Линклар

Тожикистон Хитойга ер берди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга кўра, Хитойга ер берилиши билан икки давлат ўртасидаги тортишувларга барҳам берилди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга кўра, Хитойга ер берилиши билан икки давлат ўртасидаги тортишувларга барҳам берилди.

Тожикистон баҳсли ҳудуднинг 3 фоизини расман Хитой ихтиёрига топширди.

Тожикистон чегара қўшинларидаги манбанинг маълум қилишича, баҳсли ҳудудни расман хитойликларга топшириш маросими 20 сентябр куни Тожикистоннинг Мурғоб чегара ҳудудида бўлиб ўтган. Лекин Хитой томони бу борада мамлакат миллий байрами арафасида эълон қилишни афзал деб билган. Чунки Хитой мулозимларига кўра, бу шу пайтгача давлат чегара масаласида эришган энг катта ютуқ саналади.


Юз йиллик тортишувга нуқта қўйилдими?

Тожикистон ўз ҳудудининг уч фоиз майдони ёки тахминан бир минг бир юз ўн икки квадрат километр ерини Хитойга бериши ҳақидаги протокол шу йил 12 январ куни бу мамлакат парламенти қуйи палатаси томонидан ратификация қилинганди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий бунинг ортидан Хитой ва Тожикистон ўртасида юз йил давом этиб келган ўзаро баҳсларга сўнгги нуқта қўйилганини ва бу эса “тожик дипломатиясининг ютуғи” эканини таъкидлаган эди.

Айни пайтда Геодезия идораси мутахассислари шўролар замонида шарқий Помирда ўн етти турдаги фойдали қазилмалар борлиги аниқланганини ва Хитой ўша замонлардан конга бой бу ҳудудни эгаллаш илинжида бўлиб келганини айтмоқдалар.

Тожикистоннинг ана шундай конга бой ҳудуди Хитой ихтиёрига ўтиб кетиши ва Хитой чегара чизиғи Тожикистон ҳудуди ичкарисига сурилиши ортидан тожик жамиятида яна янги баҳсларга кўтарилмоқда.

Тожикистонлик таҳлилчи Зафар Абдуллоев фикрича, мамлакат ҳудудининг Хитой ихтиёрига бериб юборилиши республика тарихида қора доғ бўлиб қолади.

- Бир томондан Хитой билан юз йиллик баҳсларга нуқта қўйилди. Аммо бошқа томондан ҳудудимизни хитойликлар ихтиёрига бериб юборган иқтидордаги ҳукумат мулозимлари ҳали кўп йиллар таъна -дашонмларига учрайди. Мана, Аляска баҳси орадан шунча йил ўтиб ҳам давом этиб келаяпти. Ҳукуматнинг бу иш ҳали узоқ йиллар одамлар хотирасида сақланиб қолади, - дейди Зафар Абдуллоев.


Хитой иддаоларидан бош тортмайди

Айрим таҳлилчилар Тожикистоннинг ўз ҳудудини Хитой ихтиёрига топшириши бу мамлакат асосий қонунига зид тарзда, яъни ўша ҳудуд аҳолиси розилигисиз амалга оширилганини айтмоқдалар.

Аснода Тожикистон ташқи ишлар собиқ вазири Худойберди Холиқназаров бундан сўнг Хитой томони бошқа ҳеч қачон “чегара чизиғи” даъвосини қилмаслигига ишонади.

- Биз 999 километр квадрат берган бўлсак, Россия биздан уч баравар кўп ерини Хитойга берди. Қозоғистон эса икки баравар кўп. Лекин уларда бу масала баҳсга тортилмайди. Ахир биз Хитой билан ер бериш баҳсини ҳал қилганимиз йўқ, балки чегара баҳсини ҳал қилдик. Мана шунинг билан ўртадаги баҳслар ўз ечимини топди, уларнинг бошқа даъвоси йўқ, -дейди собиқ вазир Холиқназаров.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутати Саидумар Ҳусайни эса Тожикистон ерининг Хитой ихтиёрига топширилиши масаласи энди сиёсий тус олиши мумкинлигини айтади.

- Агар ҳукуматнинг гапига ишонадиган бўлсак, шу парча ерни бериш билан Хитой ер даъвосини тўхтатади. Биздаги маълумотларга кўра, Хитой биздан жуда катта ер талаб қилган. Яъни шу 3 фоиз билан масала ўз ечимини топмайди ва ҳеч қайси ҳужжатда Хитой бошқа даъво қилмаслиги ҳам қайд этилмаган, - деди тожик депутати.

Тожикистон Самарқанду Бухородан воз кечгани йўқ

Ҳусайни жаноблари ўз сўзи давомида расмий Душанбе Самарқанд ва Бухоро даъвосидан кечмаганини, бир кун фурсат келса, албатта, Тожикистон бу қадимий шаҳарларни қайтариб олишини қистириб ўтди.

Ҳусайни фикрича, Хитой ўз ҳудудини Хоруғ (Тожикистон Тоғли Бадахшон вилоятидаги туман,- таҳр,) ёки Тошкентгача кенгайтиришга оид ўтган асрнинг 50 йилларидаги ғоясидан воз кечмаган.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон қўшниси Ўзбекистон билан ҳам чегара ҳудудларини тўла аниқлаштириб олгани йўқ.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегараларини демаркациялаш ва делемитациялаш атрофида бошланган ишлари ҳануз ниҳоясига етмаган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тўртта энг баҳсли ҳудуд мавжуд бўлиб улардан бири Тожикистон шимолида жойлашган Фарҳод ГЭСи ва унинг тўғони масаласидир.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларининг 70 фоизи белгилаб олинган ва бу томонлар парламентлари томонидан ратификация ҳам қилинган.

Ўзбек-тожик чегарасининг қолган 30 фоизини демаркациялаш ва делемитациялаш атрофида баҳслар эса ҳамон давом этаётганини айтадилар тожик расмийлари.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Тожикистон ҳудудининг 28,5 минг квадрат километри баҳсли ҳудуд саналади.

Бу эса, вазирлик масъулларининг айтишича, бутун мамлакат ҳудудининг деярли 20 фоизини ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG