Линклар

Марказий Осиё мамлакатларида яшовчи гиёҳвандлар йилига 11 тонна героин истеъмол қиладилар.

Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Норбер Жустен билдирди.

- Биздаги маълумотларга кўра, Афғонистонда тайёрланаётган героиннинг 25 фоизи - бу эса тақрибан 92 тонна демакдир – Марказий Осиёга юборилади. Марказий Осиёда йиллик героин истеъмоли 11 тоннани, афюн (қорадори) истеъмоли эса 33 тоннани ташкил қилади, - деди Норбер Жустен Марказий Осиёда гиёҳванд моддалари тарқалишининг олдини олиш бўйича ЕИ минтақавий қўмитаси (CADAP) 11 октябр куни ўтказилган йиғилишида.

ЕИ мулозими маълумотларига кўра, ҳозирда минтақада 280 минг чоғли героин истеъмолчиси ва 60 минг чоғли афюнхўр бор.

Уларнинг асосий қисми (70-95%), Жустенга кўра, героинни инъекцион йўл билан истеъмол қилади. Аснода ЕИ расмийси ОИТВга чалинганларнинг 70 фоизи гиёҳванд моддаларни томирга юбориш орқали бу касалликни юқтириб олишини қайд этди.

Жаноб Жустен Европа Иттифоқининг наркотикларга қарши сиёсати соҳасидаги илғор методларини татбиқ этишга кўмаклашишни ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни камайтиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган CADAP дастури Марказий Осиёнинг беш мамлакатида амалга оширилаётганини таъкидлади.

- Лойиҳа амалга оширилаётган 42 ой мобайнида Европа Иттифоқи (минтақа мамлакатларига) 4,9 миллион евро тақдим қилди. Дастурнинг асосий вазифаси беш мамлакатни иқтисодий ривожланиши ва гиёҳвандликка қарши ишлари самарадорлигини ошириш бўйича қўллашдир, - деди Норбер Жустен.

Айни пайтда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги наркобизнесга қарши кураш ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасини назорат қилиш бўйича қўмитаси раҳбари Ирискелди Жандарбеков Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий хавф “шимолий йўналиш” бўйича афғон наркотигини ташиш бўлиб қолаётганини урғулади.

- Шу важдан барчамиз учун Афғонистоннинг шимолий чегаралари бўйлаб наркотикка қарши хавфсизлик чизиғини барпо қилиш ва уни мустаҳкамлаш жуда долзарб бўлиб бормоқда. Буни англаган ҳолда, биз хорижий давлатлар, энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқдамиз, - деди Ирискелди Жандарбеков.

Ўзбекистонда CADAP 5 дастури 2010 йилнинг апрел ойидан буён ишлаяпти. Ўтган бир ярим йил мобайнида мазкур дастур доирасида мамлакатда 10 га яқин семинарлар ва турли тадбирлар ўтказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG