Линклар

Миср Бош вазири мамлакат халқини тинчланишга чақириб мурожаат йўллади.

Бу мурожаат шу йил феврал ойида президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг содир бўлган ва камида 24 одамни ҳаётдан олиб кетган энг йирик тўқнашувлар ортидан янгради.

Бош вазир Эссам Шараф телевидение орқали йўллаган мурожаатида зўравонликлар мамлакатда Ҳусни Муборак режимидан сўнг демократик ҳукуматнинг ҳокимиятга келиш жараёнини издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Бу воқеалар бизни яна ортга итарди ва мамлакат келажаги хусусида ваҳима ҳамда қўрқувни вужудга келтирди. Бу давлатда демократик қадриятларни ўрнатиш томон илгарилаш ўрнига биз яна ортга тисланиб, мисрликларнинг демократия ўрнатиш ҳаракатига тўқсинлик қилаётган ҳам ички, ҳам хорижий яширин қўллар бормикин, деган хавотир билан хавфсизлик ва барқарорлик тиклаш ҳаракатига тушиб қолаяпмиз, - деди Миср Бош вазири.

Тўқнашув насронийлар уларнинг черковига мусулмонлар ва хавфсизлик кучлари ҳужум қилганини даъво қилиб, норозилик намойиши ўтказаётган пайтда содир бўлди.

Тўпалонлар чоғида 200 га яқин одам жароҳатланди.

Бунинг ортидан ўтган тунда Қоҳирада фавқулодда ҳолат жорий этилди ва бугун тонгдан ҳукумат вакиллари фавқулодда йиғилиш ўтказдилар.
XS
SM
MD
LG