Линклар

Россия Бош вазири Хитойга икки кунлик сафар қилади


Россия Бош вазири Владимир Путин.

Россия Бош вазири Владимир Путин.

Россия Бош вазири Владимир Путин 11 октябр куни Хитойга икки кунлик сафарини бошлайди. Ташриф давомида энергетика мавзуси асосий масала бўлиши кутилмоқда. Бу Россияда 2012 йилда ўтказиладиган президентлик сайловига Владимир Путиннинг номзоди қўйилиши эълон қилинганидан кейин унинг Хитойга биринчи сафаридир.


Пекинда Путин Хитойга газ етказиб бериш ҳақида 30 йилга мўлжалланган шартнома бўйича Хитой расмийлари билан музокара олиб борадиган Россия делегациясига бошчилик қилади.

Томонлар газ нархи борасида келишувга эриша олмагани боис, экспертлар фикрича, Путиннинг Пекинга сафари чоғида газ бўйича шартнома имзоланиши эҳтимолдан йироқ.

Бош вазир етакчилигидаги Россия делегацияси вакиллари Хитой билан савдо масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаган.

Маълумотларга кўра, Москва Хитой билан ўзаро савдони диверсификация қилиш йўлларини изламоқда.

2020 йилга қадар Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми икки баробарга кўпайиб, қарийиб 100 миллиард АҚШ долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Кремл расмийларига кўра, Владимир Путин бошчилигидаги делегация Хитой билан қиймати етти миллиард долларга тенг бўлган йигирмага яқин шартнома имзолаши кутилмоқда.

Сиёсий соҳада Владимир Путин Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао билан учрашув пайтида Суриядаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Россия ва Хитой агар Дамашқ расмийлари ҳукуматга қарши уюштирилаётган намойишларни шавқатсиз бостиришни тўхтатмаса, Сурияга қарши “мақсадли санкциялар” жорий қилишни назарда тутган Ғарб ишлаб чиққан резолюция лойиҳасига БМТ Хавфсизлик кенгашида вето қўйган.

Айни пайтда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Россияда Хитой фуқароси ҳарбий жосусликда гумонланиб қўлга олингани воқеасини шарҳлашдан бош тортди.

Россия Федерал хавсизлик хизмати Россиянинг қанотли ракеталарга қарши ишлатиладиган тизимига оид махфий маълумотларни сотиб олишга урингани айтилаётган хитойлик таржимон ўтган октябр ойида қўлга олинганини маълум қилган.

Ўтган ҳафтада Москва шаҳар суди прокурорлари Хитой фуқаросига қарши жосуслик айбини эълон қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG