Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Тазарруга етган Дунё мағзини англайди


Бу сатрлар "Шоир билан суҳбат" дастурининг навбатдаги меҳмони Авлиёхон Эшон қаламига мансуб.

Оëғимни бердим ëлғиз дарахтга,
Йўл босди сувларга тўкиб гардини,
Елкамдан юкимни олган чумоли,
Орқалаб югурди дунë дардини.

Қадимий пўстини ечган илонлар,
Теримни ëпиниб ухлагай тунда,
Тилим узиб берсам пари балиқлар,
Ишқ дея қанотин ëзди ойдинда.

Кўксимни куйдирган сархуш шамоллар,
Тиканлар илдизин терди дилимдан,
Суягим най қилиб чалсалар ўйнаб,
Қушлар пайдо бўлди, тўзган кулимдан.

Кўзларим гавҳарму қабоғим садаф,
Жисмим талош бўлди ëрилгунча ул,
Ҳар икки елкамнинг устига қўниб,
Бўғзимдан шаккарлар тўқмоқда булбул.

Шунча йил ëдимга тушмаган кўнглим,
Саҳро тоши янглиғ ëтибди қизиб,
Талаб аҳли борми ҳатто қуюнлар,
Ëввойи бу гулни кетмайди узиб.

Озодлик: Авлиëхон ака, мана мен сизнинг ижодингизни анча йиллардан бери кузатиб бораман. Сизнинг йўналишингизда асосий йўналиш тасаввуф йўналиши деган хулосага келганман. Ўзингиз биласиз тасаввуф 500-600 йиллик тарихга эга. Бугунги кунда адабиëтда ҳар хил измлар кўпайиб кетди. Адабиëтда, шеъриятда янги шакллар пайдо бўлди. Бугунги измларга тўлиб кетган шеъриятда тасаввуф эскириб қолмадимикан? 21 асрда тасаввуф эскирмадими?

- Менимча, 20-асрда тобора шунга эҳтиëж кўпроқ сезила бошлади деб ўйлайман, ҳозирги кунларимизда. Чунки мен бундан 5-6 йил муқаддам Герман Гессенинг бир китобини ўқиб чиққан эдим. Ўша ердан шоир деган иншони шеърий йўл билан таржима ҳам қилганман. Ўша новеллада айтилишича, Хансу деган ëш шоир сўз устасига шогирд тушади. Сўз устаси билан бирга кетган шоир юртига, қишлоғига қайтиб келса, орадан 100 йил муддат ўтиб кетган бўлади. Лекин Хансунинг шеърларини тинглаганлар мамлакатда ҳақиқий шоир туғилганига гувоҳ бўлишади. Бу гапни айтишдан мақсадим шуки, “Чинакам шоир 100 йилда бир дунëга келади”, деган шарқона гапнинг нақадар тўғри эканлигининг шу ерда исботини кўриш мумкин. Чунки ҳозирги бизнинг шеъриятимизда жуда ҳам осон йўлни танлаб шеъриятнинг кашфиëт эканини англамасдан енгил-елпи ëзиб ташлаëтган қаламкашларни кўрсам, ўша қаҳрамон Хансу ëдимга тушади. Лекин бунинг учун мана шу шеър ëзишга ружу қўяëтган истеъдодсиз кишиларни айблагим келмайди. Чунки адабий давраларда кўп айтиладиган шеърнинг содда ва оммафахм бўлиши ҳақидаги фикрлар ëшларимизнинг ижоди, ривожи учун фойдали бўлмади. Ана шунинг учун ҳам биз бугунги кунда чинакам тасаввуфга қараб юз ўгиришимизга тўғри келади деб ўйлайман. Шеър ўқувчини, шеърхонни мулоҳазага ўргатиши керак деб ўйлайман. Мушоҳадага ўргатиши керак дейман. Ана шу нуқтаи назардан агар тасаввуфий шеърлар бўлса, бу дунëнинг, оламнинг мазмун ва моҳиятини янада яхшироқ тушунишимизга ëрдам беради деган хаëлга бораман. Инсоннинг руҳий дунëси жуда мураккаб. Унинг қалбида қарама қарши фикрлар, туйғулар, кечинмалар яшайди. Баъзан шоир, инсон ўзини ўзи тушунмай қолади. Ўзига қарши боради. Демак шоир инсонни таҳлил ва талқин этар экан унинг ëзганлари ҳам ҳаммага тушунарли бўлмаслиги аëн бўлади. Бизда бир ғалати одат пайдо бўлган. Бу ўша ибн Арабийдан тортиб, ўшандан маълум бир муддат ўтгандан кейин шоирларимиз ўзларининг шеърларига бир юк бермоқчи бўлиб, шеърнинг қадрини кўтармоқчи бўлишиб, исталган шеърни тасаввуфга олиб бориб тақашганларининг гувоҳи бўламиз. Айни кунларда ҳам бизда жуда кўп шеърлар берилаяпти. Ана шу шеърларни бизнинг мунаққидларимиз, адабиëтшуносларимиз тасаввуфга боғлашади. Мненинг назаримда булар ҳаммаси ҳаëтий, заминий шеърлар ҳисобланади. Чунки тасаввуф деганда мен масалан дунëни англаш, Оллоҳни англаш деб тушунаман.

Озодлик: Айни пайтда расмий дин вакилларининг нуқтаи назаридан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, сўфийларга, айнан мана шу тасаввуф йўлида ижод қилувчиларга кўпроқ салбий муносабат билдирилаëтганига гувоҳ бўламиз. Мана шу расмий дин вакиллари билан сўфийлар орасида қандайдир ихтилоф борга ўхшайди ва бунинг сабабини нимада деб биласиз?

- Бунинг сабаби ҳали бизнинг тасаввуфга чуқур етиб бора олмаганимизда деб ўйлайман. Масалан дейлик маълум бир шеърда, бу албатта ниманидир тарғиб, ташвиқот қилинмайди масалан тасаввуфий шеърларда. Балки инсоннинг, одамнинг, дунëнинг бир моҳиятини изланади деган қарашларда борман. Шунинг учун масалан тасаввуфни тўғри тушунган одам ҳеч қачон ундан зарарли нарсаларни излаб топа олмайди. Агар хўп десангиз, мен тасаввуфий нима берилган узунроқ бўлса ҳам шеъримни ўқиб берсам.

Озодлик: Мен тасаввуф ҳақидаги суҳбатимизга якун ясашдан олдин битта савол бермоқчи эдим. Мана шу саволдан кейин шеърни ўқисак. Бугунги кунда сўфий шоирга, тасаввуф йўналишидаги шоирга яшаш осонми?

- Умуман ҳамма шоирларга ҳам осон бўлмаган. Чунки ўзининг юрагини сиқиб яшайдику. Шоир зоти шунақа бўлади. Халқнинг дардини, халқнинг юраги, кўзи бўлади. Шунинг учун умуман ҳамма шоирларимизга ҳам ҳеч қачон осон бўлмаган. Тасаввуфий, мутасаввиф шоирларимиз аксинча бугун маърифатни олдинга чорлаб, маърифатни етаклаб юрувчи шоирлар сифатида мен қабул қиламан. Энди масалан ўша тасаввуфий шеърлар жуда ҳам мураккаб ҳисобланади. Бундан қўрқмаслик керак. Мана Нажмиддин Комиловнинг яхши гаплари бор. Гарчи бу киши классик адабиëт вакиллари ҳақида айтган бўлса ҳам айтадиларки, “Ижодкор одам қанчалик буюк бўлса, унинг сўзи шунчалик сермаъно ва зўр умумлаштирувчи қудратга эга бўлади. Уни идрок этиш, тушуниб лаззатланиш ҳам махсус билим ва тайëргарликни талаб қилади” дейди. Ана шу нуқтаи назардан биз ҳали тасаввуфни тўлиқ ўрганиб чиқмаганмиз деган хаëлга бораман.

Озодлик: Мана энди шеърга навбат.

“Бир очун” деган узунроқ шеър

Бу ислимий икки чизиқни,
Қўймайин деб тўсатдан бузиб,
Бу аëлнинг қошига ҳаттот,
Қил қаламни олган юргизиб.

Бирам нозик бармоқлар билан,
Эшилган тун қора сочлари,
Чиройини лафзида шархлаб
Учар кўклам қалдирғочлари.

Юзларидан улгу. ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар,
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзу аëл нигоҳин пойлар.

Офтоб ҳар кун ëлғиз уни деб,
Ер фалакка улашар ҳусн,
Бу аëлнинг қорачиғида,
Уйғонади қадимий афсун.

Юрагимни сеҳрлайди ишқ,
Мулкни талар ҳижрон қўшини,
Қафасидан айро жон қуши,
Ойнага урар тўшини.

Кўзларимдан қора боғични,
Ечиб бўлмас аëл талаби,
Унга таслим бўлурман бирдан,
Бузилади юрак ҳолати.

Бармоғига жонимни ўраб,
Етаклайди унинг қулиман,
Кўкрагимни тўлдирган ҳаво,
Жисмим ердан узар куламан.

Бу аëлга кўнглимни боғлаб,
Тортилади саноқсиз ришта,
“Бу ҳам энди мағлуб бўлди” деб,
Оҳ чекади қирқта фаришта.

Энди аëл ғолиб малика,
Ëйиб ташлар сарват, сепини,
Сувга шўнғиб тошлар тераман,
Маҳкам тишлаб қармоқ ипини.

Бу аëл дор остида,
Ўйнаб тизади маржон,
Маржон тоши тош эмас,
Ип тишлаган қирқта жон.

Борми малҳам истаган,
Юрагин ямоғига,
Келсин, хино қўймоқчи,
Бу аëл бармоғига.

Бўлса агар харидор,
Толим толим сочига,
Дил қонин суртиб қўйсин,
Аввал дор оғочига.

Бўлса агар харидор,
Кимдир боқиб кўзига,
Қолмоқ бўлса ëдида,
Икки қабоғим ситиб
Майдаласин жодуда.

Бор бўлса талаб аҳли,
Кирмасин олов, ўтга,
Жисмим кафанга ўраб,
Солиб келсин тобутга.

Озодлик: Шоирнинг фожиаси шуки, шоир ўзининг шеърини ëзиб қўядида уни халнинг олдига қўйиб қўяди. Уни ўқиган одам кўрар экан, ўқир экан, тинглар экан ўзича хулоса чиқаради.

- Дейлик мен агар битта маънони ўйлаб битта нарса ëзган бўлсам, ўқувчи бошқа маъноларни топса, демак шоир ўз мақсадига эришган бўлади. Баъзан айрим шеърларни ҳатто шоир назарда тутмаган нарсаларни ҳам топа бошлашади. Бу ерда дунë ҳақидаги шеър деб қабул қилиш керак дейман. Чунки дунëга боғланиб қолишнинг фожиаси кўрсатилган шеър сифатида қабул қилсангиз ҳам бўлади. Бу аëл дегани бу дунë дегани. Нафснинг қули бўлганими, такаббурлигими, камчиликларимиз ҳаммаси дунëдан узилиб кета олмаслигимиз ва биз охир-оқибатда дунëга енгилишимиз, ўзимизни енга олмаганимиз, худди Ғаззолий “Нафсга қарши улуғ курашга отланамиз” дегандай биз нафсимизга қарши кураша олмаганимизга оид бўлган шеър сифатида ҳам кўриш мумкин деб ўйлайман. Чунки катта шеър, унинг айрим сатрларини астойдил кўруилса, эҳтимол яна бошқа маънолари чиқади.

Озодлик: Авлиëхон ака, энди ўзингиз ҳақида гаплашамиз. Мен сиз ҳақингизда биринчи марта бундан етти йил олдин хабар топганман ва “Авлиëхон Эшон деган одам қандай одам экан? Қандай қилиб шоир бўлиб қолган экан? Қандай қилиб бу даражада гўзал шеърлар ëза бошлади экан?” деган саволлар пайдо бўлган.

- Менинг шеър ëзишимнинг асосий сабаби раҳматли отам ҳам шоир эдилар. Ўрта мактабда 40 йил ўзбек тили ва адабиëтидан дарс бердилар. Бир-икки йил муқаддам дунëдан кетдилар. Шу кишининг ҳам иккита китоблари чиққан. Биринчиси “Қўшқанот”, иккинчиси “Муножот”. Ўшаларга ҳавас қилиб, дадамнинг 1968-1970 йилларда республика газетасида, бошқа газеталарда шеърларни чоп қилинишини кўриб, шеърга озгина ҳавас бўлган. Уйимизда доимо суҳбатимиз адабиëт ҳақида бўлади. Ота-бола адабиëтга озгина меҳримиз борлиги учун тинимсиз ярим кечаларгача фақат шоирлар ҳақида, шеър ҳақида, адабиëт ҳақида бўлади. Энг биринчи асосий сабабини ўша отамдан мерос сифатида қабул қилишим керак. Отам Шукруллохон Авлиëзода жумҳуриятимизда анча таниқли шоирлардан бири ҳисобланади.

Озодлик: Авлиëхон ака, дастлабки шеърий машқларингизда дарровгина тасаввуф йўлини танламаган бўлсангиз керак. Айнан тасаввуф йўналишига ўтишингизга нима сабаб бўлди?

- Саволингизга тўрт қатор тўртлигим билан жавоб бермоқчиман.

Тасаввурда кўрдим дунë аксини,
Тафаккур маҳали қилдим баҳсини,
Фақат тазарруга етган чоғимда,
Англадим дунëнинг асл мағзини.

Шоир бўладими, одам бўладими маълум бир ëшлигида дунëни фақат тасаввур қилиб кўради. Келажакда мана бундай, ундай ишларни қиламан, дейди. Ëши бир жойга етгандан кейин, аллақачон ақли тўлишгандан кейин у дунëга боқиб тафаккур қила бошлайди. Ақл билан баҳсга киришади, талашади, тортишади, ўзининг фикрини ўтказишга ҳаракат қилади. Фақат умрининг маълум бир жойида ақли тўлишиб, дунëнинг паст баландини билиб, дунëнинг моҳиятини англагандан кейин инсон тазарруга боради. Менимча, бандасининг тазарруга борган чоғидан бошлаб назаримда тасаввуфга кўпроқ эътибор беради деб ўйлайман. Лекин бу дегани ҳамма ëзганларимни тасаввуфга боғлашнинг ҳожати йўқ. Чунки менда ҳаëтий, шу куннинг шеърлари бор. “Оқшом ташбеҳлари” деган шеър бор. Шу куннинг шеъри.

Оқшомгул ëқади чироқларини,
Қоп-қора кўйлакка сачраб кетар чўғ,
Дарахтлар туширар байроқларини,
Шамолнинг қўлида яроғлари йўқ.

Қумғонлар аëлдай оловга кирар,
Бўйнидан тўкилар дуру маржони,
Шўх сувлар илдизга қараб югурар,
Бармоқлар тафтидан яйрайди жони.

Устунлар ўраниб олар чопонга,
Ҳовлини айланиб сўз юрар илиқ,
Сачратиб исини ҳамма томонга,
Ҳокандоз ичида ўйнар исириқ.

Бошига ëқутни қадар осмонлар,
Ўт-ўлан яширар оққушларини,
Супалар устида ўтирган жонлар,
Дуога тўлдирар ҳовучларини.

Сузмалар халтаси олма шохидан,
Тупроққа тўкади қайғуларини,
Ҳурлари гул териб кўнгил боғидан,
Қимйиққа тикади туйғуларини.

Оқшом ўтиб кетар тушиб келар тун,
Ғичирлаб бўшайди эски сўрилар,
Ўчоқлар бошидан ҳайдалар тутун,
Одамдай қорайиб турар мўрилар.

Озодлик: Ҳозир мен яхши кўрган шоир Сергей Есениндан тўрт мисра ëдга тушиб қолди.

Эскилардан қолган битта гап,
Бола бошдан дегани тўғри,
Бўлмасайдим агар мен шоир,
Бўлар эдим қароқчи, ўғри.

Агар сиз шоир бўлмасангиз, ким бўлардингиз?

- Мен шоир бўлмасам албатта уста бўлган бўлардим. Уста бўлишимнинг сабаби шуки, умуман девор тиклашга жуда қўлим келишади. Жуда ҳам чиройли ҳафсала билан, иштиëқ билан қиламан. Агар бордию уста бўлмаган тақдиримда, радиодами, телевидениедами дикторлик қилишим мумкин эди. Агар у ҳам бўлмаса, режиссëрлик қилишим мумкин эди. Умуман ижод билан тегишли бир нарса билан шуғулланган бўлардим. Агар булар ҳам қўлимдан келмаса, ўрта мактабда адабиëт ўқитувчиси бўлиб кун кечирардим деган хаëлдаман.

Озодлик: Устачилик ҳақидаги фикр менга ëқди.

- Мен ўқишни битирганимдан кейин икки-уч йил сақмонда. ишладим қўйда. Қўзилатиш даврида далада эдим. Қирда чўпонлар билан бирга бир-икки йил қатнаб ишладим. Институтни битиргандан кейин далада табелчилик қилдим. Ўша пайтда совхозларимиз бор эди. Ҳатто уч-тўртта китобим чиққандан кейин ҳам колхозда раисга ўринбосарлик қилдим. Уч йил мобайнида фақат пахтанинг ичида, даланинг ичида, одамларнинг орасида юриб пахта етказдик, шоли ўстирдик. Ҳатто уйда баъзан болаларга ҳазиллашаманки, “Агар бордию шоир бўлмаганимда, тўрт-беш киши бўлиб оилавий устахона очган бўлармидик, устачилик қилган бўлардик” деб айтаман.

Озодлик: Авлиëхон ака, сиз шоирнинг жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз? Мана кўпчилик “шоир исëнкор бўлиши керак, шоир жамиятнинг авангардида туриши керак, шир бизнинг муаммоларимизни ҳокимиятдагиларга етказиб бериши керак, бизнинг ҳуқуқимизни талаб қилишимиз керак” дейишади.

- Менинг фикрим шундайки, шоирлар ҳақида дарҳақиқат фикрлар кўп. Баъзан бир пайтлар бир шоирни дарвеш қиëфасида кўришганидан яхши хабаримиз бор. Лекин мен масалан ўша шоирни ўзини ўзи изҳор қиладиган бир одам сифатида кўраманда. У на дарверш, на жамиятнинг пешқадам кишиси, балки ўзини бу дунëнинг қаршисида туриб ўзини изҳор қиладиган одам сифатида деб биламан. Шунинг учун фақат унинг ëзганлари кимнидир етаклаши мумкин, кимгадир таъсир қилиши мумкин, кимнидир йўлга солиши мумкин. Мана шундай оддийгина инсон сифатида қабул қиламан.

Озодлик: Авлиëхон ака, яна шеър эшитсакда, шу билан суҳбатимизга якун ясасак.

Тўртликлар ëза бошладим. Буларни рубоий деб айтиб бўлмайди. Ўша тўртликлардан уч-тўрттасини ўқиб беришим мумкин.

Кўнглим қул, ақлимдир унинг подшоҳи,
Гоҳ ақлим қулайди бўлдим гувоҳи,
Ўтмишда қиëс кўп исëн кўтариб,
Қул ҳам шоҳ тахтига ўтирган гоҳи.

Қай манзил ҳокидандир зуволаси,
Ипакми нурданми кўнглим толаси,
Тош устига тушиб синмайди гоҳи,
Бармоғим тегмасдан чиқар ноласи.

Ўз нафсимдан ғолиб бўлмадим ҳануз,
Ëмғирман садафга тўлмадим ҳануз,
Нечун йиғламайсиз аҳволим кўриб,
Ўз ҳолимга ўзим кулмадим ҳануз.

Дунë маним деди нафси қўпганлар,
Дунë ғамим деди қўрқиб чопганлар,
Бизку аросатда юрибмиз ҳамион,
Бу дунëдан кетди ақл топганлар.
XS
SM
MD
LG