Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:17

Андижонда пахта ўғрилари сайёр тарзда суд қилинди


Андижоннинг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудларида пахтани қўшни давлатга сотиш иштиёқи Қирғизистонда тўланадиган нархнинг юқорилиги билан изоҳланмоқда.
Андижоннинг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудларида пахтани қўшни давлатга сотиш иштиёқи Қирғизистонда тўланадиган нархнинг юқорилиги билан изоҳланмоқда.

Избосканлик икки фуқаро пахтани Қирғизистонга сотишга уринган кезда қўлга олингани айтилмоқда.


Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган Избоскан туманининг Янгизамон қишлоқ фуқаролик йиғинида истиқомат қиладиган икки фуқаро пахтани Қирғизистон томонига сотишга уринган кезда қўлга олингани айтилмоқда.

Избоскан тумани Жиноят ишлари судидан олинган маълумотга кўра, 30 ёшлар атрофидаги Хуршидбек Абдужалолов ўзи терган пахтасини ҳамқишлоғи Малика Аҳмедовага сотган.

Бу аёл эса пахтани қўшни қирғизистонлик харидорларга сотишга уринган кезда чегарачилар томонидан қўлга олинган.

- Иш 3 октябрда кўриб чиқилган. Малика Аҳмедовага энг кам иш ҳақининг 10, Хуршидбек Абдужалоловга беш баробари миқдорида жарима солинди, - деди Избоскан туман Жиноят ишлари суди ходими Озодлик билан суҳбатда.

Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистонга чегарадош қисмида пахтани чегарадан нарига ўтказиб сотиш уринишлари ҳақида аввалги йилларда ҳам хабарлар бўлиб турар эди.

Аммо, кейинги йилларда бунга қарши кураш кучайтирилгани боис бундай ҳоллар бироз камайгани айтилган эди.

Жаримага тортилган фуқаролар истиқомат қиладиган ҳудуддаги участка нозирларидан биридан олинган маълумотга кўра, чегарачилар томонидан ушланган икки фуқаро қишлоқ аҳли ўртасида сайёр тарзда суд қилинган.

Участка нозиридан олинган маълумотга кўра, бу ерда гап жами 60 килограм атрофидаги пахта ҳақида бормоқда.

- Бу йигитдан 13-14 киломи пахтани олган бу Малика, деган опахон. Кейин яна бир вояга етмаган боладан ҳам пахта олган. Хуллас, жами 60 кило пахтани чегарадан олиб ўтишга уринган пайтида қўлга олинганда, - деди участка нозирларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

60 килолик пахтани етиштирган фермер Ёқубжон Бўстонов эса воқеа содир бўлган пайтда пахта даласида бўлмаганини айтди.

У Озодлик билан суҳбатининг ёзиб олинишини ва умуман, бу воқеанинг ортиқча шов-шув қилинмаслигини ҳам сўрар экан, жазоланганлар сайёр судда – ҳамқишлоқларининг олдида бу ишга муҳтожлигидан, билмасдан қўл урганини айтган ҳамда бундан пушаймон эканини билдирган.

Ёқубжон Бўстоновга кўра, бунақа пахта ўғирлиги унинг хўжалигида аввал содир бўлмаган. Шунга қарамай, воқеадан сўнг фермер ўз сувчилари ва ишчиларидан пахта даласига қўриқчи тайинлаганини айтди.

Унга кўра, қўриқчилар кундузи теримчилар билан қадамба қадам юрибди. Тунлари эса пахта даласини даврага олиб, тонгга қадар қўриқчилик қилмоқда.

Избоскан туманидаги участка нозирларидан яна бири ҳозир ҳамма бирваракайига пахта теримига жалб қилинганини айтар экан, пахта ўғирлиги жуда қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

Унга кўра, Янгизамон қишлоғида содир бўлган воқеани ўша куниёқ Андижон вилоят телевидениеси тасвирган олган. Сайёр судни тасвирга олган теле-радио журналистлари ҳамда газета мухбирлари воқеанинг икки қаҳрамони билан алоҳида суҳбатлар ҳам қурган.

Биз бу қаҳрамонлардан бири Малика Аҳмедовани топдик ва суҳбатлашишга уринган кезда унинг яқинлари оила-аъзоларидан бири вафот этгани боис суҳбатлаша олмаслигини билдирди.




Андижон вилоятининг Қирғизистонга чегара ҳудудида яшайдиган аҳоли вакилларининг кузатувларига кўра, бунинг боиси Ўзбекистонда терилган пахтанинг ҳар килоси учун 150 сўм, Қирғизистонда эса 500 сўмдан ҳақ тўланишидир.
XS
SM
MD
LG