Линклар

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари тақдири савол остида

  • Сарвар Усмон

2010 йил июн воқеаларида Ўшдаги бир нечта ўзбек мактабига ўт қўйилган эди.

2010 йил июн воқеаларида Ўшдаги бир нечта ўзбек мактабига ўт қўйилган эди.

Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов ўзбек мактабларида таълимни қирғиз тилига кўчириш лозимлиги тўғрисида 30 сентябрда баёнот берганидан сўнг қирғизистонлик ўзбекларнинг июн фожеасидан сўнг пайдо бўлган ташвишларига яна бир ташвиш қўшилди. Буни масалага ойдинлик киритиб беришни сўраб Озодликка мурожаат қилаётган тингловчиларнинг кўплиги ҳам кўрсатиб турибди. Мавзуни ўрганар экан, Озодлик мухбири қирғизистонлик ўзбекларнинг мактаб таълими масаласида ташвишланишига асос йўқ, деган фикрга келди. Ҳар ҳолда, ҳозирча асос йўқ...


Мирзақматов нима деган эди?

КирТАГ агентлигининг хабар қилишича, Ўш шаҳри мэри 30 сентябр куни бундай деган:

“Ўш шаҳридаги ўзбек мактабларида таълим ўзбек тилида олиб борилиши керак. Бу давр талаби бўлиб қолди. Қирғиз тилида олиб бориладиган предметлар тўғрисидаги таклиф Ўш шаҳар таълим бошқармаси билан ҳамкорликда таълим вазирлиги томонидан тайёрланади”.

5 октябр куни эса, Мирзақматов Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан, мана бундай деган эди:

...бундан буён қирғиз-ўзбек, деб бўлинмай, мактабларни фақат мактабгина деб атаб, ўзбек мактабларнинг ҳаммасини қирғиз тилига ўтказиб, кириллица билан лотин ҳарфини бирдай қўйиб дегандай...

Мирзақматов нимани қандай айтган бўлса, шундай келтирдик.

Демак, тумтароқроқ гапининг мазмунига қараганда, Мирзақматов ўзбек мактабларида таълимни 100 фоиз қирғизчага ўтказишни таклиф қилмаяпти.

“Мирзақматов Каримовдан рухсат сўрамоқчи”

Бу ғалати гапни Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаевдан эшитдик.

У Мирзақматовнинг тушунарсизроқ баёнотини қандай тушунишини айтиб берди.

- Энди тушунмовчилик бўлаяпти. Шаҳар мэри Мирзақматов айтаяптики, “Бугунги кунда ўзбек мактабни битирган болаларимиз ҳеч қаëққа бориб ўқимайди. Шунинг учун қирғизча ўқиса, Бишкекка борадими, бошқа ерга борадими институтларга кириб ўқиши мумкин. Каримов билан гаплашамиз. Каримов рухсат берса, ўзбекчани ярим лотин тилда қиламиз, аниқ фанларни кириллча ўқитамиз деб” бу ўзининг таклифи бўлган.

Озодлик: Мэлис Мирзақматов “Каримовдан рухсат сўраймиз” дегани аниқми?

- Аниқ. “Рухсат сўраймиз. Биз ҳам ўзбек мактабларини ярим лотинга ўтказайлик. Хоҳлаганлар кейин Тошкентга бориб ўқисин. Қирғизча ўқийдиганлар Бишкекда ўқисин” деган. Унинг ҳам гаплари яхши, тўғри.

Озодлик: Миллий марказ раиси сифатида сизнинг позициянгиз қанақа?

- Тил билган зиëн эмас.

Озодлик: Бу тўғри. Ўзбек мактабларини тўла қирғизчага ўтказиш ҳақида.

- Тўла қирғизча деган гап йўқ бу ерда. Тушунмовчилик бўлиб одамлар бу тараф бўлаяпти. Тўла қирғизча демаяпти. Она тили вба адабиëти, тарих ҳаммасини лотин тилида...

Озодлик: Лотин ëзувида денг.

- Ҳа, лотин ëзувида, дейди Абдурашид Хўжаев.

Хуллас, Абдурашид Хўжаевнинг айтишича, Мирзақматов таклиф қилаётган формула бундай:

Ўзбек тили, ўзбек адабиёти ва тарих дарслари ўзбек тилида ўқитилади, бу дарсларни ўзлаштиришда лотин ёзувидан фойдаланилади ва лотин ёзувига ўтиш учун Ўш мэри нима учундир бошқа давлат – Ўзбекистон президентидан рухсат сўрамоқчи (?!)

Тил, адабиёт ва тарихдан бошқа барча предметлар қирғиз тилида, кирил ёзувида ўқитилади.

Хўжаевдан ўз позициясини билдиришни яна бир бор сўрадик.

Озодлик: Сизнинг позициянгиз қанақа?

- Менинг позициям ҳозир аниқ эмас, дейди Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаев.

“Мен шахсий фикримни айта олмайман ”

Мавзуни ўрганар эканмиз, Ўш шаҳридаги ўзбек мактаблардан бирининг директорига ҳам бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш бўйича амалий чоралар бошландими ëки бу фақат гап даражасидами?

- Ҳозирча ўтганда бу бир оғиз гапириб қўйилди катта мажлисда омманинг ичида. Амалга ошгани йўқ. Энди менинг ўйимча ота-оналар ҳам бу йилги нима бўйича опрос юргизганимизда, ҳозирча маъқуллик бергани йўқ ота-оналар. Бизга ҳам мажбурий давление деган нарсалар йўқ ҳозир.

Озодлик: Умуман шу ғояга сизнинг шахсий муносабатингиз қандай? Ўзбек мактабларида ўқишни қирғиз тилига ўтказиш ғоясига?

- Бу давлатнинг миқëсида ечиладиган масала. Мен ўзимнинг шахсий фикримни айта олмайманда. Менинг битта шахсий фикрим билан ечилмайдию.

Озодлик: Хабарларга қараганда бу йил бошланган янги ўқув йилидан ҳар бир мактабда биттадан қирғиз синфлари очилган. Сизларда ҳам шундай бўлдими?

- Йўқ, нотўғри. Районда, Моҳира Умаровнанинг мактабида битта қирғиз синфи очилди. Бир бориб кўзимиз билан кўрганмиз. Лекин шаҳар маорифида ўзбек мактабларида қирғиз синфлари очилгани йўқ, дейди Ўш шаҳридаги ўзбек мактаблардан бирининг директори.

“Районда”, дер экан, Ўш шаҳридаги ўзбек мактаблардан бирининг директори Ўш шаҳрига туташ Қорасув туманини назарда тутди.

“Бош вазир масала Конституция доирасида ҳал қилинажагини айтди”

Ўш шаҳар мэри баёнотидан кейин қирғизистонлик ўзбеклар орасида миш-мишлар кўпайиб кетди. Улардан бири будир: эмишки, Бош вазир Атамбаев ўзбеклар вакилларини қабул қилибди. Учрашувда Атамбаев ўзбек мактабларини қирғизчалаштириш масаласи ҳал бўлган масала, деганмиш.

Биз Қирғизистон ҳукумати раиси билан учрашган ўзбеклардан бири билан ҳам гаплашдик. Фақат у Ўшдаги вазиятдан келиб чиқиб, исмини айтмаслигимизни, овозини эшиттирмаслигимизни илтимос қилди. Унинг айтишича, Бош вазир Алмазбек Атамбаев билан ўтган ҳафтада бўлиб ўтган норасмий учрашувда ўзбек мактаблари масаласи тилга олинган ва ҳукумат раиси масала мамлакат Конституцияси доирасида ҳал қилинажагини айтган.

“Бу масала ҳукумат даражасида кўрилган эмас”

Ҳукумат позициясини яхшироқ тушуниш учун Қирғизистон республикаси маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ишлари бўйича миллий агентлиги раҳбари Бахтиёр Фаттоҳов билан боғландик.

Саволимизни бир кун аввал бериб қўйганимиз учун Бахтиёр Фаттоҳов дарҳол жавобга ўта қолди.

- У нарса бўлган эмас экан. Фақат шаҳар раҳбарияти шунақа гап чиқариб, бизлар ҳам одназначно айтдик.

Озодлик: Демак, Қирғизистон ҳукуматида Қирғизистондаги ўзбек мактабларида ўқишни қирғиз тилига ўтказиш режаси йўқ.

- Йўқ. У масала кўрилгани йўқ. Бошқа гап қирғиз тилини ўқитиш соатини кўпайтириб ўзбек болаларини қирғиз тилига яхшилаб ўргатиш, деди Қирғизистон республикаси маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ишлари бўйича миллий агентлиги раҳбари Бахтиёр Фаттоҳов.

“Ўзбек мактабларини қирғиз тилига эмас, рус тилига ўтказиш керак”

Бу фикр Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасуловадан чиқди.

Абдурасулова хоним ўтган ҳафтада Варшавада Озодлик саволларига жавоб берар экан, мана бундай деган эди.

- Афсуски, Ўш шаҳри мэри чиндан ҳам ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш таклифи билан чиқмоқда. Буни у ўзбек мактаблари битирувчилари учун олий ўқув юртларига кириш имкониятини яратиш зарурати билан изоҳламоқда. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, Қирғизистонда деярли барча олий ўқув юртларида ўқиш рус тилида олиб борилади. Шунинг учун ўзбек мактабларини рус тилига ўтказиш таклифи билан кимдир чиқса, бундай таклифни мен тушунган бўлардим, дейди Азиза Абдурасулова.

Президент аппарати нима дейди?

Мавзу юзасидан саволимизни Варшавада Қирғизистон президенти маъмуриятининг Миллатлараро ривожланиш бўлими мудири Мира Карабаевага ҳам берган эдик.

Унинг айтишича, ҳозирда ўқиш қирғиз тилида олиб борилмайдиган мактабларда, жумладан ўзбек мактабларида қирғиз тили дарсларини кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда.

- Жаноб Мирзақматовнинг баёнотига келсак, у сиёсатчи ва популист сифатида нима ҳақда хоҳласа, шу ҳақда баёнот бериши мумкин. Лекин бу мамлакатдаги тил сиёсатини айнан Мирзақматов белгилайди, дегани эмас. Бу иш учун расмий ҳокимият, хусусан Таълим вазирлиги мавжуд. Вазирлик эса, унинг сиёсийлашган баёнотини мутлақо қўллаб қувватламайди, дейди Қирғизистон президенти маъмуриятининг Миллатлараро ривожланиш бўлими мудири Мира Карабаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG