Линклар

Тошкент вилоят ҳокимлигининг Иқтисодиëт бошқармаси бошлиғи муовини Шавкат Тўраев ўз жонига қасд қилган.


Бу ҳақда Озодликка Қибрайдаги ўз ишончли манбаси хабар қилди.

Хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган мазкур манба ўтганда Қибрай туман ҳокимининг 1-ўринбосари бўлиб ишлаган¸ асли қибрайлик Шавкат Тўраевнинг 12 октябр куни пешинда дафн этилганини билдирди.

- Қибрайнинг замҳокими бугун осиб қўйди ўзини¸ Шавкат Тўраев. Болницада ëтган экан. Ишдан бўшатилган экан. Бугун эрталаб осган, пешинларга чиқаришди. Уйидамас, дадасининг чойхонаси бор, зона отдих борда Қибрайда, шунинг ярмини отаси олиб приватизация қилиб чойхона қилган эди. Чойхонада бўлган, осиб қўйган кечаси келиб. Эрталаб кўриб қолишган¸ дейди ўзини марҳум амалдорнинг яхши танишларидан бири деб таништирган Озодлик манбаси.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири Қибрай туман ҳокимлигига сим қоқди. Гўшакни кўтарган ҳокимлик ходимаси Шавкат Тўраевнинг ўлганини тасдиқлади¸ аммо унинг ўз жонига қасд қилганини инкор қилди.

- Йўқ, йўқ, йўқ. Ўзларини осиб қўймаганлар. Юраклари ëмон эди уларнинг. Шунга кеча кечқурун оламдан ўтиб қолибдилар Тўраев Шавкат ака. Вилоятда ишлаëтган эдиларку. Кетганларига анча бўлди. Вилоят ҳокимиятига телефон қилиб билсангиз бўлади. Юраклари яхши эмас эди уларни. Ëшлари қирққа кириб қолгандилар¸ деди Қибрай туман ҳокимлиги ходимаси.

Тошкент вилоят ҳокимлиги қабулхонаси ходими Шавкат Тўраевнинг ҳокимликда ишлаб келганини тасдиқлай туриб¸ унинг ўлимидан бехабарлигини даъво қилди:

- Бизларда иқтисодиëт бошқармасида муовин бўлиб ишлаган¸ ишларди ҳозирги кунда ҳам. Билмадим нима бўлганини. Уни Тошкент вилояти ҳокими приëмнийси аниқ билиши шарт эмас менимча. Уни билмадим. Нима мақсадда сўраяпсиз, мен қаердан биламан? Ўзи хабарим йўқ, деди Тошкент вилоят ҳокимлиги қабулхонаси навбатчиси.

Шавкат Тўраевнинг ўз жонига қасд қилгани Қибрай туман ҳокимлиги ходими томонидан рад этилганига муносабат билдирган Озодлик манбаси¸ расмийларнинг ҳокимият мулозими ўлимига оид ҳақиқатни айтишдан тийилишдан ўзга чораси йўқ¸ дея муносабат билдирди.

- Сизга шунақа дейди-да, ўзига гап оладими булар. Бўшагин деган¸ бу бўшамийман¸ деб болницада ëтиб юрган эди. Болницага яна келиб бунга “ишдан бўшагин” деган. Кейин инсулт бўлиб, касал бўлиб юрган эди бечора. Осгани факт. Ростдан ҳам осган. Ярим маҳалла бордию жанозага¸ бугун пешинда чиқарди¸ деб таъкидлайди қибрайлик манба.

Шавкат Тўраев ўлимига оид тўлиқ тафсилотлар номаълум бўлиб турган бир пайтда¸ Озодлик манбаси¸ Тошкент вилоят ҳокимлиги расмийси¸ ҳокимликда бораëтган амал талашиш ëхуд бўлашиш жараëнининг қурбони бўлганини тахмин қилади.

-Сабаби¸ менимча амал талашиш. Ерлар сотилган эди, ўшангами ë бошқами. Ҳозир ҳаммага ер сотадику. Бир-икки йиллик гап бу. Ҳокимларни ҳам олиб ташлади шу туфайли. Бу гапим факт. Мен билан яхши эди у бола¸ таниш эди. Ҳали 50 ларга бормагандир. Болалари, аëли бор, отаси катта ишларда ишлаган одам¸ дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исми ошкор қилинмаслигини сўраган қибрайлик манба.

Озодликнинг бошқа манбалари август ойидан бери Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоят ҳокимлигида тергов-текширув олиб бораëтгани ва тергов давомида вилоят ҳокимлигининг қатор масъуллари қамоққа олинганини хабар қилган эди.

Ўзини Тошкент вилоят ҳокимлигидаги юқори даражали амалдорлардан бирининг яқини деб таништирган бу манбанинг айтишича¸ Тошкент вилояти ҳокимлигининг айрим масъул шахслари устидан очилган жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти олиб бормоқда.

Бу текширувлардан мақсад вилоят ҳокимига қарши компромат йиғиш эканини таъкидлаган ўзбекистонлик мулозим¸ вилоят ҳокимлиги қурилиш ишлари бўлимининг собиқ бошлиғи Баҳриддин Ақуловнинг август ойида ҳибсга олинганини айтган эди.

14 сентябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Баҳриддин Ақуловнинг ҳибсга олингани ва ҳокимликда прокуратура тергов ўтказаётганини тасдиқлаган эди.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг Иқтисодиëт бошқармаси бошлиғи муовини Шавкат Тўраевнинг 12 октябр куни ўз жонига қасд қилиши билан ҳокимликда бир неча ойдан бери бораëтган кенг кўламли текширувлар ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG