Линклар


АҚШ президенти Барак Обама Нобел тинчлик мукофоти соҳибалари бўлган уч аёлни ғалабага элтувчи маънавий руҳ ва эркинликнинг ёрқин тимсоли сифатида таърифлади.

Обамага кўра, аёлларнинг жамоатчилик ва сиёсий соҳадаги ютуқларини ҳурмат қилган мамлакатлар бошқаларга нисбатан кўпроқ муваффақиятларга эришиши мумкин.

2011 йилги Нобел тинчлик мукофоти уч нафар аёлга - Либерия президенти Эллен Жонсон Сирлиф, унинг ватандоши Лейма Гбовии ҳамда аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ва демократия фаоли яманлик Таваккул Карманга берилди.

Осло шаҳрида Норвегия Нобел қўмитаси улар “аёллар хавфсизлиги учун тинч йўллар орқали курашгани ва тинчлик ўрнатишда аёлларнинг тўлиқ иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилганлиги учун” нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлгани билдирди.

Либериялик сиёсий фаол Лейма Гбови 2002 йилда аёлларнинг тинчлик учун ҳаракатини тузган.

Жонсон Сирлиф ушба ҳаракат аъзоларининг қўллаб-қувватлаши билан 2006 йилда Африканинг демократик йўл орқали сайланган биринчи аёл президенти бўлди.

Таваккул Карман 2005 йилда сўз эркинлиги ва демократик ҳуқуқлар ҳимояси билан шуғулланувчи “Занжирсиз аёл журналистлар” номли гуруҳ тузган.

Бу гуруҳ 2007 йилдан 2010 йилга қадар Яман пойтахти Санаанинг Озодлик майдонида доимий равишда намойишлар уюштириб келган.
XS
SM
MD
LG