Линклар


Америкалик конгрессмен, Демократлар партияси вакили Говард Берман Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбири Давлатмурод Ёзгулиевга чиқарилган ҳукмни "сиёсий мотивларга асосланган" дея баҳолади.

Берман Туркманистон ҳукумати Ёзгулиевнинг апелляция жараёнида ҳукмни қайта кўриб чиқиб, журналистни озод қилишига умид қилишини билдирди.

5 октябр куни Ахал вилояти Қақа туман жиноий ишлар суди Давлатмурод Ёзгулиевни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди.

Суд ҳукмига кўра, Ёзгулиев яқин қариндошини ўз жонига қасд қилишга мажбур қилганликда айбдор деб топилди.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти Ёзгулиевга қўйилган айбловларни "беъмани айблов" дея атаб, Ёзгулиев ўзининг журналистик суриштирувлари ва Интернетдаги мақолалари учун маҳкамага тортилган деб ҳисоблайди.

Ёзгулиев жорий йилда Ашхобод яқинидаги Ободон ҳарбий омборидаги портлаш ҳақида биринчи бўлиб маълумот берган туркман журналистидир.

43 ёшли Давлатмурод Ёзгулиев жорий йилнинг 27 сентябр куни Ахал вилоятида, ўз уйида ҳибсга олинган.

Давлатмурод Ёзгулиев 2007 йилдан буён Озодлик радиосининг туркман хизматида мухбирлик қилади.
XS
SM
MD
LG