Линклар

logo-print

Нафақахўрлик гаштини суряпсизми?


Расмий маълумотларга кўра ёши бўйича нафақага чиққан ўзбекистонликлар сони уч миллион киши атрофида.

Расмий маълумотларга кўра ёши бўйича нафақага чиққан ўзбекистонликлар сони уч миллион киши атрофида.

Ўзбекистон Олий Мажлисида фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Депутатлар ўзгартишлар ўзбекистонлик нафақахўрларни ижтимоий жиҳатдан янада яхшироқ ҳимоялаш мақсадида киритилишини айтмоқда, лекин кейинги пайтларда пенсия соҳасида кузатилаётган ҳодисалар турмуши шундоқ ҳам оғир пенсионерлар учун қийин кечмоқда. Пенсия қонунига ўзгартишлар киритиш масаласи кўтарилгани муносабати билан Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида “Нафақахўрлик гаштини суряпсизми?” деган саволни қўйдик.


Тошкентлик Адҳам ака, пайвандчи (Россия)


62 ёшдаман. Москвада пайвандчилик қиламан. Пенсияга чиққан билан менинг пенсиямга бир қоп ун беради Ўзбекистонда. Россиянинг пули бўйича 1200 сўм пул беради менга пенсия. Мен нима қила оламан ўша пулни? Квартплата тўлайманми, ошқозонимга тўғирлайманми ëки бола-чақамга конфет олиб бераманми? Нимага ўзлари отнинг калласидай пулни олишадида, қора халқ индамай юраверади?

Иброҳим Абдуқодиров, бухоролик кўзи ожиз


Ўзим кўриш бўйича 1-гуруҳ ногирониман. 169 минг сўм пенсия оламан. Яшаëтган уйим дом. Квартирада яшайман. Коммунал тўловлар ҳам, ой давомида оилам билан еб-ичишим ҳам, оиламни кийинтиришим, ўзимнинг кийинишим, Худо кўрсатмасин битта-яримтамиз оғриб қолсак, укол-дори ҳаммаси ўша 169 мингнинг ҳисобидан бўлади. Демак, пенсиянинг гаштини суриш ҳақида ҳали-бери орзу қилишимизнинг ўзи ақлга тўғри келмаса керак менимча. Президент ëки бўлмаса ҳукуматнинг катта мансабдорлари, айниқса, президент телевизорга чиққанида аҳолига ижтимоий ëрдам – бу масалаларда жуда чиройли гапларни гапирадилару маҳалла фуқаролар йиғинига бирор-бир эҳтиëж юзасидан моддий ëрдам сўраб борадиган бўлсак, эшитадиган жавобимиз “Мана оладиган пенсиянг киши бошига фалон сўмдан тушаяпти. Сенга моддий ëрдам йўқ” деган жавоб бўлади. Пенсия гаштини суришни ҳали-бери менинг миқдоримда пенсия оладиганлар орзу қилишига асос бўлмаса керак.

Алибой Йўляхшиев, Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоли (Норвегияда сиёсий муҳожир)


Чет элга чиққанимдан бошлаб нафақа даври бошланди дейишим мумкин. Чунки биз ишламадик бир жойда. Биз сиëсий муҳожир бўлиб келдикда. Бизлар учун алоҳида пенсия қонуни бор. БМТ томонидан махсус қабул қилинган. Биздан иш стаж талаб қилинмайди. Фақат ëш талаб қилинади. Бизга Норвегиянинг ўзида ишлаб нафақага чиққанларга нисбатан оз беради. Оллоҳга шукур нафақаси яхши. Мен Норвегия пули билан 12 минг крон оламан. 2000 доллар нафақа беради. Бу Норвегия шароити учун катта пул эмас. Ўзбекистон шароитига олсангиз, жуда катта пул. Норвегия қимматчилик, лекин берадиган нарсаси яхши. Иқтисодий тарафдан Норвегия ҳукуматидан бизнинг ҳеч қачон шикоятимиз бўлмаган. Мана ҳозир нафақадамиз. Норвег шароити билан ҳам бир нарсага муҳтожлигимиз йўқ.

Бухоролик собиқ ўқитувчи Бердиқулов

Пенсия Худога шукур яхши бераяпти. Мен 39 йил ўқитувчилик қилдим. Ҳозир 315 минг атрофида пенсия олаяпман. Менинг нолийдиган жойим йўқ. Шоҳона ҳаëтга етмайди. Лекин кун ўтаяпти, Худога шукур. Шоҳона ҳаëтга етмайди, шоҳона ҳаëт катта ҳаëт. Мен 1994 йилда пенсияга чиққан эдим. Шундан бу ëғига қийналмай яшаб келаяпмиз. Мана президентимиз ўқитувчилар байрамида табриклаш сўзида муродларнинг ичида мактабни энг улуғ мурод, касбларнинг ичида ўқитувчилик касбини энг улуғ, деди. Шу гапига яраша шу касбдагиларга кайфиятини кўтариш учун байрам олдидан ишловчиларнинг иш ҳақини, пенсионерларнинг пенсиясининг 50 фоизи миқдорида байрам пули берса, жаҳонда йўқ улуғ иш бўлар эди деган фикрдаман.

Сурхондарëлик Анвар бобо


Мен (ёшим) 84да. 290 (минг) сўм оламан. Ишқилиб етиб турибди, бўлади. Қаноат қилиб турибмиз борига шукур қилиб. Ўзим 1-гуруҳ инвалидман. Шу билан қўшиб 290 (минг) сўм беради ҳар ҳолда. Бир ўзимга етади. Кампиримиз ҳам 100 (минг) сўм олади. Бўлиб турибди энди раҳмат. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Мен олдин чўпон бўлганман колхозда уруш пайтларида. 1987 йил чиққанман. Шундан бери пенсия оламан.

Искандар Худойберганов, Ўзбекистон Демократик ташаббус маркази раҳбари


(кулиб) Чамамда менинг устимдан кулаяпсиз. Чунки масалан менинг пенсиям 340 минг. Пенсияга чиққан одамларнинг одатда у-бу касали бўлади. Демак докторга мурожаат қилиб ëки мунтазам равишда қанақадир дориларни қабул қилади ва ўшаларни олиб туриши шарт. Бу бир. Иккинчидан, турар жойига пул тўлаши керак. Учинчидан, овқат-повқат, ана кийим-кечакни нарига қўяйлик. Ана ўша берган нафақа пули етмайди. Шунинг учун мен билган пенсионерларнинг ичида ишламасдан гаштини сурган одамни мен билмайман. Ҳаммаси мажбуран ишлайди. Мен ўзим ҳам таржима қиламан. Мен дарсликларни таржима қиламан ëки бошқа бир мақолалар келадими. Агарда буни қилмасам, аҳволим вой эмаску, лекин жуда ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолишим ҳеч гап эмас.

Абдулла Тожибой, Бирдамлик ҳаракати фаоли


(кулиб) Бу биринчи саволингизми? Нафақахўр сифатида мен ҳали нафақани олиб ëлчиб унинг гаштини сурганим йўқ. Менга қанча нафақа ажратади минфин райсабэзлар мен билмадим. Шу кеча-кундузда мен нафақахўр бўлсам ҳам нафақа олиб яйраб, қувнаб нафақахўрликнинг гаштини сураëтганим йўқ.

Тошпўлат Йўлдошев, мустақил таҳлилчи (АҚШда сиёсий муҳожир)


Энди ëшим анчайин ошиб қолган. Пенсияни Ўзбекистонда олишим керак. Қолиб кетди ҳаммаси. Мен 44 йил ишлаб берганман давлатга. Пенсия олмасам ҳам пенсия гаштини сураяпман дейман. Чунки менга берилаëтган ижтимоий ëрдам бошимдан ошиб кетади. Шунинг учун мен бу ëққа келиб қолганимга шукур қиламан. Пенсия олмасам ҳам ижтимоий ëрдам шунчалик кўпки, буни ҳеч қачон мен кутмаганман. Энди мени қабул қилган давлат Америкадан рози бўлиб кетаман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG