Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги порахўрлик, меҳнат муҳожирлигидан қайтган ўзбекистонликнинг ҳикояси, муҳожирликда яшаётган ўзбекистонликнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари "Эркин микрофон"нинг бугунги сонида.


Ҳукуматдагиларнинг чўнтаги тўлмайдими?

OzodSkype манзилига Самарқанддан сим қоққан ëш журналист, Озодлик дастурларида мунтазам тилга олинаëтган муаммо – Ўзбекистон ҳукуматидаги коррупция ва унинг оқибатида мамлакатда юзага келган таҳликали вазият ҳақида фикр билдиришни истади.

- Бу чўнтак қанчалик бўлиши мумкин? Одам ўзининг чўнтагини ўйлаганда ҳам ҳукуматнинг, давлатнинг бу даражага етиши керакмасда. Қарасангиз фуқаролик институтларининг ҳаммаси бузилган, инсон ҳуқуқлари топталган, одамлар босим остида. Тепадан ҳукуматнинг бошқарилиш сиëсати психологик характерга эгада. Қандайдир сионистик бир характерга эга. Мен Тошкентга бордим бир ҳафта бўлди. Метрога тушсангиз ҳам паника. Ҳар бир бекатда “Огоҳ бўлинг. Метро ходимларига хабар беринг, шубҳали нарса кўрсангиз” деган гап. Ҳамма одам бир-бирига шубҳа кўзи билан қараган. Мен ëнимда ўтирган одамлардан сўраб кўрдим. “Нима деяпти? Нимадан огоҳ бўлиш керак ўзи?” десам, “Портлатмоқчи экан кимдир. Бўпти мен кетдим. Чиқиб кетаман” деб мендан шубҳаланиб қўрқиб чиқиб кетди. Бунақа ҳолатда одамлар қандай бирлашиши мумкин? Босимни қандайдир йўллар билан халқнинг устида ушлаб туриш керак. Намойишларни ҳам мисол учун оддий аҳоли қилади. Катта ташкилотларнин бошлиқлари ëки яхши даромад кўриб турган одамларни сиз даъват қилсангиз кўчага чиқиб ҳаққимизни даъват қилишга, уларнинг ичида чиқадигани жуда кам, дейди самарқандлик журналист йигит Озодликдаги ҳамкасби билан суҳбат давомида.


Ўзбекистонда Озодликни соғиндим...

Санкт-Петербургдаги дўконлардан бирида ишлаëтган жиззахлик Наргиза, 15 кунлик таътилга чиқиб, болаларини кўриш учун уйга келганини айтар экан, йилда бир ватанига қайтадиган муҳожир кўзи билан атрофда кўрганларини ўртоқлашади.

- Магазинда мерчендайзер бўлиб ишлайман. Мерчендайзер ўзининг маҳсулотини тахлайди. Пепсида ишлайман. Сок, чипси тахлайман.

Озодлик: Ўзбекистонга қайтиб бордим деяпсиз. Нимани кўрдингиз Ўзбекистонга бориб?

- Ўзбекистонда қурилишлар, пахта ҳамма жой. Ойимнинг мазаси йўқ эди. Инсулт ўтказганлар. Ҳозир бесплатно давлатнинг болницасига борсам, “360 минг берасиз. Бўлмаса, хотя би 300 минг олиб келсангиз, даволаймиз. Йўлини қиламиз” дейди. Ўшанга ўтирибман ҳозир. Пулим камроқ. Ишлаган билан биласиз рўзғор, болаларга кетади ҳаммаси.

Озодлик: Қачон қайтиб кетасиз энди?

- Худо хоҳласа, 1-2-ноябрларда.

Озодлик: Мана сиз Россияда ишлаяпсиз. Эрингиз нима дейди Россияда ишлаëтганингизга?

- Эрим ҳам ўзим билан бирга, ëнимда. Эр-хотин бирга ишлаймиз.

Озодлик: Бола-чақачи?

- Бола-чақа қайнона-қайнотам билан. Мактабда, лицейда ўқишади.

Озодлик: Узоқ муддат бир-бирларингни кўрмасангизлар қанақа бу?

- Иложи йўқ. Ишлаш керак. Уйимиз йўқ. Ўзимиз алоҳида уй қиламиз деб ишлаб юрибмиз.

Озодлик: Мана “Жиззахга бордим. Ҳамма пахтада” деяпсиз. Сиз чиқмадингизми пахтага?

- Ўзи 15 кунгина вақтим бўлса бола-чақани кўриб кетишга пахтага қандай чиқаман? Қайсидир проблемамни ҳал қилишга ҳам успет қила олмайман.

Озодлик: Мана болаларингиз мактаб, лицейда ўқир экан. Улар ҳам чиқишганми пахтага?

- Болаларим йўқ. Бизники художественний лицей бўлгани учун булар чиққани йўқ. Булар пока кўз тегмасин яхши. Бошқа мактабларни билмадиму бизникилар чиқишмади.

Озодлик: “15 кун вақтим бор, вақтим зич. Лекин Озодликни қидираяпман” деб телефон қилаяпсиз.

- Озодлик ëқади. Эшитаман, хабардор бўламан. Ўзбекистон ҳақида, оëғим етмаган жойлар ҳақида эшитиб, ҳар доим эшитиб юрадиган каналим бўлгани учун, қизиқарли бўлгани учун қидирдимда.

Озодлик: Ўзбекистонда Озодликни топиш осонмикан?

- Жуда ҳам қийналдим. Сайтга кириш жуда ҳам қийин бўлди. Ҳозир айтдингиз. Энди Худо хоҳласа кираман. Далнейший кўрамиз.

Озодлик: Радиода эшитса бўлармикан?

- Радиоларда йўқ. Оддий радиода йўқ. Келганимдан қайнотамдан “Озодлик борми сизларда?” десам, йўқ дейишди, дейди йиллардан бери Россияда меҳнат қилиб юрган, айни кунларда эса, Ўзбекистонда бўлган Наргизахон OzodSkype га қўнғироқ қилиб....


Эрсиз ўтишга қарор қилдим....

Бу гапни бир неча йилдан бери онаси билан Таиланд пойтахти Бангкокда ишлаб юрган 26 яшар ургутлик Сабина айтади. Эрга текканларнинг ҳолини кўриб турибман, ҳавас қилгулик жойи йўқ, деб изоҳлайди ўз қарорини ўзбек қизи.

- Фақат ишлайман мен. Ўқимайман ҳеч қаерда. Пойафзал магазинининг эгаси мол олиб келади, бизлар сотамиз. Соат 8да борамиз, 8да келамиз. Бангкокнинг ўзида. Жуда ҳам кўп. Улар ҳар хил бизнес қилишади. Масалан телевизор олиб кетади, телефон, ҳар хил нарсалар бу ердан карго қиладида. Шунисини биламан. Онам мен билан ишлайдилар. Битта жойда ишлаймиз онам билан. Бораман Ўзбекистонга. Ҳар кимнинг туғилган жойида яшагиси келадию. Эрга тегиш ниятим йўқ. Йўқ тегмайман, дейди Сабина.

Ургутлик Сабина эрга тегишни, оилавий ҳаëтни орзу қилиб, унинг афзалликлари ҳақида ишончи бор қизлардан бирортаси бу мавзуда ўзи билан баҳс қилишга журъат қилса, Озодликнинг “Баҳс майдони”да гаплашишга тайëрлигини ҳам қўшиб қўйди.

Сабина ҳам OzodSkype мухлисларидан, марҳамат унинг бу фикрига қарши фикр билдирмоқчи қиз-жувонлар бўлса, улар ҳам OzodSkype ëхуд Эркин микрофон учун ажратилган махсус телефон рақамларига қўнғироқ қилсинлар, ëхуд “Сабина билан баҳслашмоқчиман!” деган SMS йўлласинлар. “ Эркин Микрофон”, ëхуд OzodSkype фикрлар баҳси учун ҳамиша очиқ!!!

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG