Линклар

Собиқ порноактриса Мусулмон кинофестивалида ғолиб чиқди


Халқаро мусулмон кинофестивали Гран-при совриндори Сибел Кекилли.

Халқаро мусулмон кинофестивали Гран-при совриндори Сибел Кекилли.

Қозонда ўтказилган VII Халқаро мусулмон кинофестивалида Гран-При германиялик асли турк актриса Сибел Кекиллига берилгани катта жанжалга сабаб бўлди. Тадбир тугаб, совриндорлар аниқлангач, турк актрисасининг ўтмишда порно-фильмларда иштирок этгани маълум бўлди.


Татаристон Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Илдус Файзов ижоди бошида порнографик филмларда суратга тушган германиялик асли турк актриса Сибел Кекиллига мусулмон фестивалининг асосий соврини топширилгани муносабати билан республика Маданият вазирлигига очиқ хат йўллади.

И. Файзов ва бошқа жамоат арбобларининг норозилигини нафақат Ғарбда порноактриса сифатида танилган Кекиллига фестивал гран-присининг берилиши, балки унинг бир неча марта Ислом ҳақида салбий фикрлар билдиргани туртки бўлди, дейди бу хусусда Озодликка изоҳ берган Татаристон Мусулмонлар диний идораси тарғибот ва ахборот бўлими бошлиғи Ришат Ҳамидуллин.

- Татаристон Республикаси Диний бошқармаси бу фестивалнинг ташкилий қўмитаси билан кенгашгани йўқ, улар танлаган филмларни кўрмаган ва ғолиблар танловида иштирок этмаган. Агар ташкилотчилар мусулмон киноси фестивалини ўтказишни эплай олмаса, биз “мусулмон” деган иборани бу фестивал номидан ўчириб ташлашни талаб қиламиз. Бу фестивал дунёвий бўлсин, биз қарши эмасмиз, лекин уни диний ном остида тақдим этилишига мутлақо қаршимиз,- дейди Ришат Ҳамидуллин.

Дин идораси вакили шунингдек, Татаристон Маданият вазири муовини Гўзал Нигматуллинанинг оммавий ахборот воситаларида берган интервьюсида “Қозон Мусулмон кинофестивали ташкилотчилари Татаристон Мусулмонлар диний идораси билан ҳамкорликда филмларни танлаган”, деган фикрлари мутлақо ҳақиқатга мос эмас, дея қўшимча қилди.

Татаристон Мусулмонлар диний идораси раҳбари Илдус Файзовнинг республика Маданият вазирлиги номига юборган хатда ёзилишича, Сибел Кекилли “зулм - Ислом маданиятининг ажралмас қисми”, деган фикрларни билдирган.

Татаристон Маданият вазирлиги юзага келган вазиятни изоҳлаганича йўқ.

VII Қозон Халқаро мусулмон киноси фестивали ҳужжатларида айтилишича, танлов ҳайъати Гран-при соврини немис актрисасига “Бегона” филмидаги роли учун берган. Актрисанинг ўзи фестивалга ташриф буюрмаган.

Кино экспертлари эса Сибел Кекиллини ҳақиқатан истеъдодли актриса ва татарча “Оскар”га муносиб, деб ҳисобламоқда. Фестивал жюриси иштирокчиларидан бири журналистларга “Агар бизда ҳар бир иштирокчининг ўтмиши икир-чикиригача ковланадиган бўлса, истаган нарсангизи ковлаб олиш мумкин. Бундай ҳолда, анжуман номини ўзгартиришига тўғри келади”, дейди.

VII Қозон Халқаро мусулмон киноси фестивали ижрочи директори Илшат Латиповдан совриннинг кейинги тақдири ҳақида Озодликка буларни айтди.

- Бу маълумотга изоҳ берилмайди. Сизга изоҳ зарур бўлса Мусулмонлар диний бошқармасига мурожаат қилинг. Мен сизга фестивалда ғолиб деб топилган филмлар ҳақида гапириб беришим мумкин. Масалан, бош ҳомиймиз маҳсус соврини, яъни томошабинларнинг алоҳида эътиборини қозона олган ўзбек режиссёри Шуҳрат Маҳмудовнинг “Шарқдан таралган нур” филми бўлди. Бу тўлиқ метражли ҳужжатли филм Абу Али ибн Сино ҳақида олинган илмий-оммабоп филм,- дейди фестивал ижрочи директори Илшат Латипов.

Айтиш жойиз, Ўзбекистондан “Шарқдан таралган нур” филмидан ташқари фестивалда Акбар Бектурдиевнинг “Сўнгги лаҳза” филми ҳам иштирок этди.

Киноанжуман расмийсининг сўзларига кўра, деб хитойлик кино усталарининг “Менинг таъсирчан театрим” номли картинаси Қозон мусулмон кино фестивалида энг яхши филм танланди.

Мусулмон киноси фестивали ташкилий қўмитасидан олинган маълумотга кўра, энг яхши аёллар роли ижрочиси соврини “Бегона” филмида бош ролни ижро этган Сибел Кекиллига, у яшайдиган Ҳамбургга аллақачон юборилган.

Шунингдек, Германия оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотга кўра, Сибел Кекиллининг порнофилмларга алоқаси борлигини билиб қолган отаси ва оила аъзолари ундан воз кечган.

Немси матбуоти актрисанинг отаси Мехед Кикеллининг “Бизда бундай қизимиз йўқ. Бундай шармандаликни кечириб бўлмайди”,- деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Россия мусулмонлар жамоатчилиги совринни Қозонга қайтаришни талаб қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG