Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:45

Каримов АҚШ ëхуд Россиядан бирини танлаши керак...ми?


Айрим таҳлилчилар¸Путиннинг Россия президентлигига қайтиши арафасида Каримов бу борада аниқ қарор беришга мажбур бўлишини ëзмоқдалар.
Айрим таҳлилчилар¸Путиннинг Россия президентлигига қайтиши арафасида Каримов бу борада аниқ қарор беришга мажбур бўлишини ëзмоқдалар.

Айрим рус нашрлари¸ халқаро воқеалар динамикаси Ўзбекистон президентини ана шундай оғир танлов қаршисига қўйганини даъво қилмоқда.

11 октябр куни АҚШ нинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Марк Гроссман Оқсаройда президент Каримов билан учрашди.

Бу учрашув арафасида 10 октябр куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиë идораси директори Линн Трейси (Lynne Tracy) ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси ўринбосари Сюзан М.Эллиот ( Susan M. Elliott) АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол ҳамроҳлигида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Тошкент расмийлари билан сўзлашув ўтказдилар.

Кейинги ойлар давомида Тошкентга серқатнов бўлиб қолган турли даражадаги Америка ҳарбий-хавфсизлик мулозимларининг Каримов ҳукумати билан айнан қайси масалалар юзасидан музокара ўтказаëтгани жамоатчиликдан сир тутилмоқда. Аммо бундай музокаралар оқибатида АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари¸ аниқроғи икки давлат ўртасидаги ҳарбий-хавфсизлик алоқаларининг илиб бораëтгани очиқ кўриниб бормоқда.

АҚШ президенти ва Давлат Котиби Ўзбекистон ҳукумати шаънига¸ айниқса Тошкентнинг Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари таъминотидаги ролига илиқ гаплар айтиб турган бир пайтда¸ Америка Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ëрдам беришни қайта тиклашга қарор қилди. Бу эса¸ Афғонистондаги уруш ботқоғидан чиқиш йўлида Вашингтон Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳақлари ва демократия бобидаги репрессив сиëсатига кўз юмиб¸ у билан стратегик ҳамкорликка киришгани ифодаси сифатида талқин этилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистонга нисбатан муносабатлари муаллифларидан бири Марк Гроссман Тошкентда Каримов билан хос учрашув ўтказиб чиққач¸ айрим рус нашрлари Оқсарой сўзлашувида Каримовга стратегик иттифоқчиликка Россия ва АҚШдан бирини танлаш тавсия этилгани ҳақида ëзмоқда.

“Гроссман сафари давомида Ўзбекистоннинг бундан сўнг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) да қолишининг нечоғли мақсадга мувофиқлиги у ëки бу шаклда тилга олинади ҳамда АҚШ ва НАТО Ўзбекистон бу ташкилотдан чиққан тақдирда унинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлашни кафолатлайди”¸ деб ëзди Ўзбекистон, айни пайтда Россия хавфсизлик хизматларига яқин экани айтиладиган Uzmetronom.com интернет газетаси.

Россиядаги сиëсий ва ҳарбий тадқиқотлар институти қошидаги Таҳлил бўлими раҳбари Александр Храмчихин Ўзбекистоннинг КХШТда қолиш-қолмаслигини АҚШ мулозимлари эмас¸ балки ташкилот аъзолари ҳал қилиши ва айни кунларда Тошкентни бу ташкилотдан ҳайдаш режаси Москвада жиддий муҳокама қилинаëтганини айтади.

- КХШТ ичида шу пайтга қадар саботажчи бўлиб келаëтган Ўзбекистонни ташкилотдан чиқариш кайфияти жуда кучли¸ жумладан Москвада ҳам. Тошкент КХШТ ичидаги барча принципиал масалаларни ҳал қилиш йўлига ғов бўлмоқда ва унинг ўзи ташкилотнинг бирор тадбирида қатнашмай келаëтир. Ҳозир Ўзбекистон олдида ташкилотда қолиш-қолмасликни танлашдан кўра¸ ундан ҳайдалиш эҳтимоли кучлироқ бўлиб турибди¸ дейди Храмчихин Озодлик билан суҳбатда.

"АҚШ¸ гўë НАТОга рақибликни даъво қилаëтган КХШТдан Ўзбекистоннинг чиқиши эвазига Каримовга хавфсизлик кафолатини беради¸ деган гап мен учун мутлақ асоссиздир"¸ деб давом этади россиялик таҳлилчи.

- Каримов америкаликлар учун диктатор. Афғонистон Вашингтон ташқи сиëсати учун устивор мамлакат бўлиб қолар экан¸ транзит йўли учун улар Каримов билан дўстлашгандек бўлиши мумкин. Аммо АҚШ Каримовга қанақа хавфсизлик кафолати бериши мумкин? Берган тақдирда ҳам бу кафолатни улар қандай амалга оширади – АҚШ Каримовни кимдан¸ қайси йўл билан ҳимоя қилади? Ҳатто АҚШ Ўзбекистонда яна ҳарбий база очган тақдирда ҳам¸ Америка бирор аскарини Каримовни деб ким биландир урушга киритмайди. Ўзи Каримовга ким уруш очади – ўз халқими¸ ëки Тожикистон ва Қирғизистон каби қўшниларими? Масалани бундай қўйишнинг ўзи аслида нотўғри¸ дейди россиялик таҳлилчи.

Хавфсизлик тадқиқотлари бўйича Европа Маршал маркази профессори Ник Пратт ҳам¸ АҚШ мулозими Ўзбекистонга КХШТдан чиқишни тавсия қилади¸ деган “таҳлил”да асос йўқ¸ деб билади.

- Чунки ниҳоятда катта ва қамрови мавҳум ташкилотлардан кўра¸ АҚШ учун минтақавий уюшма ва иттифоқлар билан ишлаш қулайроқ ва бундай уюшмалар¸ ҳатто ҳарбий-хавфсизлик мақсадида тузилган бўлса-да¸ амалда минтақавий хавфсизликка хизмат қилса¸ Вашингтон уларни қўллаб-қувватлайди. Шу боис¸ АҚШ учун Ўзбекистонни КХШТдан чиқишга даъват қилишнинг кераги йўқ. Агар бу ташкилот амалда ҳақиқатан ишласа¸ бу Америка манфаатларига ҳам хизмат қилади; Дисней эртакларидаги каби¸ ўйлаб топилган ва реал дунëда йўқ бир уюшма бўлса¸ бундай ҳолда¸ АҚШ манфаатларига на фойдаси ва на зиëни бор¸ дейди профессор Пратт.

Ҳозирги вазиятда Ўзбекистон хавфсизлиги учун реал таҳдид Афғонистондаги толиблар ва улар сафидаги ўзбек жанггарилари бўлиши мумкин ва бу таҳдиддан муҳофаза қилишда КХШТдан фарқли АҚШ ҳақиқатан қандайдир кафолат бўлиб турибди¸ деб эътироф этади россиялик профессор Храмчихин.

“КХШТ ëмон ҳимоячи¸ аммо бу тизим ҳеч қачон унга кирган давлатлардан бирортасида давлат тўнтариши қилиш мақсадида ишлатилмайди. Америкаликларга келсак¸ араб Шарқидаги сўнгги воқеалар кўрсатгани каби¸ АҚШ демократия ва халқларни мустабидлар зулмидан қутқариш баҳонаси остида ортиқча мулозаматсиз¸ авваллари қанчалик илиқ муносабатда бўлган бўлмасин¸ исталган лидерни унинг рақибларига қўш қўллаб тутиб беради”¸ деб ëзади Россия манфаатлари ҳимоясига отланган Uzmetronom интернет газетаси.

Бундай баëнотни Каримовни қўрқитиш тактикаси дея баҳолаган америкалик профессор¸ Россиядаги айрим сиëсий гуруҳларнинг бундай усули янгилик эмаслигини айтади.

Айни фикрга қўшилган россиялик таҳлилчи Александр Храмчихин¸ бундай қўрқитиш тактикасидан кўзланаëтган мақсад¸ Каримовни КХШТдаги Ўзбекистон ролини қайта кўриб чиқишга мажбурлаш¸ уни Россия режаларига ғов бўлиш ўрнига¸ бу режалар ижросига хизмат қилишга кўндириш эканини таъкидлайди.

“АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиëдаги манфаатларини қарама-қарши қўйиш¸ уларни бу минтақада ўзаро рақобатчи куч сифатида талқин этиш¸ бу минтақа барқарорлигига хизмат қилмайди¸ балки аксинча. Бу минтақадаги барқарорлик эса¸ ҳам Россия¸ ҳам АҚШ манфаатига хизмат қилади. Шу боис¸ айрим рус таҳлилчиларининг Ўзбекистонни Россия ва АҚШ дан қай бирини хавфсизлик йўлидаги иттифоқчиликка танлолмай икки ўт орасида қолди¸ деб тасвирлаш орқасидаги ният яхши эмас¸ дейди америкалик профессор.
XS
SM
MD
LG