Линклар

Таниқли киноактёр Фаррух Соипов ҳибсга олингани тасдиқланди


Фаррух Соипов кейинги йилларда ишланган кўплаб машҳур кинофильмларда бош ролларни ижро этган ва яқин орада унинг ўзи ишлаган "Нафс" филми премьераси бўлиши кутилаётган эди.

Фаррух Соипов кейинги йилларда ишланган кўплаб машҳур кинофильмларда бош ролларни ижро этган ва яқин орада унинг ўзи ишлаган "Нафс" филми премьераси бўлиши кутилаётган эди.

Киноактёрни диний-радикал гуруҳга алоқадор шахснинг кўрсатмасига биноан сўроққа чақиришгани айтилмоқда.


27 ёшли Фаррух Соипов куни кеча озод бўлди ва актёрга яқин манбаларнинг Озодликка маълум қилишича, унинг 10 октябрга белгиланган тўйи бошқа кунга кўчирилган.

Ёш киноактёрнинг ҳибсга олингани ҳақида бир ҳафта муқаддам ўзбек шоу бизнеси ҳақида хабарларни бериб борувчи веб-сайтлар хабар тарқатган эди.

Хабарларда актёрнинг нега ҳибсга олингани айтилмаган эди.

Озодлик мухбири актёрнинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди. Аммо, Фаррух Соипов ҳозир бизнинг саволларимизга жавоб бера олмаслигини айтди.

Бир қатор интернет нашрилари, жумладан, NewsUz.com сайти актёрнинг "Ўзбеккино" миллий агентлиги биносида ҳибсга олингани ҳақида ёзган эди.

Агентлик ходимлари бу ахборотни рад этди, аммо Соиповнинг куни кеча озод қилингани ҳақидаги хабарни тасдиқлар экан, "Ўзбеккино" ходимлардан бири актёрнинг ҳибсга олингани сабаблари уларга номаълум эканини айтди.

- Сабабини билмайман. Кечамикин, ўтган куникимин озод қилинди, менимча. Ҳамма бизга қўнғироқ қилиб, сизлардан олиб кетишибди, деб сўраяпти. Мен айтдим уларга, интернетда ҳар хил нарсаларни ёзаверишадида, бўлмаган гап, деб,- деди агентликнинг ўзини таништирмаган ходими.

Бироқ, Фаррух Соипов билан ҳамкорликда ишлайдиган ёш ижодкорлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, ҳибсга олиш сабаби тушунмовчилик билан боғлиқдир.

"Шу кимдир, анув радикал гуруҳлардан бўлган биттаси "шу Фаррухниям танийман", деган экан шекилли. Энди Фаррух таниқли одам, уни танимайдиган одамнинг ўзи йўқ. Шунга кўра уни чақиришди. Лекин ҳурматини қилиб чақиришди, гаплашишди ва ҳаммаси ҳал бўлди. Бугун ҳам кўришдим, яхши юрибди",- деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган ижодкорлардан бири.

Бир неча веб сайтларда Соиповнинг бир ҳафтага ҳибс қилингани айтилган эди. Суҳбатдошимиз бу хабарни инкор қилди.

"Эээ, унақа бир ҳафта ушлади, деган гаплар ёлғон. Энди машҳур одам ҳақида ҳар хил нарсаларни гапиришаверадида. Шу чақиришди, сўроқ қилишди. Ҳеч қанча ушлашгани йўқ. Ҳурматини жойига қўйиб гаплашишди ва қўйворишди. Бу ерда ортиқча гапларга ҳожат йўқ", - дейди ёш киноижодкорлардан бири.

Фаррух Соиповга яқин ижодкор кузатувларига кўра, актёрнинг ҳеч қандай диний ёки радикал оқимлар ва умуман, мутаассиб тоифаларга алоқаси йўқ.

27 ёшга кирган актёр Фаррух Соиповнинг шу йил 10 октябрга тўйи белгилангани ва шу воқеа сабаб тўйи қолдирилгани айтилмоқда.

Соиповга ҳамкор ижодкорнинг Озодликка айтишича, тўй бошқа кунга кўчирилган.

"Ҳозир Фаррух тўй ҳаракати билан юрибди. Тўйи қолдирилгани йўқ. Ҳаммаси жойида, унинг кайфияти ҳам жуда яхши",- дейди ўзбекистонлик киноижодкор.

Шу йил октбяр ойида Фаррух Сиоповнинг ўзи режиссёрлик қилган "Нафс" филми премераси бўлиб ўтиши кутилаётган эди.

"Премьера ҳам бўлади. Фаррух истеъдодли йигит. Бу бўлган воқеалар унинг ижодига асло таъсир қилгани йўқ",- деди актёр билан ҳамкорликда ишлайдиган таниқли ижодкорлардан бири.

Тошкентда туғилган Фаррух Соиповнинг асл касби ҳуқуқшуносдир. У 2005 йилда Тошкент Давлат юридик институтини тамомлаган.

Аммо, 2003 йилдан бошлаб кинофилмларда суратга тушишни бошлаган эди. Унинг 2007 йилда Ню Йорк киноакадемиясини тамомлагани ҳам айтилади.

Ҳозирга келиб Фаррух Соипов Ўзбекистондаги таниқли ёш актёрлардан бирига айланган.

Шунингдек, у диний-радикал мотивларда айбланган шахсларга алоқадорликда гумон қилиниб, сўроққа чақирилган илк ёш акётлардан бири бўлмоқда.

Озодлик манбаларидан яна бирининг айтишича, актёрга таниш бўлган ва унинг сўроққа тортилишига сабаб бўлган тенгдоши ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

У йигит ва яна бир неча ёш тошкентлик "Биродарлар" гуруҳига алоқадорликда айбланаётгани айтилмоқда.



Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG