Линклар

Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради. Бировлар хафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу! Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни. Шундай қилиб, навбат “Телевизор” рукни остидаги навбатдаги эшиттиришга.


Камера - зўр нарса.

Телекамерани айтаяпман. Сиз нимани ўйладингиз?

Телекамера - зўр нарса.

Терак узра ўрмалаб бораётган чумолини оддий кўз илғамай қолиши мумкин.

Камера илғайди. 3 сониягина давом этадиган кадрдан истасангиз чумолининг оёқларини санашга улгуришингиз мумкин.

“Ахборот”нинг 10 октябр кунги сонида, президентнинг Фарғона сафаридан тайёрланган репортажда кўрдим терак узра ўрмалаб бораётган чумолини.

Оёқларини санадим.

Фарғонани кўриб, Қўқонни кўриб кўзларим қувнади, дилларим яйради: бирам янги, бирам гўзал, бирам шинам.

Президентнинг икки йил аввалги кўрсатмаларига биноан барпо этилган бу гўзалликни эвазига мулкидан – уйлари, дўконларидан айрилиб қолган қўқонликларнинг Озодликка йиғлаганлари ёддан чиқди.

Зеро Ахборот мухбири эслатганидай, “Биз келажаги буюк давлат қуриш сари бораяпмизми, демак шунга муносиб тарзда тафаккуримизни ҳам ўзгартиришимиз лозим бўлади”.

Яқин ўтмишда буюк келажакнинг Коммунизм деган аниқ номи бўларди.

Лекин бу гал – сўнгги 20 йилдан бери айтишмаяпти келажакнинг номини. Айтиб қўйишса, ўзбеклар билиб қўйса яхши бўларди.

Номи ноаниқ қолаётган буюк келажакни қуриш учун президентнинг уқтиришича, мева-сабзавотни “Хом сотиш эмас, керак бўлса Ўзбекистонимизнинг ўзида буни сақлаган маҳсулотдан янада қайта ишлаб, янада айтайлик бунинг устида бош қотириб, унга, унинг нархига яна нарх қўшиш” лозим.

Тўппа-тўғри айтаяпти президент. Бу ишни аллақачон, мустақиллик эълон қилинган куннинг эртасигаёқ бошлавориш керак эди.

Ҳа, майли, ҳечдан кўра кеч...

Президент Фарғона сафари давомида янги корхоналарни бориб кўрди. Улар шу қадар янги-ки, ўриснинг ёғоч қошиғидай шу қадар ялтираб турибди-ки, президентнинг келишини кутишгани шу қадар билиниб турибди-ки, агар Ислом ака бормаса ишламай тураверармиди экан, деган хаёлга боради киши.

Ахир Ислом ака тумов бўпқолиши, Фарғонанинг ўрнига Қаршига кетвориши мумкин эдику, тўғрими?

Президент ахир! Қаерга хоҳласа ўшаққа боради!

“Ҳа” дегани хўжаси йўқ.

Камера йилт янги корхоналарни кўрсатиб ҳам кўзларни яйратди. Лекин кўзларни яйрата оладиган, чумолининг оёқларини санашга имкон ярата оладиган камера менинг – бир томошабиннинг барча саволларига жавоб топиб беролмади.

Президент бориб кўрган янги корхоналарда қанча одам ишлайди?

Уларнинг маоши қанча?

Шу корхоналар очилгани туфайли Россиядан қанча одам қайтиб келиб ишли бўлди?

Бу саволларга жавоб топиб беролмади камера.

Афтидан президент сўрамайди бу гапларни, сўраса тилсиз камера ҳам гапирворарди.

Тили бўлмасаям, кўзи ўткир камеранинг.

Кераклисиниям кўрсатади. Масалан, садоқат рамзини: президентнинг ўгитларига қулоқ солиб турарканлар бир акахон билан бир опахон ўнг қўллари кўксларида қотиб қолган, нафас олишмаяпти. Уларни кўраркан, кадр тугагунча нафасим қайтиб кетди, туриб бориб деразаларни очвордим – Прага кузининг салқин ҳавоси ўпкаларимни тўлдирди.

Керакли эмасиниям кўрсатади. Масалан, президент ўзи билан бирга Тошкентдан олиб келган вазирларига гап уқтирмоқда. Даврага орқа ўгириб тансоқчилар турибди. Тансоқчилар қўлида портфель. Шпион романларидан биламанки, ўша портфель бир силтанса бас – очилиб ичидан автомат чиқади – тарррр...

Шартмиди шу ваҳимани кўрсатиш, дейманда энди, мен бир содда томошабин.

Аслида Ўзбекистон президенти бориб етган жой “етти чақирим” наридан ўраб олинади. Қушлар ҳам ўша жой узра махсус рухсатномаси бўлсагина учиб ўтади.

Туғруқхонага йўл ўша жойдан ўтар бўлса, хотинлар туғмай туради ва буни ҳар бир ўзбекистонлик билади.

Бас шундай экан, ўша автоматчиларга на ҳожат?!

Уларни кўрсатишга на ҳожат?!

Уларни камера кўрсатар экан, мен – бир оддий томошабинда бояги акахон билан опахон президентни ҳурмат қилганидан эмас, автоматлардан қўрққанидан нафас олишмаяпти, ўқ отилса юрагимга тегиб кетмасин деб, қўлларида кўксида, деган бемаъни хаёл келади.

Уларни камера кўрсатар экан, президент ҳам бояги акахон билан опахоннинг содиқлигига ишонмайди, деган бемаъни хаёл келади.

Бемаъни хаёлларни четга сурамиз.

Чунки “Ахборот” бошловчиси айтганидай “Ҳар кун қуëш кўтарилиб оппоқ тонг отар экан, бу мустақил мамлакатнинг фуқаролари қалбида ҳам эзгу ниятлар, орзулар уйғонади”.

Ўзбекистондан бошқа юртларда эса, ҳар кун қуёш кўтарилиб, оппоқ тонг отар экан, фуқаролар қалбида тушкунлик уйғонади.

Буни “Ахборот” дастури Хориж хабарлари саҳифасининг кўзи ўткир камераси мунтазам кўрсатиб келади.

Фаросати оқсаган кўзи ўткир камера

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG