Линклар

Байрам Тутумли: Лапорта ёлғончи, очкўз одам

  • Ҳурмат Бобожон

Туркиялик футбол агенти Лапортани "Зеромакс" хўжайинлари билан таништириб қўйгани учун ҳақ ололмагани учун жиғибийрон.

Туркиялик футбол агенти Лапортани "Зеромакс" хўжайинлари билан таништириб қўйгани учун ҳақ ололмагани учун жиғибийрон.

Испаниянинг "Барселона" футбол жамоаси собиқ президенти Жоан Лапорта 10 октябр куни Испания судида қилган чиқишида ўзига қарашли адвокатлик ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган ва 2010 йилда синган "Зеромакс" ширкатидан 10 миллион евродан кўпроқ маблағ олганига иқрор бўлди, лекин бу маблағлар ноқонуний бўлганини рад этди.


Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клуби билан ноқонуний олди-бердилари билан боғлиқ жанжал юзасидан душанба куни судга чақирилган Лапорта "Зеромакс"дан уч йил давомида олинган пуллар ҳуқуқий маслаҳатлар учун берилган ҳизмат ҳақи бўлганини айтди.

Жаноб Лапортанинг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлмади. Лекин “Барселона” ва Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” футбол жамоалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш билан шуғулланган туркиялик футбол агенти Байрам Тутумли суд мажлисидан кейин Озодликка берган интервюсида Лапортани Ўзбекистондан тушган маблағларни ноқонуний ўзлаштириганликда айблади.

“Лапорта ёлғончи бир инсон. “Барселона” жамоаси “Бунёдкор” билан иш қилар экан, бундан тушган маблағларни у ўзининг шахсий ҳисобига ўтказган”,- дейди Тутумли.

Байрам Тутумли жаҳон футболи оламидаги энг машҳур клублардан бўлган “Барселона”нинг собиқ раҳбари Лапорта Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клуби билан амалга оширган ноқонуний молиявий схемалар ёрдамида 10 миллион евродан кўпроқ миқдоридаги пулни чўнтакка урганини иддао қилади.

Унга кўра, ноқонуний пуллар Хуан Лапортага тегишли "Laporta&Arbos" ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ширкатининг Швецариядаги банк ҳисобига ўтказилган.

“Зеромакс Барселона клубига камида 20 миллион евро жўнатди. Лекин, бу маблағларни катта қисмини Лапорта олди. Менимча Лапорта чўнтагига урган 10 миллион евродан ортиқ пул билан чекланиб қолмаган. Чамамда, унга яна қўшича пуллар ҳам юборилган ва бу пуллар ҳам унинг Швейцариядаги ҳисобига ўтказилган”,- дейди Тутумли.

Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клуби билан ноқонуний олди-бердилари билан боғлиқ жанжал юзасидан душанба куни судга чақирилган Лапорта турк футбол агентини танимаслиги айтиб, унинг даъволарини рад этди.

Унга кўра, "Зеромакс" ширкатидан уч йил давомида олинган пуллар ҳуқуқий маслаҳатлар учун хизмат ҳақи бўлган.

Шунингдек, Лапорта ўзига нисбатан суд-тергов жараёни "Барселона"нинг ҳозирги президенти Сандро Роселли тарафидан атайлаб уюштирилганини даъво қилди.

2003 йилдан бери "Барселона" жамосига раҳбарлик қилган Жоан Лапорта футбол клублари билан алоқа қилишда молиявий тартибни бузганликда айбланган ва 2010 йилда клуб президентлигини тарк этган эди.

Футбол агенти Байрам Тутумли “Берселона” президенти ва Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган ва 2010 йилда синган "Зеромакс" ширкати ўртасида воситачилик қилгани учун ҳақ ололмаганини даъво қилмоқда.

Унга кўра, 2008 йилда "Барселона" футбол клуби президенти Жоан Лапорта ва Гулнора Каримова назорати остида бўлгани айтилган "Зеромакс" ширкати вакили Миродил Жалолов билан учрашув бўлиб ўтган ва учрашувда "Барселона" ва "Бунёдкор" ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш муҳокама килинган.

“Бу учрашувга мен воситачилик қилган эдим. Мен уларни таништирдим. Ҳамма иш пишганидан кейин, улар мени четлаб ўтиб, ўзлари тил бириктиришиб, Лапорта Ўзбекистондан олинган пулларни Барселонага бермай, ўзининг адвокатлик ширкати ҳисобига ўтказди. Бугун бунинг ҳаммаси фош бўляпти”,- дейди Тутумли.

Бу келишувга мувофиқ "Барселона"нинг энг таниқли юлдузлари Месси, Инъеста ва Пуйол кабилар Тошкентга бориб келишди, уларга Тошкентга ташрифлари ва жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашуви учун миллионлаб евро сарфланди.

Байрам Тутумлуга кўра, Жоан Лапорта "Барселона" жамоаси деб, ўзи учун ҳам пул ундириб қолиш имкони бўлса, пул манбасини суриштирмай ҳар нарсага рози бўлаверадиган одам.

“Лапортага пулни кўрсатсангиз бўлди, хоҳлаганинигзини ундан олишингиз мумкин. Лапорта ана шундай сотиладиган одам. Ўзбеклар ҳам уни шундайлигини билиб, унга пул бердилар ва уни сотиб олдилар. Бу ерга Миродил деган одам келди. Ҳамма ғирромликларни қилган шу одам ва Лапорта бўлади. Бу Миродил дегани “Зермакс”ни ҳам ҳароб қилганини бугун кўриб турибмиз”,- деди Тутумли.

Барселона ўз футболкаларида ЮНИСЕФ тамғаси билан ўйнайди. ЮНИСЕФ жахонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот.

Ҳуқуқ ҳимоячилари "Барселона" жамоасини болаларни қул қилиб ишлатадиган Ўзбекистон раҳбари қизига тегишли экани айтиладиган ширкат билан ҳамкорлик қилганликда ҳам танқид қилишган эди.

"Ўзбекистондагилар пулларни ғариб халқига бериш ўрнига, бу ерга келиб Лапорта каби қаллопларга беришяпти. Нима ҳам дердим",- дейди футбол агенти Байрам Тутумли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG