Линклар

Тошкентда доимий прописка очилади...ми?

  • Садриддин Ашур

Президент фармони пойтахтда пропискани очиб берадими, йўқми ҳозирча мавҳум.

Президент фармони пойтахтда пропискани очиб берадими, йўқми ҳозирча мавҳум.

Тошкент шаҳри ва вилоятига фуқароларнинг доимий пропискасига рухсат берадиган комиссиялар тугатилди. Тошкентга вақтинчалик пропискага қўйиш тартиби ҳам бекор қилинди. Фармонга кўра энди фуқароларни пропискага қўйиш ишлари билан фақат ички ишлар бўлимлари шуғулланади.


Ўзбекистон президентининг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги паспорт тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги 22 сентябр куни имзолаган фармони Ўзбекистон матбуотида 13 октябр куни эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳар ва вилоятига Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган фуқароларининг доимий пропискага туриш учун рухсат олиш талаб қилинган аввалги тартиб бекор қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган фуқароларининг Тошкент шаҳар ва вилоятига вақтинча пропискага туриш тартиби ҳам бекор қилинди ва бундай шахсларга нисбатан келган жойида қайдга олиш тартиби жорий қилинди.

Аввал фуқароларнинг доимий пропискаси масалалари билан шуғулланиб келган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари қошида ташкил этилган махсус комиссиялар ҳам тугатилди.

Фармонга биноан, энди Тошкент шаҳри ва вилоятига келган фуқароларнинг доимий пропискаси ва қайдга олиниши жойлардаги ички ишлар бўлимлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Бу жараëнда фуқаролар ҳақлари таъминланиши ва қонун устиворлигини назорат қилиш, президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Бош прокуратураси зиммасига юклатилди.

Ўзбекистон Ички ишлар ва Адлия вазирлиги, шунингдек прописка жараëнига алоқадор бошқа идоралар бир ой ичида президентнинг мазкур фармони муносабати билан республика қонунчилигига ўзгартиш ва тўлдириш киритишга оид таклифларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиши лозим.

Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқамаси ходими Озодлик билан суҳбатда, қонунчиликка ўзгартиш киритилмагунча, вилоятликларни потйахтга доимий прописка қўйиш тартиби очилмаслигини билдирди:

- Ҳозир бу фармон бўйича Вазирлар маҳкамасининг қарори тайёрланяпти. Бу қарор чиққандан кейин у ижрога қаратилади. Бу фармоннинг қандай тартибда бажарилиши тўғрисида норматив актлар чиқади ва шундан сўнг бу ҳақда бирор аниқ нарса айтиш мумкин. Унгача биз ҳеч нарса деёлмаймиз,- деди Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган фуқароларни Тошкент шаҳрига пропискага қўйиш 1999 йил 16 феврал портлашларидан кейин тўхтатилган ва вилоятликлар пойтхатда доимий рўйхатдан ўтишлари учун шаҳар ҳокимлиги қошидаги махсус комиссия рухсатини олишлари керак эди.

Бунга қадар Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олган ҳар бир ўзбекистонликнинг пойтахтда доимий пропискага туриш ҳуқуқи бор эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG