Линклар

logo-print

Арутюнян: минтақа Омбудсменларининг ҳеч қайсиси тўла мустақил эмас

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализода тожик жамиятида қийноқлар мавжудлигини эътироф этади.

Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализода тожик жамиятида қийноқлар мавжудлигини эътироф этади.

Марказий Осиёдаги Омбудсмен институтлари ўзаро тажриба алмашиш мақсадида 12 октябр куни Душанбе шаҳрида тўпландилар.

Асосан қийноқларга қарши курашиш мавзусига бағишланган бу тадбирда Ўзбекистон Омбудсмени қатнашмади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари минтақавий раҳбари Армен Арутюнян ўз идораси Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни йўлга қўймаганини билдирар экан, бунинг сабабини изоҳлашдан тийилишини айтди.

Шу важдан, Арутюнян жанобларининг маълум қилишича, бугунги тажриба алмашиш тадбирига Ўзбекистон Омбудсмени таклиф қилинмаган.

12 октябр куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия ва Мўғулистондан келган Омбудсмен институти раҳбарлари ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун энди оёққа тураётган тожик омбудсменига бир нечта тавсиялар берди.

- Биринчидан, тожик омбудсмени БМТнинг халқаро кординацион қўмитаси қайдидан ўтиши лозим. Бу унга қонунчиликни кучайтиришига кўмаклашади. Иккинчидан, у иқтидордаги ҳукуматга тўла қарам бўлмаслиги, парламент, вазирликлар ва ҳатто Президентдан ҳам қўрқмасдан жамиятдаги мавжуд муаммоларни, хусусан, қийноқлар масаласини дадил кўтариб чиқиши зарур. Ўшандагина тожик омбудсмени Париж талабларига риоя қилган бўлади, - деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун.

Унинг гапига ишонадиган бўлсак, Қирғизистон омбудсмени минтақадаги энг тажрибали ва мустақил идора саналади.

Турсунбек Акунга кўра, жорий йилда унинг идорасига ҳуқуқлари давлат идораларида топталган қирғизистонлик фуқаролардан 1628 та шикоят тушган ва айни пайтда шундан 600 таси ёки 30 фоизи ўз ечимини топган.

Аснода БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари минтақавий раҳбари Армен Арутюнян минтақа омбудсмен институтлари фаолиятига баҳо берар экан, Қирғизистон Омбудсмени ҳам мақтовга сазовор даражада мустақил эмаслигини айтди.

- Марказий Осиё давлатларидаги Омбудсмен институтларининг ҳеч қайсиси Париж принципларига тўла жавоб бера олмайди. Масалан, Қозоғистонда Омбудсмен институти президент буйруғи бўйича фаолият юритади. Қирғизистонда эса Омбудсмен ҳисоботи парламент томонидан тасдиқланмаса, у вазифасидан бўшатилади, - деди Арутюнян.

“Ана шундай вазиятда, - дейди БМТ расмийси Арутюнян, - жамиятнинг энг дардли мавзуси бўлган қийноқлар билан курашиш минтақа омбудсмен институтларига осон бўлмайди”.

Айни пайтда Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализода тожик жамиятида қийноқлар мавжудлигини эътироф этди.

- Жорий йил идорамизга ҳуқуқ-тартибот идораларида қийноққа тутилган 16 фуқародан шикоят аризаси олдик ва мутахассисларимиз томонидан тўпланган далиллар билан республика Бош прокуратурасига марожаат қилдик. Айни пайтда ана шу 16 ҳолат бўйича жиноят иши очилган. Ўтган икки йиллик фаолиятимиз давомида бу бизнинг катта ютуғимиз десам муболаға бўлмас, - дер экан Ализода кўп ҳолларда Адлия тизими билан ўз идораси келишмовчиликлар бўлаётганини яшириб ўтирмади.

Зариф Ализода Душанбе шаҳрида илк бор ўтказилаётган бугунги тадбир, хусусан, қийноқларга қарши курашиш бўйича омбудсмен институтлари иш тажрибаси “ўз командаси учун ҳар томонлама фойдали” эканини таъкидлади.

Ализода жанобларидан олинган маълумотларга кўра, шу йил олти ойи давомида тахминан 1600 нафар тожикистонлик фуқаро Омбудсмен идорасига шикоят аризаси ташлаган.

- Шу кунгача шу шикоятларнинг қарийб 10 фоизи аризачилар фойдасига ҳал қилинди, - деди Ализода.

Бироқ, таҳлилчилар фикрича, тожик жамиятида кўпчилик Омбудсмен идораси ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашига ишонмайди.

“Хусусан, - дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов, - Омбудсмен идораси Файзобод туманида яшовчи Рақибовлар оиласини милицияга топширганидан сўнг”.

Эслатсак, ўтган йили ҳуқуқлари поймол бўлганидан эътироз билдириб, бола-чақаси билан Тожикистон Омбудсмени идораси олдида очлик эълон қилган Атобулло Рақибовни бу идора масъуллари турмуш ўртоғи ва балоғат ёшига етмаган беш нафар фарзанди билан Исмоил Сомоний туман милициясига топширган эди.

Республика барча ахборот воситалари саҳифаларида кўтарилган бу мавзу, таҳлилчи Парвиз Муллажонов мулоҳазасича, Тожикистон Омбудсменининг жамиятдаги обрўсига путур етказди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG