Линклар

Германиядаги Universum Box-Promotion ширкати ўзбек боксчиси Руслан Чагаев яна рингга тушиши ва жанг шу йилнинг ўзида бўлиши мумкинлигини билдирди.

Энг оғир вазн тоифасидаги ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев яна жаҳон чемпиони камари учун рингга тушади ва жанг ҳатто шу йил ўтказилиши мумкин.

Бу ҳақда Чагаевга ҳомийлик қилаётган Германиядаги Universum Box-Promotion ширкати раҳбари Валдемар Клюх баёнот берди.

- Биз Русланга яна бир имкон бермоқчимиз ва уни жаҳон чемпионлиги учун жангга тавсия этамиз. Ўйлаймизки, Руслан чемпионлик камарини қайтариб олиш учун ҳали кўп нарсага қодир, - деди Клюх.

Лекин жаноб Клюх ўзбек боксчисининг эҳтимолий рақиби ким бўлиши ҳақида айтмади.

Руслан Чагаев шу йилнинг 27 август куни Германиянинг Эрфурт шаҳрида россиялик рақиби Александр Поветкинга фақат очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Ўзбекистонлик боксчи бу жангидан қониқмагани ва рингда бор имкониятини ишга солишга муваффақ бўлмаганини айтганди.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлганди.

Руслан Чагаев бир неча йилдан буён Ҳамбургдаги Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Ҳар икки қўли билан кучли зарба беришга қодир бўлгани учун Руслан Чагаев профессионал бокс оламида "Оқ Тайсон" лақабини олган.

Поветкин билан бўлган жангдаги мағлубияти ортидан Озодлик радиосига берган интервюсида Руслан Чагаев мухлисларидан кечирим сўраган ва яна катта рингга тушишини ваъда қилган эди.

- Бу мен учун охирги жанг эмас. Худо хоҳласа, яна жанг бўлади ва чемпионлик шоҳсупасига яна қайтаман, - деган эди Руслан Чагаев.

Ўзбекистонда эса ҳукумат назоратидаги матбуотнинг Руслан Чагаев ҳақида гапирмай қўйганига анча бўлган.

Чагаевнинг 2010 йилги австралиялик Кали Миҳан устидан ғалабаси ҳам, Поветкин билан бўлган жангги ҳам ўзбек матбуотида тилга олинмади.

Маҳаллий аҳоли орасида "Чагаев Ўзбекистондан бутунлай кетиб қолган ва Германия фуқаролигини олган" деган овоза тарқалган.

Руслан Чагаевнинг ўзи эса Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаганини айтади. У барча жангларда Ўзбекистон байроғи остида рингга кўтарилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG