Линклар

Ихтиро муаллифлари орасида Ўзбекистон Фанлар академиясида узоқ йиллар ишлаган нанотехнологиялар билимдони Али Алиев ҳам бор.

Кўринмас одам ёки одамни кўринмас қиладиган қалпоқ ёки ёмғирпўш ҳақида фақат эртакларда ўқиганмиз.

Америкада яшовчи ўзбекистонлик олим эртаклардаги бу ҳолатни реалликка айлантирди.

Далласдаги Техас университети тадқиқотчилари Али Алиев раҳбарлиги остида кўринмас матони ихтиро қилишди.

Сароб эффектини берувчи бу матоҳ углерод нанотрубкачалар асосига қурилган.

- У электр токи таъсирида тез қизийди ва тез иссиқлик ўтказувчанлиги ва юпқалиги билан сароб эффектини пайдо қилишга қодир. Бир қанча молекула қалинлигидаги бу матоҳ ўз оптик диапазонида жойлашган объектларни кўринмас ҳолга келтириши мумкин. Жуда юпқа плёнка, деярли кўринмайдиган плёнка бу. Уни бирон объектни олдига олиб келсангиз, у кўзга кўринмайдиган ҳолга келади. Атрофдаги нарсалар кўринади, уни ортидагилар кўринмас бўлиб қолади, - дейди кашфиёт муаллифи, Далласдаги Техас университети профессори Али Алиев Озодлик мухбири билан суҳбатда.

"Бу ихтиронинг моҳияти ва аҳамияти нимада ва қайси соҳаларда бундан фойдаланиш мумкин?" деб сўраймиз олимдан.

- Тадқиқотларни бошлаганимизда мақсадимиз оптик дефлекторлар, яъни лазер нурларини тез қайтара оладиган материални кашф этиш бўлган эди ўзи асли ва мана бунга эришдик, - дейди Алиев.

Техаслик олимлар яратган кўзга кўринмас матонинг қандай ишлашини Nanotechnology интернет журналидаги видеоматериалда кўриш мумкин.

Доктор Алиев саксонинчи йилларда Ўзбекистон фанлар академиясида ишлаган. Олим ўзбек тилида қийналса ҳам, гапира олади.

- Академияда, электроника институтида ишлаганман, кейин термо-физика институтида ҳам ишладим. Термо-физика институтида 25 йил ишладим. Жудаям ахши вақтлар эди. Хуллас, 2002 йилгача Тошкентда ишладим. Кейин Жанубий Кореяда тўрт йил ишлаб, АҚШга келдим. Ҳозир Далласдаги Техас университетидаман, - дейди Али Алиев.

Ҳозир 56 ёшда бўлган олим нанотехнологиялар борасида 60 дан ортиқ илмий изланиш ҳамда 10 га яқин патент муаллифи ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG