Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 15:41

Москвада меҳнат муҳожирлари муштлашди


Москва жануби-шарқидаги Марьино туманида меҳнат муҳожирлари ўртасида чиққан оммавий муштлашув оқибатида 4 киши шифохонага олиб кетилди. Москва Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жароҳат олганлардан бирининг юзига травматик пистолетдан ўқ узилган.


11 октябр куни кечки соат 11:30 ларда Москванинг Марьино тумани полиция бўлимига қўнғироқ қилган маҳаллий фуқаролардан бири Перерва кўчаси 8 уйдаги савдо маркази ёнида кўринишидан осиёликлар бўлган бир гуруҳ йигитлар муштлашаётгани ҳақида хабар қилди.

Интерфакс агентлиги хабарига кўра, оммавий жанжал оқибатида шифохонага олиб кетилган тўрт нафар меҳнат муҳожиридан икки нафари Тожикистон фуқаролари экани аниқланган.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази раҳбари Аркадий Баширов жанжал ўша манзилдаги бино қурилишида ишлаётган меҳнат муҳожирлари ўртасида чиққанини айтади.

- Биз муштлашув содир бўлгани ва уч киши касалхонага ётқизилганини тасдиқлаймиз. Ҳозирча қолган тафсилотларни ошкор қилмяпмиз, чунки оммавий ахборот воситаларида бунга миллий тус беришга уринишлар бўлмоқда. Тафтиш хулосалари эълон қилинмасдан туриб қарор чиқаришга шошилмасликка даъват этамиз,- деди Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси А. Баширов.

Айрим хабарларга кўра, оммавий жанжалда 20 дан ортиқ одам иштирок этган.

"Новости" агентлиги хабарига кўра, муштлашаётганларни ажратишга келган полициячилар ҳодиса жойида ташлаб кетилган автомашина ва травматик пистолет топиб олишган. Шифохонага ётқизилган гастарбайтерлардан бирининг юзига ўқотар қуролдан отилгани айтилмоқда.

Муштлашув содир бўлган жойда яшаб келган тожик меҳнат муҳожирлари нарсаларини олиб бошқа жойга кетишмоқда
Муштлашув содир бўлган жойда яшаб келган тожик меҳнат муҳожирлари нарсаларини олиб бошқа жойга кетишмоқда
Озодлик муштлашув содир бўлган жойда яшаган ишчилар ўз ётоқларидан чиқиб кетаётганига гувоҳ бўлди. Каттакон спорт сумкаларини кўтариб вагончалардан чиқиб келаётган муҳожирлардан бири Озодлик мухбирига мана буларни гапириб берди.

- Биз уччаламиз янги келганмиз. Бирдан улар бостириб келди, уруш бошланиб кетди. Тожик боллар дейишди. Биз ҳам янги келганмиз, ўзимиз қочиб қолдик. Эрталаб ҳозир бориб нарсаларни олиб келяпмиз. Уларни неча кишилигини билмадик, ўзи кеча ишга борган эдик, бир кун ишлаган эдик. Биз ўзи домларни атрофида фасадний ишларни қиламиз.

Бу йигитлар ҳам муштлашувдан кейин бир неча киши касалхонага олиб кетилганини тасдиқлашди.

- Қаттиқ жароҳат олмаган, шу кечки ётадиган пайтлар эди бостириб келганда. Биз вагонни ичида ухлаётган эдик. Энди ҳозир бошқа жойга кетяпмиз. Милиция ушлаганларни олиб кетди, қочгани қочиб қолди. Вагончаларда 20 кишича қолди, қолганларни ушлаб кетишди. Калтак еганлар ҳам бор, калласи ёрилган. Биз кечаси қочиб кетган эдик ҳозир бориб нарсалари олиб кетяпмиз,- дейди ўзини Маннон деб таништирган тожикистонлик бу йигит.

Маноннинг сўзларига кўра, вагончаларда асосан тожикистонлик ўзбеклар яшаган. Бу ишчиларнинг аксарияти шу мавзедаги бино қурилишига масъул ширкат вагончаларида яшаб келган.

Ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик ишчилар муштлашув тожикистонликлар ўртасида келиб чиққан ва жанжалга миллий адоватнинг алоқаси йўқ, дейди.

- Бу вагонларда ўзбекистонлик боллар турмайди, ҳаммаси Помирнинг бачалари. Улар бизларникидан алоҳида туради. Тожикистонни ўзбеклари – лақайлар ва қирғиз боллар туради. Ўзбекистонликлардан умуман ҳеч ким йўқ у ерда ишлаётган. Албатта бу ҳодиса ҳаммага минус-да,- дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.

Ҳодиса гувоҳлари ҳақиқатан машинада қандайдир одамлар келгани ва ундан кейин муштлашув чиққанини тасдиқлади. Улар бу ерда олдин ҳам бир неча бор бундай жанжаллар ва муштлашувлар бўлганини айтди.

Лекин, бу жанжал ҳақида хабар бераётган кўплаб оммавий ахборот воситаларида муштлашув тўртта вагончада яшаётган “Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида содир бўлган”ига ўрғу берилмоқда.

“Тожиклар миллий лигаси” ташкилоти раиси Каромат Шарипов Перерва кўчасидаги оммавий муштлашувга зинҳор миллий тус берилмаслиги кераклигини гапиради. “Бири бирига биродар бўлган ўзбек ва тожик миллатлари ўртасида низо солишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейди Озодликка Каромат Шарипов.

- Бундай низолар деярли ҳар куни содир бўлмоқда. Ўзиники ўзиникини ўлдиряпти! Даҳшат-ку бу! Ҳукумат тартиб ўрнатишни истамаса албатта айбдор бечора муҳожир бўлиб чиқади. Бизнинг йигитларимиз орасида ҳам саноқсиз миллий жинойи гуруҳлар пайдо бўлмоқда. 50, 100 долларга истаган одамингизни ўлдириб беришга тайёрлари бор. Лекин бундай маиший жанжалларга миллий тус берилишига мутлақо йўл қўймаслигимиз керак,- деди “Тожиклар миллий лигаси” раҳбари Каромат Шарипов.

Ҳозирда жанжал сабабчиларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG