Линклар

Киев суди Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенкони лавозимини суиистеъмол қилганликда айбдор, деб топиб, 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.


Киев суди Юлия Тимошенкони 2009 йилда Украинанинг Нафтогаз ширкатига Россиянинг Газпром ширкати билан шартнома имзолаш тўғрисида кўрсатма бериб, хизмат салоҳиятини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топиб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Жорий йилнинг 24 июнидан буён давом этиб келган
Юлия Тимошенко суд залида.

Юлия Тимошенко суд залида.

маҳкамага раислик қилган судья Родион Киреев ўз ҳукмини 11 октбяр ўқиди.

- Юлия Владимировна Тимошенко Украина Жиноят кодексининг 365-моддаси, 3 қисмига кўра жиноят содир этганликда айбдор, деб топилди ва етти йилга озодликдан маҳрум қилинди,- деди судья Родион Киреев.

Суд ҳукмига кўра, Тимошенконинг уч йил давомида давлат лавозимларида ишлаши тақиқланди.

Шунингдек, суд Нафтогаз ширкатининг фуқаролик даъвосини қаноатлантириб, ширкат фойдасига Тимошенкодан 200 миллион АҚШ долларини ундириш ҳақида қарор қабул қилди. Суд бу маблағни ундириш учун Тимошенконинг турар жойи мусодара қилинишини маълум қилди.

Тимошенко суд ҳукмидан норози эканлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилишини маълум қилди.


​Суд танафусга чиққан пайти Тимошенко журналистларга интервью бериб, суд ҳукми сиёсийлаштирилганини таъкидлаб, украиналикларни Янукович режимига қарши курашишга чақирди.

- Мен барчага,Украинанинг барча ватанпарварларига мурожаат қиламан - озодлик ва адолат ҳаққи Украинани авторитаризм, диктатурадан ҳимоя қилинг. Ҳозир Украина учун ўта муҳим вазият. Бирлашинг. Кучли бўлинг,- деди Тимошенко.

Тимошенко кейинги йилдаги парламент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди.

Европа Иттифоқи Тимошенконинг етти йилга қамалганидан "чуқур афсусланиш" билдириб, бунинг ортида сиёсий мотивлар турганини айтмоқда.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Украина ҳукумати Тимошенко аппелляция аризаси топширган тақдирда, уни адолатли тарзда кўриб чиқишга чақирди.

Ервокомиссия Тимошенконинг қамалиши Украина билан Европа Иттифоқи муносабатларининг ривожланишига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Киев марказида Тимошенконинг юзлаб тарафдорлари суд ҳукмига норозилик билдириб йиғилди. Норозилар билан куч ишлатар тизимлар ўртасида тўқнашув келиб чиққани айтилмоқда. Бироқ талофатлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG