Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:26

Ўзбекистонликлар "нурчиликда" айбланмоқда


Новосибирскда “Нурчилар” ташкилотига алоқадорликда айбланиб икки нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Улардан бири – Сибир истеъмолчилик кооперацияси университети доценти, айни пайтда Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари муовини, “Мадрасат-ул-Зеҳра” маданий-маърифий жамғармаси президенти Илҳом Меражовдир.


11 октябр куни Новосибирскда “нурчилар” ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган асли бухоролик бўлган Россия фуқароларига нисбатан жинойи қўзғатилди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Новосибирск вилояти Тергов қўмитаси ахборот маркази раҳбари, адлия катта лейтенанти Марина Кинжалова ҳозирча фақат бир киши ҳибсда сақланаётганини айтди.

- Тергов маълумотларига кўра, 2008 йилнинг май ойидан бугунга қадар икки нафар асли ўзбекистонлик Россия фуқаролари “Нурчилар” халқаро диний ташкилотида фаол ҳаракат қилиб келган. Туркиялик таниқли файласуф Саид Нурсий томонидан яратилган бу ҳаракат Россия Олий суди томонидан 2008 йилнинг апрел ойида таъқиқ қилинган. Ҳибсга олинганлар “нурчилик” таъқиқланганини билган ҳолда Новосибирск ҳудудида яширин тарзда С. Нурсий асарлари ва Россияда таъқиқланган бошқа экстремистик материаллар таржимаси, босмаси ва тарқатилишини йўлга қўйганликда айбланмоқда,- деди Новосибирск Тергов қўмитаси расмийси.

Марина Кинжалова бу шахсларнинг исмини ошкор этмаган ҳолда уларга нисбатан жорий йилнинг 11 октябрида Новосибирск вилояти Тергов қўмитаси томонидан Россия Жиноят Кодексининг 282.2 моддаси 1 қисми (фаолияти таъқиқланган жамоат бирлашмалари тузиш) юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Новосибирскда ҳисбга олинган икки ўзбекнинг бири Сибир истеъмолчилик кооперацияси университети доценти, Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари муовини, “Мадрасат-ул-Зеҳра” маданий-маърифий жамғармаси президенти Илҳом Меражовдир. Унинг рафиқаси Матлуба Меражова Озодликка буларни маълум қилди.

- Мен билмайман, учрашув беришмади, ҳеч нарса дейишмаяпти. Бугун иккинчи кун, балким бугун ёки эртага қўйиб юборишар. Аслида эрталабгача қўйиб юборишлари керак, билмадим энди,- деди Матлуба Меражова.

Унинг айтишича, турмуш ўртоғи Новосибирскда истиқомат қиладиган 20 га яқин бошқа мусулмонлар билан ошга йиғилган жойда ҳибсга олинган. Унинг уйида эса ўша куни кечқурун соат ўнларда тинтув ўтказилиб барча китоб ва компьютер техникаси мусодара қилинган.

Маълум бўлишича, “нурчилар” ташкилоти “аъзолари” ҳибсга олиниб, куни кеча қўйиб юборилган ўзбекистонликлардан яна бири бухоролик - Комилжон Одиловни кўргани унинг уйига боришган. Полиция, тергов қўмитаси ва федерал хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган амалиётдан кейин К. Одилов ва унинг меҳмонлари ҳам олиб кетилган, лекин кўп ўтмай мезбон билан И. Меражовдан ташқари барчаси қўйиб юборилган. Эрталаб К. Одилов ҳам озод қилинган. Комилжон ака Озодликка тергов изоляторида қолаётган домла И. Меражов билан боғлиқ вазият бугун узил-кесил ҳал бўлиши кутилмоқда дейди.

- 11 число эди, кечқурун меҳмонлар билан ош еяётган вақтда уйга келишди соат еттиларга яқин. Биз бир йигирма киши эдик, узоқ ва яқиндан келган меҳмонлар билан ош еяётган эдик. Шу овқат устида келиб кириб ҳаммамизни ерга ётқизиб ҳужжатларимизни бир-бир текширди. Мени уйимда эди бу, тинтув қилинди. Тергов қўмитаси, опергруппа, миллий хавфсизлик ходимлари эди. Бизнинг китоб шкафимиздан китоблар олинди, ҳамма сўроққа олиб борилди. Эрталабга яқин сўроқлар тугаб ҳаммани қўйиб юборди. Илҳом ака 48 соатга ушланиб қолди. Ҳозир Илҳом ака 2/48 рақамли изоляторда. Кеча бориб сўроқ қилинган. Кеч бўлиб қолгани учун бугунга қолдирилди. Бугун обеддан кейин яна сўроқ давом этилишига қарор қилинди. Аммо 48 соатли изоляторга бўлган муҳлат эрта эрталаб тугаши керак. Ҳали аниқ эмас – узайтирадими-узайтирмайдими, билмаймиз.

К. Одиловнинг айтишича, унинг уйига меҳмон бўлиб келганларнинг уйларида ҳам тинтувлар ўтказилган.

И. Меражов ўзининг исломий фаолияти учун иш жойидан бўшатилган, бироқ яқинда суд қарори билан Сибир истеъмолчилик кооперацияси университетида ишига тикланган эди.

У 1988 йилда Новосибирскка Бухородан келиб, Новосибирск Давлат университетининг механика-математика факультетини битирган. 2 йил магистратура ва 3 йил аспирантурада ўқиган. 1997 йилда номзодлик диссертациясини ёқлаган Илҳом Меражов Сибир истеъмолчилик кооперацияси университети доценти унвонига сазовор бўлган. 2003 йилда “Мадрасат-ул-Зеҳра” маданий-маърифий жамғарма ташкил этиб, Исломга оид маданий дастурларни амалга оширган, шу мавзуга оид нашрларни чоп эта бошлаган. 2008 йилда Новосибирск Тарихий масжиди жамоаси йиғинида Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари муовини лавозимига сайланган.

Уйланган, икки нафар фарзанди бор.

Озодлик доцент Илҳом Меражовнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG