистон ва Қозоғистондан фарқли ўлароқ бизда ички бозоримизда газга бўлган эҳтиёж катта,- дейди таҳлилчи.

Поваровга кўра, ўзбек газчилари 2020 йилга келиб янги қонларни ишга тушириш ҳисобига газ экспортини 27 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда.

Дмитрий Поваров Ўзбекистон учун Хитой билан имзоланган шартнома натижалари жуда муҳим ўрин эгаллайди, деган фикрда.

“Марказий Осиё билан газ масаласи Россия учун иқтисодийдан кўра кўпроқ сиёсий аҳамиятга эга”, дея давом этади таҳлилчи Поваров.

- Газпром ўзини шундай вазиятга тушириб қўйганки, бошқа мамлакатларни бозорга йўлатмаслик учун Марказий Осиё газини сотиб олишга мажбурдир. Қолаверса, Газпром ўзи Хитойга газни экспорт қилиш ниятида. Шу сабабли, Россияга сотилмай қолган газнинг Хитойга кетиб қолиши турган гап. Лекин ҳамма гап Хитой газни Ўзбекистондан сезиларли даражада арзонроқ нархда сотиб олишни истаётганида,- дейди "Uzbekistan Today" нашри таҳлилчиси Дмитрий Поваров.

2008 йилга қадар Марказий Осиёдан 50-60 миллиард кубометр газни ҳар минг кубометри учун 110 доллар атрофида сотиб олган Газпром, айни шу газни Европа, Хитой ва Украинага қарийб уч баравар қимматга – 300 доллардан сотиб келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG