Линклар

Журналист Павлюк қотиллари қамалди


Олмаота суди Қирғизистон махсус хизматининг собиқ ходими Алдаяр Исманқуловни журналист Геннадий Павлюкни ўлдириш режасини ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш ташкилотчиси бўлган, деб топди.

Олмаота суди Қирғизистон махсус хизматининг собиқ ходими Алдаяр Исманқуловни журналист Геннадий Павлюкни ўлдириш режасини ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш ташкилотчиси бўлган, деб топди.

11 октябр куни Олмаота шаҳридаги жиноят ишлари суди 2009 йилда ўлдирилган журналист Геннадий Павлюк иши юзасидан маҳкама жараёнини якунлади.

Журналистнинг ўлимида айбланаётган Қирғизистон махсус хизматининг собиқ ходими ва Қозоғистоннинг икки нафар фуқароси узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Олмаота шаҳар суди Қирғизистон махсус хизматининг собиқ ходими, Қирғизистон фуқароси Алдаяр Исманқуловни журналист Геннадий Павлюкни ўлдириш режасини ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш ташкилотчиси бўлган, деб топди.

- Алдаяр Исманқулов 17 йилга озодликдан маҳрум қилинсин ва у жазо муддатини қаттиқ режимли қамоқхонада ўташи белгилансин, - деди маҳкама жараёнига раислик қилган судя Ахмедқали Молдоғалиев.

Суд ҳукми билан Алдаяр Исманқуловга қотилликни амалга оширишда кўмаклашган деб топилган Қозоғистон фуқаролари Шалқар Уразалин 11 йилга, Алмаз Йигиликов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Аммо Алдаяр Исманқуловнинг отаси Валерий Ким Олмаота суди чиқарган ҳукмни сиёсий қарор сифатида баҳолади. Унинг фикрича, судда Алдаяр Исманқуловнинг айби исботланмаган. Бироқ журналист Геннадий Павлюк Қирғизистон янги ҳукумати томонидан собиқ президент Бакиевга қарши кураш қурбони сифатида деярли миллий қаҳрамон даражасига кўтарилгани муносабати билан Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳам бу ишни тезроқ ёпиш ҳаракатида бўлишган.

- Мен суднинг ҳукми сиёсий қарор бўлди, деб ҳисоблайман. Олмаотада журналистни ўлдиришган, ҳукумат эса журналистнинг қотили топилганини ва судланганини эълон қилиши керак бўлган. Жиноят иши юзасидан 34 та гувоҳ сўроқ қилинган. Улардан фақат Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Текебаевгина ўғлимга қарши кўрсатма берган. Қолган гувоҳлар эса мутлақо бошқача кўрсатма беришган, - деди Валерий Ким.

Судланганларнинг адвокатлари маҳкама жараёнида ўз ҳимоясидаги одамларнинг айблари исботланмаганини билдиришди ва аппеляция аризаси билан юқори суд инстанцияларига мурожаат қилишларини айтишди.

Олмаотадаги судда Қирғизистон томонидан асосий гувоҳ сифатида чақирилган парламент депутати Ўмурбек Текебаев ва Геннадий Павлюкнинг яқинлари иштирок этишмади. Маълум бўлишича, Ўмурбек Текебаев президентлик сайлови арафасида хизмат юмушлари кўплигини билдириб, судда гувоҳ сифатида иштирок этишдан бош тортган.

Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 2009 йилнинг 16 декабрида Олмаотадаги кўп қаватли бинолардан бирида қўл-оёғи боғланган ҳолда ерга улоқтирилган ва касалхонада 6 кун ётганидан сўнг 51 ёшида вафот этган эди. Бир қатор халқаро ташкилотлар ва Қирғизистон фуқаровий жамияти журналистнинг ўлимини унинг касбий фаолияти билан боғлаган ҳамда Геннадий Павлюк президент Қурмонбек Бакиев ҳукумати буюртмаси билан ўлдирилганини ошкора билдиришган эди.

Ибрагим Рустамбек тахаллуси билан таниқли бўлган Геннадий Павлюк “Аргументи и факти” газетасининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари, “Белий параход” ва “Комсомолская правда в Киргизстане” газетасининг бош муҳарррири бўлган.
XS
SM
MD
LG