Линклар

Таниқли ўзбек шоираси Зулфияга атаб Тошкентда бундан 4 йил аввал ўрнатилган ҳайкалга жиддий шикаст етиб, устидаги бўёқ қатлами кўчиб тушди.


Бу хабарни бизга етказган Зулфиянинг тошкентлик мухлиси ўз мактубига фотосувратларни ҳам илова қилди.

Ҳозир АҚШда ижодий сафарда бўлган ëш ўзбек ҳайкалтароши Илҳом Усмон бу суратларни кўздан кечириб ўз хулосасини айтди.

Ҳайкалтарошнинг айтишича, ҳайкал аввалига гипсдан ясалади ва кейинчалик материалга ўтказилади (тош, гранит, мармар, бронза ëки бошқа металл). Фақат материалга кўчган ҳайкалгина ҳайкал ҳисобланади.

- Бу холатда Зулфия ҳайкали гипс ëки цементдан қилиниб устига бўëқ берилган. Ўтган давр давомида бўёқнинг кўчиши ва цементнинг дарз кетиши оддий бир ҳолат,- дейди мутахассис.

Суҳбатдошга кўра, Зулфия ҳайкали монументал ҳайкалтарошлик талабларига зид тарзда ўрнатилган.

Чумчуқ сўйса, қассоб сўйсин


Ўзбекистон халқ рассоми Равшан Миртожиев тарафидан яратилган бу ҳайкал 2007 йилнинг 13 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида халқ шоираси Зулфияга ҳайкал ўрнатиш тўғрисида"ги қарорига кўра, 2008 йилннг 1 март куни тантанали тарзда очилган эди.

Тадбир қатнашчилари - давлат ва жамоат корхоналарининг раҳбарлари, шоир ва ёзувчилар, шоира ижодининг ихлосмандлари, фарзандлари ва набиралари, қариндошлари, жамоатчилик вакиллари, - ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишганида бу ҳайкал эмас балки шунчаки имитация эканлигидан бехабар бўлишган.

“Юртбошининг мунис ва мeҳнаткаш, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр-тоқат ва шукроналик билан яшайдиган ўзбeк аёли, ўзбeк шоирасининг тимсоли акс этиши кeрак, дeган ғояси Ўзбeкистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Равшан Миртожиев ишлаган ҳайкалда тўла ифода этилган” деб ëзган эди 2008 йилда Ўзбекистон ахборот агентлги.

- Аслида бу ўта заиф бир ҳайкал бўлиб, жудоликка мубтало бўлган шоира тимсолини гавдалантира олмаган,- дейди ҳайкалтарош Илҳом Усмон.

Зулфияга ҳайкал ўрнатиш танловида 20 га яқин ўзбек ҳайкалтарошлари иштирок этган эди.

Улар орасида таниқли рассом, ўзбек Монцуси дея ном чиқарган ҳайкалтарош Азамат Ҳатамов ҳам бўлган. (Монцу 20 асрдаги энг машхур француз ҳайкалтароши-таҳр.)

Ўзбекистон бадиий академиясиниг исми айтилишини истамаган арбобига кўра, Зулфияга ким ҳайкал ўрнатиши ва бу ҳайкалнинг қандай бўлиши танловдан олдин маълум бўлган.

- Ўзбекистон президенти ўзини катта ҳайкалтарош деб билади ва Зулфия ҳайкали тақдирини ҳам у белгилади,- дейди суҳбатдош.

Бадиий академия аъзосининг бу иддаосини Ўзбекистондаги "Правда Востока" газетасидаги мақола қисман исботлайди.

“Правда Востока” ҳайкалтарош Р. Миртожиевдан иқтибос келтиради: “Ўзбекистон президенти Ислом Каримов менга шахсан кўпгина маслаҳатлар берди: шоира Зулфиянинг назари қандай бўлиши, қўлларининг қандай ҳолатда туриши, елкасига шарф қандай ёпилган бўлиши...”

Бу мақоладаги фикрнинг мантиқий хулосаси шуки, Ислом Каримов нафақат халқ шоирасига ўрнатилган ёдгорликнинг ташаббускори, балки унинг муаллифи ҳамдир. Ҳайкалтарош эса тайёр ғояни рўёбга чиқарган, холос.

- Аммо ўзини “соҳа мутахассиси” деб билган юртбоши ҳайкал деган нарса мармар ëки металлда мужассам бўлишининг фарқига бормади. Энг муҳими тантана билан ҳайкалга ўхшаган нарса очилса бўлди. Потемкин қишлоғидаги каби,- дейди рассом Илҳом Усмон.

Бундан олдин Ўзбекистон президенти қарори ва маслаҳатига кўра, барпо қилинган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ҳам материалга ўтказилмагани боис нураб кетди. Фарғона шаҳрида Ал-Фарғонийга ўрнатилган ҳайкал тақдири ҳам шундай бўлди.

Ўзбекистонда фақат Амир Темур ҳайкалигина бронзадан қуйилган ҳолос.

Шу кунларда баҳорга зорман


1915 йилда қозон ишлаб чиқарувчи бой оилада туғилган ëзувчи Зулфия Исроилова ўзбек адабиëтининг энг зиддиятли арбобларидан бири.

Машҳур ўзбек шоири Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси бўлган Зулфия унинг ўлимидан сўнг совет мафкурасининг иконасига айлантирилди.

27 ëшида тул қолган Зулфия бошқа эр қилмади.

Зулфия совет цензураси тароғидан ўтмаган туйғуларини сатрлар орасига гизлай олган эди, деб ëзди уни яхши билган ëзувчи Чингиз Айтматов.

Зулфия Халқаро Жавоҳарлал Неру ва Нилуфар мукофотларига сазовор бўлган. Болгариянинг энг обрўли Кирилл ва Мефодий соврини ҳам Зулфияга насиб қилган.

Зулфия ўз салафларидан фарқли тарзда Горбачев ҳурриятини энг самимий тарзда қутлаган шоир сифатида эсланади.

Зулфия 1996 йилда оламдан ўтди.

Зулфия ҳайкали нураб кетгани ҳақидаги хабарни юборган шоиранинг тошкенлик мухлисига кўра, Зулфияга энг зўр ҳайкал унинг дафтарларида қолган ва эълон қилинишини кутаëтган мисраларидир.

Шу кунларда баҳорга зорман
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар руҳсорман
Мевалар ҳам шоҳлардан узик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG