Линклар

АҚШ ва иттифоқчилари Эронга босимни кучайтирмоқда


Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонаси, 2011 йил 11 октябр.

Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонаси, 2011 йил 11 октябр.

АҚШ Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши режаланган суиқасд учун масъул экани айтилаётган Эронга нисбатан санкцияларни кучайтиришга таҳдид қилди.


Вашингтонда 12 октябр куни бўлиб ўтган анжуманда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши режаланган фитнага Эроннинг алоқадор экани ҳақидаги иддао Теҳроннинг терроризмга ҳомийлиги “хатарли даражада кучайгани”дан далолат эканини урғулади.

- Ушбу мантиқсиз ҳаракат халқаро нормалар ва халқаро тизимга путур етказади. Эрон ўз хатти-ҳаракати учун жавоб бериши керак. АҚШ Бош прокурори кеча эълон қилган чораларга қўшимча равишда Қўшма Штатлар ушбу фитнага алоқадор бўлган Эрон ҳукуматидаги шахсларга нисбатан санкцияларни кучайтирди, - деди АҚШ Давлат котиби.

11 октябр куни АҚШ расмийлари Эрон хавфсизлик хизматига алоқадор бўлган икки шахс Эроннинг кўрсатмасига мувофиқ “халқаро қотилларни ёллаб суиқасд уюштиришга уринганлик”да айбланганини эълон қилган эди.

Эрон ўз шаънига айтилаётган барча айбловларни рад қилмоқда.

Чоршанба куни АҚШ вице-президенти Жо Байден Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчисига қарши суиқасд режаларига Эрон жавобгар, деб айтди.

ABC каналининг “Good Morning America” дастурига интервю берган Байден Обама маъмурияти фитнага АҚШнинг жавоби юзасидан дунё фикрини бирлаштириш устида ишлаётганини маълум қилди.

Саудия Арабистони шаҳзодаси, Саудиянинг Вашингтондаги собиқ элчиси Турки ал-Файсал Эрон фитна учун “ҳақ тўлаши кераклиги”ни айтди.

АҚШ Молия вазирлиги Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига қарши фош этилган суиқасд режасига алоқадор бўлган Эроннинг махсус кучларини ташиган авиаширкатга нисбатан санкция жорий қилди.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, Mahan Air авиаширкати Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва Эрондаги Қудс ҳарбий қисмининг аъзоларини Яқин Шарқ минтақаси бўйлаб ташиган.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ билан телефон орқали сўзлашди. Икки давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида Саудиянинг АҚШдаги элчисига қарши Эрон қўллаб-қувватлагани айтилаётган, фош қилинган суиқасд режаси муҳокама қилинди.

Оқ уй эълон қилган баёнотда Обама ва қирол Абдуллоҳ иддао қилинаётган фитна “фундаментал халқаро меъёрлар, этика ва қонуннинг қўпол равишда бузилиши” эканини таъкидлагани маълум қилинган.

Ҳужжатда АҚШ ва Саудия раҳбарлари “халқаро ҳамжамият ушбу хатти-ҳаракат учун масъул бўлганларга қарши кучли ва муштарак жавоб қайтариш”га қарор қилингани билдирилган.

Британия Бош вазири Дэвид Камероннинг матбуот вакили Стийв Филд Лондон расмийлари Қўшма Штатлар ва бошқалар билан Эронга қарши янги санкциялар масаласини муҳокама қилаётганини билдирди.

Брюсселда Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсати мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Мая Кочиянчич фитна иддаолари ҳақида “жиддий хавотир” билдириб, Эрон ҳукуматини “АҚШ Адлия тизими билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш”га чақирди.

- Биз АҚШ Адлия тизими ушбу жиноий ишга тезда аниқлик киритишига ишонамиз. Агар фактлар тасдиқланса, бу “халқаро миқёсда жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин” бўлган халқаро қонуннинг бузилгани бўлади. Шу боис биз Эрон ҳукуматини АҚШ Адлия тизими билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирамиз, - деди Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддисининг матбуот котиби Мая Кочиянчич.

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер 11 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманида икки шахс, яъни АҚШ фуқаролигини олган Эрон паспортига эга бўлган Мансур Арбобсиёр ҳамда Эрондаги Исломий инқилоб посбонлари корпусининг Қудс кучлари аъзоси Ғулом Шакурий “қотиллар ёллаб, халқаро қотиллик содир этиш”да айбланаётганини эълон қилган эди.

Бош прокурорга кўра, Арбобсиёр АҚШ ҳукуматининг Мексикадаги махфий информаторлари билан бир неча марта учрашиб, уларни бир ярим миллион доллар эвазига Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси Одил Ал-Жубайрни ўлдиришга ёллаган.

Гумондорларга нисбатан айблов эълон қилинган Ню Йоркнинг Жанубий туман прокурори Прийт Бхарара буюртма ижрочиларига аванс тўлаш учун Ню Йорк банки орқали аллақачон 100 минг доллар пул ўтказилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида қатнашган Федерал тергов бюроси директори Роберт Мюллер, агар суиқасд режаси муваффақиятли амалга ошганида, ўнлаб одам нобуд бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG