Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:01

АҚШда Саудия элчисига қарши суиқасд режаси фош қилинди


АҚШ Бош прокурори Э.Ҳолдер (ў) ва Федерал тергов бюроси директори Р.Мюллер.
АҚШ Бош прокурори Э.Ҳолдер (ў) ва Федерал тергов бюроси директори Р.Мюллер.

АҚШ Бош прокурори Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига қарши Эрон ҳукумати ҳомийлигида режаланган суиқасд фош этилганини маълум қилди.


Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер икки шахс, яъни АҚШ фуқаролигини олган Эрон паспортига эга бўлган Мансур Арбобсиёр ҳамда Эрондаги Исломий инқилоб посбонлари корпусининг Қудс кучлари аъзоси Ғулом Шакурий “қотиллар ёллаб, халқаро қотиллик содир этиш”да айбланаётганини эълон қилди.

- Расмий айбловда ушбу фитна Эрон томонидан тайёрлангани, ҳомийлик қилингани ва бошқарилгани билдирилган. Бу АҚШ ва халқаро қонуннинг, жумладан, зиён етишидан дипломатларни ҳимоялаш тўғрисидаги қонуннинг қўпол равишда бузилишидир, - деди АҚШ Бош прокурори.

29 сентябр куни Ню Йоркнинг Кеннеди номидаги аэропортида қўлга олинмиш Арбобсиёр айбига иқрор бўлганини айтган Эрик Ҳолдер у Эрон ҳукуматининг суиқасддаги роли ҳақида муҳим маълумотлар берганини урғулади.

АҚШ Бош прокурори суиқасднинг иккинчи ташкилотчиси экани айтилаётган Ғулом Шакурий Эронда “қидирувда экани”ни қўшимча қилди.

Эрик Ҳолдерга кўра, АҚШ расмийлари ушбу мураккаб суиқасд режасини фош қилиш устида бир неча ойдан бери ишлаб келаганини айтди.

Бош прокурорга кўра, Арбобсиёр АҚШ ҳукуматининг Мексикадаги махфий информаторлари билан бир неча марта учрашиб, уларни бир ярим миллион доллар эвазига Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси Одил Ал-Жубайрни ўлдиришга ёллаган.

Расмийларга кўра, суиқасд режасида Саудия элчиси овқатланадиган ресторанда бомба портлаши кўзда тутилган. Бироқ расмийлар портловчи моддалар сотиб олинишидан аввал ушбу мудҳиш режани тўхтатиб қолган.

Гумондорларга нисбатан айблов эълон қилган Ню Йоркнинг Жанубий туман прокурори Прийт Бхарара буюртма ижрочиларига аванс тўлаш учун Ню Йорк банки орқали аллақачон 100 минг доллар пул ўтказилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида қатнашган Федерал тергов бюроси директори Роберт Мюллер, агар суиқасд режаси муваффақиятли амалга ошганида, ўнлаб одам нобуд бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига қарши Эрон ҳукумати ҳомийлигида режаланган суиқасд фош қилинганидан сўнг Қўшма Штатлар Эронга қарши янги санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди.

Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги суиқасд ҳақидаги иддаоларни рад қилиб, уни “ёлғон” ва “асоссиз” деб атади.

Воқеа муносабати билан чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Эронни “янада яккалаб қўйиш” учун бошқа давлатлар билан маслаҳатлашишини маълум қилди.

- Биз халқаро меъёрларга зид бўлган бундай хатти-ҳаракатлар тўхтатилиши кераклиги борасида кучли мужда йўллаш учун дунёдаги дўстларимиз ва ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашамиз. Эронга жиддий мужда йўллаш ва бу мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада яккалаб қўйиш учун биз бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик олиб борамиз, - дея баёнот берди АҚШ Давлат котиби.

Вашингтондаги Саудия элчихонаси суиқасдни фош қилиш чоралари кўрилгани учун Қўшма Штатларга миннатдорлик билдирди.

Оқ Уй АҚШ президенти Барак Обама Вашингтондаги Саудия Арабистони элчисига қўнғироқ қилганини билдирди. АҚШ эълон қилган баёнотда Обама Қўшма Штатлар мазкур суиқасд уринишини “АҚШ ва халқаро қонунларнинг қўпол равишда бузилиши” деб баҳолагани билдирилган.
XS
SM
MD
LG