Линклар

Мусулмонлар идораси ходими диний жиноятда айбланмоқда


Мусулмонлар идорасида беш йил ишлаган Саидмурод Юсупов билан бирга яна 15 киши устидан суд 18 октябр куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мусулмонлар идорасида беш йил ишлаган Саидмурод Юсупов билан бирга яна 15 киши устидан суд 18 октябр куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Идорада 5 йилдан ортиқ ишлаган Саидмурод Юсуповга Ўзбекистон ЖКнинг 244 модда, 2 банди билан айблов қўйилган.


Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида 5 йилдан ортиқ ишлагани айтилаётган янгийўллик Саидмурод Юсупов шу йилнинг май ойида ишлаб турган идорасида ҳибсга олинган.

Бу ҳақда у билан бирга сўроққа тортилган, аммо қисқа муддатдан сўнг қўйиб юборилган тошкентлик ёш диндорлардан бирининг Озодликка ёзишича, Саидмурод Юсупов шайх Абдулазиз Мансурнинг энг яқин шогирдларидан бири бўлган.

Саидмурод Юсуповнинг отаси Саидаҳрор Юсупов Озодликка келиб тушган бу хабарларни тасдиқлади, аммо ўғлининг иши билан боғлиқ мавзуда интервю беришни истамади.

У кишига кўра, ўғли ҳозир Тоштурмада сақланмоқда ва 18 октябр куни унинг устидан илк суд мажлиси Тошкент вилояти, Янги йўл шаҳар судида бўлиб ўтади.

Оила-аъзолари Саидмурод Юсуповга конкрет қандай айблов қўйилганидан бехабар эканини айтишди.

Аммо унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатдан олинган маълумотга кўра, Юсуповга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244 моддаси, 2 бандига биноан айблов қўйилган.

Бу моддада диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш айби кўзда тутилган ва бу айб исботланган тақдирда маҳкумга 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларда қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Оила-аъзоларидан олинган маълумотга кўра, Саидмурод Юсупов 31 ёшда ва яқиндагина унинг биринчи фарзанди туғилган.

У ишлаган Мусулмонлар идорасидан ўз ходимининг айнан радикализм, диний экстремизм билан боғлиқ мотивларда айбланиб, судга тортилиши борасида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Юсуповга устозлик қилгани айтилган шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари билан ҳам бу гал боғланишнинг имкони бўлмади.

Эътироф этиш керак, мусулмонлар идорасида ишлаган ходимнинг айнан диний мотивларда айбланиб ҳибсга олиниши-ю, судга тортилганига оид ҳолат, Озодлик кузатувларига кўра, илк бор содир бўлмоқда.

Аммо, Саидмурод Юсупов ёшидаги диндорларнинг диний мотивларда айбланиб, ҳибсга олиниши Ўзбекистонда йиллардан буён кузатилмоқда.

Бу вазиятни кузатиб келаётган Ўзбекистон “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тўплаган маълумотларга кўра, айниқса, кейини 1-2 йил ичида радикал диндор сифатида жамиятга хавф туғдираётгани айтилиб, қамоққа ташланаётганлар орасида тобора давлат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳатто, маҳаллий ҳокимиятлар мулозимлари сони кўпаймоқда.

Яқинда бу борадаги сўнгги мониторинги натижаларини чоп этган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов бугунги умумий вазият ҳақидаги кузатувларини сўзлаб берди.

- Мана масалан бизда ҳали расман тасдиқланмаган маълумотлар бор. Қашқадарë вилояти, Қарши туманининг Ички ишлар бўлимининг бир гуруҳ раҳбари диний радикал оқимга аъзоликда айбланиб қамоққа олинган. Бундан ташқари шу кунларда, айнан мана шу соатларда ҳам катта-катта хушовоз хонандалар, таниқли артистларнинг ҳибсга олинаëтгани ҳақидаги гаплар бор.

Бундан ташқари, Абдуллаев деган Тошкент ислом университетининг ректори бўларди. Унинг ўринбосарлари бўларди. Буларнинг ҳаммаси нурчиликда айбланиб, 10 йилдан 12 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Булар ҳам ўзига хос мавқега, диний рутбага эга бўлган шахслар эди.

Бунинг асосий сабабларига қайтадиган бўлсак, албатта, Ўзбекистонда диний радикализм мотивлари бор. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин битта шунақа шахс чиқса, унинг атрофидаги ўнлаб одамларни қатағонга олиш, уларни кузатувга, таъқибга олиш, уларни ноҳақ қамаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Ҳозир Ўзбекистонда диндорларга нисбатан ҳукуматнинг шунақа примитив сиëсати кетаяпти, - дейди “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG