Линклар

Пенсионерлар аҳволи кун сайин оғирлашмоқда


Пенсия соҳасидаги "ислоҳотлар" боис қариялар ягона Яратгандан умид қилишдан ўзга чораси қолмаган кўринади.

Пенсия соҳасидаги "ислоҳотлар" боис қариялар ягона Яратгандан умид қилишдан ўзга чораси қолмаган кўринади.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартишлар киритилиши айтилмоқда. Интернетда пайдо бўлган хабарга кўра, Олий Мажлис қонунчилик палатаси қўмитаси ўзгартишларни кўриб чиқиш олдидан мавзуга оид ишчи семинарлар ўтказмоқда. Олий Мажлис депутатлари ўзбекистонлик нафақахўрларни ижтимоий жиҳатдан янада яхшироқ ҳимоялаш мақсадида киритилаётгани айтилаётган ўзгартишларни муҳокама қилаётган бир пайтда кўплаб пенсионерлар давлатдан миллионлаб сўм миқдорида қарз бўлиб қолмоқда. Кузатувчилар фикрича, нафақахўрларга пенсияларини бермаслик учун давлат минг бир бахонани ўйлаб топмоқда.


Яқин кунлар ичида пенсионерларга оид қонунга ўзгартишлар киритилиши ҳақида 12.уз Интернет нашри куни-кеча Ўзбекистон Халқ Демократик партияси фаоллари бир семинарда иштирок этгани ҳақидаги хабар воситасида маълум қилди.

Хабар қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ташаббуси билан “Ўзбекистонда пенсия таъминоти ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари”га бағишланган семинар ўтказилган. Унда қатнашган ЎХДП аъзоларига кўра, семинарда кўтарилган масалалар парламентда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиши муҳокама этилганда фойдали бўлишини таъкидлагани айтилади хабарда. Яъни Олий Мажлисда пенсияга оид қонунни ўзгартиришга атйёргарлик кўриляпти.

Албатта, депутатлар ўзгартишлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада яхшироқ муҳофаза қилиш урнишларининг давомидир, дея таъкидламоқда.

Лекин кейинги ойларда пенсия соҳасида кузатилаётган ҳодисалар шундоқ ҳам турмушлари осон бўлмаган нафақахўрлар учун оғирлик қиляпти.

Масалан, кўплаб пенсионерлар, давлатдан қарз бўлиб қолаётгани ҳоллари кейинги кунларда ҳеч кимни ҳайрон қолдираётгани йўқ.

Бухоролик нафақахўр Абдушукур ака ана шундай пенсионерлардан бири. Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Озодлик билан гаплашган нафақахўрнинг айтишича, яқинда пенсия жамғармаси ходимлари маҳаллий ҳокимият вакиллари билан уйларига келиб, “сизга бир неча йил давомида давлат керагидан ортиқ пенсия тўлаб келган, шунинг учун давлатдан уч миллион сўм қарз бўлиб қолгансиз, тўлаб қўйишингиз шарт”, деган. Бунда, дейди Абдушукр ака, пенсия жамғармаси ходими ортиқча пул тўланганини тасдиқловчи бирор ҳужжат кўрсатишмади.

Тошкент шаҳри туманларидан биридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими ходими кейинги пайтларда бундай ҳолатлар тез-тез учраб турганини тасдиқлади. Лекин ортиқча пул тўлангани исботланмагунча, пенсионердан пул ўндирилмайди, дейди у.

- Бунақа бўлиб туриши мумкин. Лекин пенсия тўловларига оид қонунга мувофиқ ортиқча тўланган нафақа пули суд қарорига кўра ўндирилади. Бунда ҳам масалан, суд қарори чиққач, ҳар ой пенсия пулидан 50 фоиздан ушлаб қолиниши мумкин,- дейди пенсия идораси ходими.

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбанинг Озодлик радиосига айтишича, пенсионерларнинг қарз бўлиб қолаётгани бежиз эмас. Ҳозирда давлат бюджетида катта камомад пайдо бўлган ва ҳукумат бу бўшлиқни ҳар қандай восита, жумладан нафақахўрларга ҳақларини бермаслик орқали қопламоқчи, дейди Озодлик суҳбатдоши. Унинг айтишича, ана шу мақсадда ҳукумат пенсионерларга ҳақларини бермасликнинг минг бир хил бахонасини ўйлаб топмоқда.

Республика бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Олий Мажлиснинг меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмитаси кўриб чиқилаётган қонун ўзгартишлари пенсионерлар ҳақини оширадими ё аксинча қарздор нафақахўрлар сонини оширадими, бу ҳақда изоҳ бермади.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари, узоқ йиллар мамлакат олийгоҳларда ишлаб ҳозирда нафақада бўлган Искандар Худойберганов ҳам ҳукумат ўз муаммоларини аҳолининг энг ювош қатлами нафақахўрлар ҳисобидан ҳал қилмоқчи шекилли, дейди.

- Бу гапларда жон бор. Фақат пенсионерлар эмас умуман бизларнинг халқ чидаб келаяпти. Лекин мана шу Араб давлатларида бўлган воқеалар анча нарсани билдиради. Ҳамма нарса ҳам, сабр-тоқат ҳам охир узиладиган пайт келади,- дейди Искандар Худойберганов.

Нафақахўр кузатувчи ва ҳукуматга яқин манбанинг фикрларини Ўзбекистондаги миллионлаб пенсионерлардан бирортаси давлатни қарздор қилиб қўйгани ҳолати учрамагани ҳамда яқинда ҳукумат чиқарган бошқа бир қарор ҳам билвосита тасдиқлайди.

“Давлат пенсияларини белгилаш ва тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий актлар тасдиқлаш тўғрисидаги” қарор пенсинерларнинг ҳар олти ойда пенсия жамғармасига келиб, ҳақиқатан ҳам пенсионер эканини тасдиқлаб кетишини талаб қилади.

Бундан ташқари кейинги уч-тўрти йил давомида ногиронлик бўйича нафақага чиққанлар учраётган энг асосий муаммо уларнинг пенсия ҳуқуқидан маҳрум этилаётганидир. Бунда ҳатто қўли йўқ ёки кўзи ожиз кишилар ҳам “соппа-соғ”, деб расмийлаштирилиб, нафақа тўлови бекор қилинаётганини кўриш мумкин.

Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ёши бўйича нафақага чиққан ўзбекистонликлар қарийб уч миллион киши, яъни аҳолининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади.

Ногиронлик бўйича пенсия олаётганларнинг аниқ сони йўқ, лекин баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бир миллиондан ортиқроқ экани айтилади.

Ўзбекистонда энг кам пенсия миқдори 111 минг сўмни ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG