Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

"Ўлим савдогари" - Виктор Бут устидан суд бошланди


Виктор Бут 2008 йилда Тайландда қўлга олинган эди.
Виктор Бут 2008 йилда Тайландда қўлга олинган эди.

Ню Йорк Федерал судида Россия армиясининг собиқ зобити, “Ўлим савдогари” лақаби билан танилган Виктор Бут устидан маҳкама бошланди. Бут ўзига қўйилаётган ФАРК (Колумбия инқилоб қуролли кучлари) жанггари гуруҳига ер-осмон русумли ракеталарни сотишга уринганлик бўйича айбловларни тан олмаслигини айтган. Қўшма Штатлар ФАРК гуруҳини террорчи ташкилотлар рўйҳатига киритган. Агар Бутнинг айби исботланса, унга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.


“Ўлим савдогари” лақаби билан танилган рус қурол савдогари Виктор Бут устидан ўтказилаётган суднинг биринчи кунида ҳакамлар ҳайъати аъзолари танланди.

44 ёшли Бут америкаликларни ўлдириш фитнасида иштирок этганлик, террорчи ташкилотга қурол сотишга уринганлик ва БМТ қурол эмбаргосини бузганликка оид айбловларни тан олмаган.

Бутнинг айби судда исботланса, унга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.


Россия армиясининг собиқ зобити 2008 йилда Тайландда АҚШнинг Наркотикларга қарши кураш агентлиги томонидан ўтказилган махсус амалиёт натижасида қўлга олинган эди. Ўшанда агентлик ходимлари ўзларини Бутдан ракета сотиб олмоқчи бўлган Колумбия Инқилоб қуролли кучлари – ФАРК аъзолари, деб таништирган эди.

Бут АҚШ террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган бу гуруҳга ер-осмон русумидаги ракеталарни сотишга уринганликда айбланмоқда.

У Қўшма Штатларга экстрадиция қилинмаслик учун икки йил давомида Тайланда расмийлари билан судлашди, лекин 2010 йилнинг ноябрида АҚШ ихтиёрига топширилди. Ўшанда Москва Вашингтонни халқаро қонунларни бузганликда айблади.

Бутнинг иши у қўлга олингандан бери матбуот диққат марказида бўлиб келди. Манҳэттандаги суд зали одамлар билан лиқ тўлди. Бироқ мухбирлар ичкарига киритилмади.

Ҳайъатнинг 12 аъзоси ва уч нафар заҳира аъзосини танлаш кутилганидан тезроқ якунланди. Суднинг ўзи бир ой давом этиши кутилмоқда.

Даглас Фараҳ собиқ журналист ва хавфсизлик масалалари бўйича консультант Бутнинг ҳаётига бағишланган “Ўлим савдогари” номли китоб ҳаммуаллифидир. Унинг айтишича, прокурорлар ўзлари илгари сураётган айбловларни исботлаш учун суд ихтиёрига Бутнинг америкаликларни ўлдиришдан қайтмаслигини айтаётган гаплари ёзилган аудио тасмани тақдим этиш ниятидадир.

- Унинг америкаликларни ўлдириш ниятида бўлган ва террорчи деб тан олинган ташкилотга қурол етказиб беришга тайёрлигини айтгани ҳал этувчи масаладир.

Фараҳнинг фикрча, суд олди эшитувларида терговчилар тақдим этган баъзи далиллар суд учун номақбул, деб топилганига қарамасдан, Бутнинг айбдор деб топилиши эҳтимоллари анча юқоридир.

- Прокурорлар тақдим этмоқчи бўлган далилларнинг кўпчилиги қайтарилмади ва булар орасида Тайландда Виктор Бут билан бўлган учрашув ҳамда кўплаб имейл ва телефон сўзлашувларда унинг ФАРК аъзоларига катта миқдордаги қуролларни етказиб беришга тайёрлигини айтганлари ҳам бор. Шунинг учун айблов томонининг позицияларига жиддий путур етказилган деб ҳисобламайман, судья чиқарган қарор уларга бироз зарар етказди холос.

Бутнинг адвокатлари ўз мижозлари ҳеч қачон қурол сотмагани ва қурол олди-сотдисида воситачилик қилмаганини айтиб келишмоқда. Уларнинг иддаосига кўра, Бут авиа ширкатга хўжайинлик қилган ва бу ширкат самолётлари қачондир қурол ташиш мақсадида ишлатилган бўлиши мумкин.

Суднинг биринчи кунида суд залида Бутнинг хотини ва қизи ҳамда Россиянинг Ню Йоркдаги консуллиги ходимлари ҳам бор эди.

Унинг хотини Алла бошиданоқ АҚШ расмийлари эрини ноқонуний тарзда таъқиб қилаётгани ва Бут устидан суд адолатли бўлишига ишонмаслигини айтиб келади.

Суд раиси Шира Шайндлин одатга зид тарзда ҳакамлар ҳайъатидан Бут ҳақида Интернет ёхуд бошқа манбалардан маълумот қидирмасликлари тўғрисида тилхат ёздириб олди.

Бут 2005 йилда Ҳолливудда суратга олинган “Уруш Худоси” фильми бош қаҳрамонининг прототипидир. Фильмда бош ролни машҳур актёр Николас Кейж ўйнаган.

Фараҳ Бут устидан ўтказилаётган суд, одатда холислик масаласи ўртага чиқадиган бошқа шов-шувли ишлардан фарқ қилмайди, дейди.

- Ҳакамлар ҳайъатини танлаш тизими яхши ишлайди ва менимча судья улардан Бут ҳақида маълумотларни ўқимаслик ва судга холис фикр билан келишни талаб қилиб, тўғри қилди. Менимча, Бут бу ерда адолатли суд бўлиши ҳақида хавотир олмаса ҳам бўлаверади, дейди “Ўлим Савдогари” китоби муаллифи Даглас Фараҳ.

Виктор Бут 1967 йилда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида туғилган.
XS
SM
MD
LG